Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:19

Қирғизистонда Конституция куни нишонланмоқда


Қирғизистонликлар жорий йилнинг 27 июн куни умумхалқ референдумида қабул қилинадиган янги конституция ўтган 17 йил давомида 7 марта ўзгартирилган конституциянинг энг мақбул варианти бўлишига умид қилмоқдалар.
Қирғизистонликлар жорий йилнинг 27 июн куни умумхалқ референдумида қабул қилинадиган янги конституция ўтган 17 йил давомида 7 марта ўзгартирилган конституциянинг энг мақбул варианти бўлишига умид қилмоқдалар.

1993 йилнинг 5 майида қабул қилинган қирғиз конституцияси шу кунгача 7 марта ўзгартирилди ва бу ўзгартишлар “демократия оролчаси” деб танилган Қирғизистонни авторитар давлатга айланаёзишига хизмат қилди.

Конституция куни арафасида 7 апрел куни 20 йиллик тарихида 3 марта инқилобни бошидан ўтказган Қирғизистоннинг янги конституцияси муҳокама қўйилди ва Конституциявий кенгаш иш бошлади.

Янги конституция муаллифлари янги бош қонун мамлакатда авторитар бошқарувга йўл қўймаслигини ва бош қонунни ўзгартириш механизми мураккаб бўлгани учун унга қўшимчалар киритиш деярли мумкин бўлмаслигини кафолатламоқдалар.

Конституция куни арафасида бошланган янги бош қонун муҳокамасида сўзлаган муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, жамоатчилик томонидан конституциянинг 20 та муқобил варианти ишлаб чиқилган.

- Ўрта маълумотлилар ҳам, олий маълумотлилар ҳам, билим савиясига қарамай, конституция лойиҳаларини ёзиб, олиб келишмоқда. 1993 йилда фақат Асқар Ақаев ва менгина конституция лойиҳасини парламентга тақдим қилган эдик. Бугун эса бизга 20 дан зиёдроқ лойиҳа келиб тушди. Конституцияга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар эса минглаб келмоқда. Биз буларнинг ҳаммасини системалаштириб, эътиборга олишга ҳаракат қиламиз, деди Ўмурбек Текебаев.

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги конституция лойиҳасига мувофиқ, Қирғизистон Марказий Осиёда парламент бошқарувига ўтган ягона давлат бўлиб қолади. Ҳукуматни парламент сайлайди, судларни адолатли судлов миллий қўмитаси тайинлайди. Лойиҳада президентнинг ваколатлари асосан парламент ва ҳукумат қабул қилган қарорларни имзолаш билангина чекланади. Президент бу қарорларни имзолашдан бош тортган тақдирда ҳам, улар уч кундан сўнг кучга кираверади.

Бундан ташқари, президентга айрим ҳуқуқлар берилган. Конституция лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Эркин Мамировнинг айтишича, бу ҳуқуқлар президентга парламент ва ҳукумат ўртасида ҳакамлик қилишга етарлидир.

- Муҳим масалалар президент орқали ҳал этилади. Масалан, президент марказий сайлов комиссиясининг учдан бир қисмини, аудиторлик палатаси аудиторларининг учдан бир қисмини тайинлайди. Шунингдек, Мудофаа вазири ва Миллий хавфсизлик хизмати раисини ҳам тайинлаш ҳуқуқига эга. Ташқи сиёсатни эса парламент белгилаб берган йўналишда олиб боради, деди Эркин Мамиров.

Янги конституцияга кўра, давлат раҳбарлари, жумладан, президент ва депутатлар ҳам дахлсизлик мақомига эга эмаслар. Бундан ташқари, президент ва унинг оиласи давлат ҳисобидан таъминланмайди. Президент барча қирғизистонликлар каби ойлик маоши ҳисобидан кун кечиради.

Муваққат ҳукумат раисаси муовини Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, янги конституция кучли ҳукумат, кучли парламент, кучли оппозиция, мустақил суд ва сўз эркинлиги принципи асосида ишлаб чиқилган. Яъни парламентда ҳеч бир партия 50 фоиздан ортиқ ўринни эгаллай олмайди.

Парламентдаги мухолифат Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва аудиторларнинг учдан бир қисмини тайинлайди. Парламентдаги бюджет ва ҳуқуқ-тартибот қўмиталарини мухолифат бошқаради. Парламент раиси ўринбосарлари мухолифат вакиллари бўладилар.

- Бу билан мухолифат партиялари ҳукуматни назорат қилиш имконига эга бўладилар, деди Ўмурбек Текебаев.

Шунингдек, янги конституцияда сўз эркинлиги кафолати ҳам мустаҳкамланган. Конституциянинг бу борадаги моддасида қайд этилишича, Қирғизистонда сўз эркинлигини чекловчи қонунлар ва қарорлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
XS
SM
MD
LG