Линклар

logo-print

Тайгадаги ўзбеклар бадарға қилинадиган бўлди


Қоп-қоп ваъда билан Россияга жўнатилган 60 дан ошиқ қашқадарëлик йигитнинг Россияга ҳижрати тугаш арафасида.

Қоп-қоп ваъда билан Россияга жўнатилган 60 дан ошиқ қашқадарëлик йигитнинг Россияга ҳижрати тугаш арафасида.

Красноярск ўлкасининг Богучанск туманидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қиссаси ўз якунига яқинлашмоқда. Красноярск Миграция хизмати махсус рейд натижасида қўлга олинганини таъкидлаëтган 56 киши суд ҳукмига кўра бадарға килинади.

Шу йилнинг 16 февралида Қашқадарё вилоятининг турли туманларидан бўлган бу йигитлар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси ва Иркутск шаҳридаги “Ташкент” фирмаси ўртасида тузилган шартномага кўра, Россияга олиб кетилди.

Жорий йилнинг 17 апрел куни Красноярск ўлкасидаги ёввойи ўрмонларида бир метрча қор босган майдонни кесилган дарахту шох-шаббалардан тозалашга маҳкум этилган 61 нафар қашқадарёлик бу муҳожирлар икки ойлик ишдан сўнг аҳволи оғирлашиб, Озодликка қўнғироқ қилиб ёрдам сўради. Озодлик мухбирлари Красноярск ўлкаси прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси, Миграция хизмати ва Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ходимларига уларнинг аянчли аҳволи борасида хабар берди.

Тайга қамалида қолган ўзбекистонлик муҳожирларга кўра, 23 апрел куни милиция ходимлари келиб улардан 34 кишини бир машинага юклаб олиб кетишган ва бир-икки километр юрганидан сўнг яна қайтариб олиб келиб қўйишган. Сабабини эса “сизларга бошқа машина келади”, деб изоҳлашган. 24 апрел куни улар 20-25 км йўл босиб ўзлари Богучанск Ички ишлар бўлимига мурожаат қилишган.

Икки кундан кейин улар суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, 2000 рублдан жарима тўлаб бадарға қилиш учун Красноярск шаҳрига жўнатилди.
Федерал Миграция хизматининг Красноярск ўлкаси бўйича бошқармаси тарқатган хабарга кўра, 2010 йил 23 апрел куни Богучанск тумани Федерал миграция хизмати маҳаллий ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган рейд натижасида Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган 56 нафар Ўзбекистон фуқаролари аниқланди. Улар ноқонуний ўтин тайёрлаш билан шуғулланган.

Ноқонуний меҳнат муҳожирларини “қўлга олишда” иштирок этган Богучанск Ички ишлар бўлими ходими меҳнат муҳожирлари ўзлари келган эдику деган эътирозимизни эшитиб, гапни қисқа қилди:
- У ерда нима бўлганини сизга шарҳламайман. Раҳмат! Хайр!...

Ёрдам истаб давлат идораларига ўз оёғи билан кириб борган ўзбекистонлик муҳожирлар нима асосда бадарға қилинаяпти, деган савол билан Федерал Миграция хизматининг Красноярск ўлкаси бўйича Бошқармаси матбуот раҳбари Елена Дейсадзе билан боғландик:
- Бизнинг маълумотимизга кўра, мазкур шахслар жорий йилнинг 25 февралидан 17 майга қадар Иркутск шаҳрида миграция қайдидан ўтган. Қабул қилувчи томон – “Ўзбекистонликлар иттифоқи” маъсулияти чекланган жамияти экани аниқланган. Иркутск шаҳрига келишидан 2-3 кун ўтиб, улар Тайшет шаҳри орқали Красноярск ўлкасининг Богучанск туманига “Ўзбекистонликлар иттифоқи” вакили томонидан келтирилган. Улар электр узатиш тармоғи ўтадиган жойларни дарахтлардан тозалашга жалб қилинган. Маҳаллий миграция бўлимига қайддан ўтиш учун улар мурожаат этишмаган. 24 апрел куни улар ўрмондан ўзлари чиқиб келишган. Улар озиқ-овқат билан таъминланмаган. Ҳозирда биз иш берувчининг қаерда эканини аниқламоқдамиз


56 кишининг барига маъмурий протокол тузилган ва судга топширилган. Суд ўзбекистонликлардан 46 нафарига Россиядан бадарға қилиш жазосини қўллаган. Ҳозирда барча муҳожирлар Красноярск ўлкаси Ички ишлар бошқармаси ҳибсҳонасида депортация қилиниш учун сақланмоқда. Қонунга биноан улар Россия Федерацияси ҳисобидан 10 кун муддат ичида бадарға қилинади,
деди Федерал Миграция хизматининг Красноярск ўлкаси бўйича Бошқармаси матбуот раҳбари Елена Дейсадзе.

“Ўзбекистонликлар иттифоқи” жамияти раҳбари Суюн Ориповнинг ҳозирда қаерда эканлиги ноъмалум қолмоқда. Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси раҳбари ўринбосари Ҳабибулла Қаҳҳоров эса ўзбекистонликларнинг Россиядан депортация қилинмаслигини билдирган эди.
Қашқадарёдаги муҳожирларнинг қариндош-уруғлари босимлари билан бюро вакили Умар Эшқобиловнинг Россияга учиб кетиши ваъда қилинган бўлса-да, жаноб Эшқобиловнинг ҳар ҳил баҳоналар билан ҳанузгача Қаршида юргани айтилмоқда. Бу хабарни муҳожирлардан бирининг яқини Икромжон етказди:

- Кеча бюронинг каттаси Эшқобилов Умар ака “Мен болаларнинг олдига учаман” деган эди. Бугун ҳам учгани йўқ. Қариндошларимиз борган экан “Мана бу ердан ҳам бўлмаяпти, мен кета олмаяпман”, дебди. Кейин мен юристга телефон қилдим. У “Мен бир-икки соатларда болаларнинг ёнида бўламан. Уларга айтиб сизга телефон қилдиртираман, деди.
Вазият нима бўлаётганини биз билмаймиз. 10 болани ишга жойлаштирганмиш. Бу аниқми ёки йўқми билмаймиз.
Озодлик: - Уларнинг ярми милицияхонада, деган хабар келди.
- Бизларга ҳам шундай деган эди. Озодликка чиққани учун болаларнинг қўлларидан телефонини олиб қўйган, деди. Милициялар олиб қўйган экан. Кечадан олдинги куни бизлар меҳнат биржасига борганимизда улар тоғалари қариндош-уруғларига “Илтимос уйдагиларга айт. 300 доллардан пул жўнатсин. Бизларни олиб кетмаса иложи йўқ, қийналиб кетдик”, деб болаларнинг ўзи айтди. Уларнинг ичида менинг акаларим, жиянларим, бўлаларим бор. Соғ, касал - бизлар ҳеч нарсани билмаймиз, деди Россиянинг Красноярск шаҳридаги Ички ишлар бўлимида сақланаётган қашқадарёлик меҳнат муҳожирларидан бирининг укаси Икромжон.

Муҳожирлар қариндошлари берган хабарга кўра, Красноярскдан қўнғироқ қилган муҳожирларидан бири милициядан қутулиш учун 300 доллардан пора сўрашганини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG