Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:32

Грециядаги бўҳрон қурбонларга сабаб бўлди


Грециядаги намойишлар зўравонликка айланиб кетгани оқибатида уч киши ҳалок бўлди.
Грециядаги намойишлар зўравонликка айланиб кетгани оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Чоршанба куни Греция пойтахти Афинада ҳукуматнинг давлат ҳаражатларини қисқартириш чораларига қарши норозилик намойишларининг зўравонликларга айланиб кетиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Греция бош вазири Георгиос Папандреу парламентда қилган чиқишида Афинадаги тартибсизликлар пайтида уч кишининг ҳалок бўлишига олиб келган воқеани “қотиллик”, дея қоралади.

- Бегуноҳ уч фуқаромизнинг ҳалок бўлганидан ҳаммамиз даҳшатга тушдик. Бу фуқаролар қотиллик қурбонлари бўлди. Зўравонликнинг қуюшқонидан чиқиши ана шундай оқибатларга олиб келади, сиёсий масъулиятсизлик оқибатлари шундай бўлади, деди Греция ҳукумати раҳбари.

Полицияга кўра, ҳалок бўлганлар норозилик иштирокчилари ёнилғи солинган шишалар отгани оқибатида ёнғин чиққан банк биноси ичида бўлган.

Зўравонликларга айланган намойишлар ҳукуматнинг давлат харжларини қисқартириш чоралари, жумладан, ўн миллиардлаб доллар миқдорида солиқ солиш, пенсияларни қисқартириш ва маошларни музлатиш қарорига қарши ўн минглаб грецияликлар 24 соатлик иш ташлаш эълон қилган пайтида рўй берди.

Афина кўчаларида полиция кучлари ва намойишчилар тўқнаш келди. Мамлакат парламенти олдига тўпланган намойишчилар парламент биносини ишғол қилишининг олдини олиш мақсадида полиция қўрқитувчи гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газни ишга солди.

Греция ҳукумати, Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатни бўҳрондан чиқариш мақсадида таклиф қилган 110 миллиард евро миқдоридаги ёрдамни олиш учун давлат харажатларини қисқартириш чораларини кўришни ваъда қилган.

Ишчи-хизматчиларга ўн миллиардлаб доллар миқдорида солиқ солиш, пенсияларни қисқартириш ва маошларни музлатишни кўзда тутувчи чораларга қарши чоршанба куни давлат хизматчилари ва хусусий тадбиркорлар иш ташлаш эълон қилди.

Давлат идоралари ва хусусий тадбиркорларнинг аксарияти ишга чиқмагани боис мамлакат мутлақ фалаж аҳволга келди.

- Биз бу чоралар жорий қилинишини тўхтатамиз. Бугун бўлмаса, эртага тўхтатамиз, дейди иш ташлаб, норозилик намойишларига қўшилган грецияликлардан бири Лета Метониой.

Греция молия вазири Георгиос Папаконстантину харажатларни қисқартириш аҳоли учун оғриқли бўлишини эътироф этади. Унинг айтишича, амалга оширилажак дастур “ўта мушкул” бўлади ва вужудга келган бўҳрон учун масъул бўлмаган кўплаб одамлар турмушига салбий таъсир қилади. Лекин, молия вазирига кўра, Греция икки йўлдан бирини танлаши керак: ё таклиф этилаётган қутқарув режаси амалга оширилиши лозим ёхуд греклар давлатнинг касодга учрашига рози бўлиши даркор.

Айни пайтда Германия канцлери Ангела Меркел мамлакат парламентини қутқарув режасини маъқуллашга кўндириш учун эҳтиросли нутқ билан чиқиш қилди. Меркелга кўра, гап “Европанинг келажаги”, хусусан, ягона пул бирлиги евронинг тақдири ҳақида кетаяпти. Германия раҳбарининг таъкидлашича, Европанинг муаммоларни қўл учида ҳал қилиш одатидан воз кечиш пайти келди.

- Европангинг барча 27 аъзоси ва евро пул бирлиги зонасига кирувчи 15 давлат ҳозир чорраҳада турибди. Европа аввалгидай муаммоларни шунчаки қўл учида ҳал қилиш йўлини танлаши керакми-йўқми, деган қарорни қабул қилиши керак. Бундай ёндашув туфайли бу муаммолар тегишли тарзда ҳал қилинмай келди ва кўпинча, "ҳаммаси бир кун келиб ўз изига тушиб кетади" қабилидаги умидлар берилиб келдик, деди канцлер хоним.

Қутқарув режаси Грециянинг хатоларини тўғрилаш харажатларини ўз бўйнига олишни истамаётган немис жамоатчилиги орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Грецияга таклиф қилинаётган ёрдамнинг каттагина қисми – қарийб учдан бири немис солиқ тўловчиларининг пулларидан иборат. Бу режани маъқуллаш масаласи жума куни овозга қўйилади.

Грецияга берилаётган ёрдамнинг самаралилигига оид шубҳалар туфайли жаҳон молия бозоридаги асабийлашув давом этмоқда.

Чоршанба куни Брюсселда Европа Иттифоқининг Иқтисодий ва валюта масалалари бўйича комиссари Олли Рейн эҳтиросларни бостириш уринди.

- Грецияга таклиф этилаётган қутқарув пакети Грециянинг эҳтиёжларини қоплашни кўзда тутувчи омиллар асосида жуда синчковлик билан ҳисоблаб чиқилган. Ишончим комилки, евроҳудудга кирувчи мамлакатлар таклиф қилаётган 80 миллиард евро ва Халқаро валюта жамғармаси бераётган 30 миллиард евро, жами 110 миллиард еврога тенг маблағ яқин йилларда Греция эҳтиёжларини қоплаш учун етарли бўлади, деди Европа Иттифоқи расмийси.

Грециядаги бўҳрон туфайли сешанба куни Европа ва Уолл Стритдан тортиб Осиёдаги биржаларида катта йўқотишлар кузатилди. Евро кейинги бир йил ичида долларга нисбатан рекорд даражада арзонлади. Чоршанба куни 1 евро 1,29 АҚШ долларидан ҳам арзонроққа сотилди.

Инвесторлар Грецияни қутқариш режаси иқтисодий аҳволи ҳаминқадар бўлиб турган евроҳудуднинг яна икки давлати - Испания ва Португалияда ҳам бўҳрон юзага келмасгини кафолатлай олмаслигидан хавотир билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG