Линклар

Россиядаги муҳожир учун ким хавфли?


Мустақил кузатувчилар¸ Россиядаги аксар миллатчи гуруҳларнинг бевосита ҳукумат кўрсатмаси остида фаолият юрғизишини таъкидлашмоқда.

Мустақил кузатувчилар¸ Россиядаги аксар миллатчи гуруҳларнинг бевосита ҳукумат кўрсатмаси остида фаолият юрғизишини таъкидлашмоқда.

Россияда сўнгги йилларда сони кўпайиб бораëтган миллатчилик мафкурасидаги гуруҳлар¸ мамлакатга иш излаб келаëтган мигрантлар¸ хусусан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг рус халқи манфаатларига зиëн етказаëтганини даъво қилмоқда.


Петербургда «Славян иттифоқи» миллатчилик ҳаракатидан ажралиб чиққан жанговар гуруҳ раҳбари Станислав Гавриченков қўлга олинди. Россия Бош прокуратураси хабарига кўра, айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудида «Славян иттифоқи» ижтимоий-миллатчилик ҳаракати фаолияти тақиқланди. 27 апрелдаги Москва шаҳар суди қарорига биноан, ташкилот мафкураси фашистлар Германияси мафкурасидан кўчирма ва жамият учун хавфли деб топилди.

Россияда йирик миллатчилик ташкилотининг давлат томонидан тақиқланганига қарамай¸ баъзи мутахассислар фикрича¸ сўнгги йилларда Россияда миллатчилик ва ирқчиликка таянган гуруҳ ва ташкилотлар сони қўзиқориндек кўпайиб бормоқда.

Россияда 30 ортиқ йирик миллатчилик ҳаракатлари мавжуд бўлиб¸ бугунги кунда улардан тўрттаси тақиқланган, холос. 2005 йилда ана шу мафкурадаги барча рус миллатчи гуруҳлари ҳар йили 4 ноябр куни ўтказиладиган ягона «Рус марши» юришига бирлашди.

ДПНИ, РНЕ, Нацбол, «Славян иттифоқи», ЧС, РОНС, НДПР, «Православ Русь» - бу ташкилотлар қаторига сон-саноқсиз миллатчилик, ирқчилик ва неофашистик гуруҳлар киритилмаган.

Рус миллатчилигининг асосий мақсади нима? Улардан қай бири Россияга келаётган меҳнат муҳожирлари ва иммигрантлар учун хавфли?

Миллатчилик ҳаракатларидан ҳисобланган ДПНИ -Нолегал иммиграцияга қарши ҳаракати асосчиси ва раҳбари Александр Белов-Поткин ташкилотнинг Россия ишчи-меҳнаткашлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилганини айтади:

- Ўз номидан келиб чиққан ҳолда, бу ташкилот ноқонуний иммиграцияга қарши курашиш билан шуғулланади¸ ҳамда фаолиятимиз асосан уч йўналишда амалга оширилади: нолегал иммиграцияга қарши халқаро малака ва билимларни ўрганиш, мутахассислар ёрдамида фаолиятимизга оид қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва олий ва қуйи қонунчилик органлари депутатлари билан ҳамкорликда ўз дастуримизни амалга ошириш; муҳожирлар тўпланадиган жойлар ҳақида маълумот йиғиш, муҳожирлар ва маҳаллийлар ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган можароли жараёнларни олдини олиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш; сўнггиси, оммавий чиқишлар, юришлар, митинглар орқали ҳокимият идораларига таъсир ўтказиш.

Озодлик: Демак, ўз мақсадларингизга эришиш учун сиз куч ишлатишга қаршисиз?

- Тўғриси, мен Россияда зўравонлик қилувчи ташкилотларни умуман учратмаганман. Барча мамлакатлардаги каби, бизда ҳам 5-10 кишилик майда миллатчилик гуруҳлари мавжудки, улар зўравонлик қиладилар. Бу оддий безорилик. Ёшлари ҳам шунга яраша - 20 ёшгача. Бизнинг эса Россиянинг деярли барча федерал округларида ўз фирқаларимиз мавжуд. Чет элда ҳам бир қатор ташкилотларимиз фаолият кўрсатади. Бугунги кунда, менинг маълумотларимга кўра, 12 минг киши расман ДПНИ ташкилоти аъзолигига анкета тўлдирган. Лекин бундан ташқари бизга ҳайриҳоҳлар саноқсиз, дейди ташкилот асосчиси ва раҳбари Александр Белов-Поткин

ДПНИ ташкилоти аъзолари ўртача ёшининг 20 дан 25 ёшгача эканини айта туриб¸ ҳаракат мафкуравий курашининг нега айнан муҳожирларга қарши қаратилганинин изоҳлади:

- Чунки бу муаммо билан бевосита ҳеч қайси бир ташкилот бизгача шуғулланмаган. Мана шу 8 йиллик фаолиятимиз давомида биз ҳукуматнинг, жамиятнинг бу муаммога эътиборини қарата олдик¸ дер экан Белов-Поткин шахсан бундай ташкилотлар мавжудлигига ижобий қараши, чунки бу ҳам жамият аъзоларинингг дунёқараши, уларнинг фуқаролик иродаси эканлигини билдирди:

- Бундай дунёқарашнинг йўқлиги хавфлироқдир! Ҳар қандай фаоллик- бу яхши! дейди ДПНИ ташкилотининг асосчиси ва раҳбари Александр Белов-Поткин.

Россиядаги миллатчилик гуруҳларидан яна бири РНЕ- Рус миллий бирлиги ҳаракати мафкурачиси ва бошқарувчиси Александр Баркашов ДПНИ, Славян иттифоқи, Лимоновнинг Миллатчи-большевиклар ва бошқа миллатчилик ташкилотлари ўз ҳаракатини бадном қилиш ва обрўсизлантириш мақсадида Путин ҳукумати томонидан тузилганини даъво қилди:

- Бизнинг мақсадимиз: рус халқини православие ғояси атрофида бирлаштириш. Сон- саноқсиз пайдо бўлаётган ташкилотларнинг аксарияти эса сохта. Ман сизга айтишим мумкинки, ДПНИ ташкилотини бошқараётган Белов ҳукумат томонидан сунъий яратилган шахс. Бир вақтлари шу ном билан ташкилот тузишни менга ФСБ ходимлари таклиф этган эдилар. Мен уларни қувиб чиқарганимдан ярим йил вақт ўтиб, ДПНИ ташкилоти пайдо бўляпти. Телевидениеда фақат шулар, митинглар.. Хуллас, Белов ва унга ўхшаганларнинг барчаси юқоридан бошқарилиши аниқ.

Озодлик: Александр Петрович, сиз ўз фаолиятингиз натижасида Россия бўйлаб миллатчилик ва ирқчилик тўлқини ëйилишидан қўрқмайсизми?

-Йўқ. Рус халқи кўтарилса, мен ўз халқим билан бир қаторда бўламан. Лекин мен халқимизни ҳукумат тайёрлаётган қопқонга тушишидан эҳтиёт бўлишига даъват этаман. Чунки Россияга келаётган ўзбек ёки тожиклар ўзларидаги очликдан қочиб келган. Уларда айб йўқ! Лекин ўзимиздаги очарчиликда яшаётган одамлар кам деб ўйлайсизми?! Бу ҳукуматимиз айби! Чегаралар очилди: наркотиклар, терроризм, жиноятчилик босди ҳамма ёқни. Ҳокимият хоҳлаганда эди, барча эмигрантлар, наркотик моддалар каби муаммоларни қонуний йўл билан йўқ қилиш мумкин. Ҳукумат буни истамайди¸ дейди Рус миллий бирлиги ҳаракати мафкурачиси ва бошқарувчиси Александр Баркашов

Рус миллатчилигининг «кураш» усулларидан бирига айланиб бораётган «қора рўйхатлар»га кўплаб сиёсатчилар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари номлари киритилмоқда. Яқинда Москвада отиб ўлдирилган судя Эдуард Чувашов ҳам миллатчиларнинг рўйхатларида жой олганлиги тўғрисида хабар берган эдик.

Бу рўйхатлар ҳақида Озодликка гапирган Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси вакили Семен Чарийнинг айтишича, сўнгги йилларда миллатчилик ҳаракатининг Россия ҳукумати саъй-ҳаракатлари билан анча сустлашгани кузатилмоқда:

- Сўнгги уч йилни ҳисобга оладиган бўлсак¸ рақамлар қуйидагича: 2008 йилда бизда 75 яқин (2007 йилга нисбатан деярли 2 баробар ошган эди), 2009 йили биз миллий адоват асосида қотилликлар камайганини кузатдик - ўлдирилганлар сони тахминан 80 яқин, лекин биз йиллик ҳисобда 300-400 нафарга яқин хужумлар бўлганини ҳисобга олишимиз зарур.

Шуни таъкидлаш зарурки, йирик миллатчилик ҳаракатларидан бирортаси ҳам Россияда содир этилган қотилликларга расман алоқадор эмас, чунки акс ҳолда улар жавобгарликка тортилган бўларди. Улар фақат мафкура яратадилар. Қотилликлар эса асосан майда 5-10 кишилик майда кўча гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Улар ҳақида эса биз фақат жиноят содир этилгандан кейингина билмоқдамиз, холос, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси вакили Семен Чарий.

Россия Прокуратураси тергов комитети берган хабарга кўра, сўнгги 5 йил мамлакатда миллий адоват асосида содир этилган қотилликлар сони бир неча баробар ошгани кузатилмоқда. Мазкур муассаса раҳбари муовини Василий Пискаревнинг айтишича, 2005 йилда бундай жиноятлар сони 152 бўлса, 2009 йилда - 548 та қотиллик содир этилган.

Миллатчилик ва ирқчилик асосида содир этилган жиноятлар¸ асосан¸ вояга етмаганлардан иборат неонацист ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда. Тергов қўмитаси маълумотига кўра, скинҳедлар ёки тақирбошлар фаоллиги асосан Москвада, Петербургда, Свердловск, Ульяновск ва Ярославль вилоятларида кузатилган.

"The Independent" газетаси маълумотига кўра, 60 % зиёд россияликлар “Россия руслар учун” шиорини қўллаб-қувватлашларини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG