Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:24

Душанбеда уяли алоқа тарғиботи тўхтатилди


Душанбе расмийлари уяли телефонларни уяли алоқа ширкатлари рекламасини тўхтатиш билан зарарсизлантирмоқчига ўхшайди.
Душанбе расмийлари уяли телефонларни уяли алоқа ширкатлари рекламасини тўхтатиш билан зарарсизлантирмоқчига ўхшайди.

Душанбе шаҳар ҳукумати матбуот хизмати бошлиғи Шавкат Саидовнинг билдиришича, 3 майдан эътиборан шаҳар кўчалари ва хиёбонларидан уяли телефон ширкатларига тегишли барча турдаги тарғибот плакатлари олиб қўйилаяпти.

- Мазкур қарор ўтган ҳафтада шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев томонидан имзоланиб, бундан кўзланган мақсад мобил телефонларга қизиқиши ортаётган ўсмирлар саломатлигини ҳимоялаш ва улар хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир, дер экан Шавкат Саидов бу ҳужжат уяли телефон ширкатлари фаолиятига зарар етказмаслигини таъкидлади.

Расмийга кўра, мобил телефонлар рекламасини тўхтатиш борасидаги тадбир давлат раҳбарининг парламентга сўнгги мурожаатида қўл телефонларининг ўсмирлар ва ёшлар саломатлигига зарарларидан ташвиш билдириши ортидан бошлаб юборилган.

Мазкур мурожаатида Имомали Раҳмон аҳоли телефон учун ортиқча сарф-харажат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

- Мамлакатда мобил телефонлардан фойдаланувчилар сони тахминан 6 миллион ва интернетдан фойдаланувчилар сони эса 500 мингдан ошган. Алоқа операторларининг йиллик даромади 1 миллиард 400 миллион сомонийни ташкил қилади, дея ўзидаги маълумотлар билан ўртоқлашар экан президент Раҳмон, уяли телефонлар ширкатлари кўраётган даромад кўпроқ мамлакат ташқарисига олиб чиқиб кетилаётганини қистириб ўтганди.

Президент Раҳмон нутқидан сўнг давлат телевидениеси ва радиоларида уяли телефонларни тарғиб қилиш тўхтатилиб, унинг ўрнига телефонлардан фойдаланиш зарарлари тўғрисидаги дастурлар эфирга узатила бошланди.

Тожикистон давлат телевидениеси иддаоларига кўра, уяли телефонлардан фойдаланувчилар турли касалликлар, жумладан, саратон касаллигига дучор бўлиши мумкин.

Аммо ҳозиргача Тожикистонда уяли телефонларнинг инсон саломатлигига зарарлари ҳақида бирорта тадқиқот ўтказилгани кузатилмайди.

Аснода Тожикистондаги йирик ширкатлардан бири саналган “BABILON” раҳбари Беҳзод Файзуллоев Душанбе шаҳрида бошланган тадбирдан хабарсизлигини айтди.

- Биз бу борада шаҳар ҳокимлигидан бирорта расмий мактуб олганимиз йўқ. Қўлимда бу маълумотларни тасдиқловчи бирор ҳужжат бўлмагани учун бу борада гапира олмайман, деди Файзуллоев.

Тожикистондаги уяли телефонлар ширкатлари уюшмаси раҳбари Ғаюр Эркаев Душанбе шаҳрида бошланган тадбирдан деярли ҳамма ширкатлар хабардор эканларини ва уларнинг бу тадбирни изоҳлашдан тийилишларида асос борлигини таъкидлайди.

Суҳбатдош ҳукумат қароридан норозилигини яширмас экан, бу қарор ортидан давлат бюджетига катта зиён етиши табиийлигини таъкидлади.

- Реклама савдони ҳаракатлантирувчи куч, реклама тараққиёт сари элтувчи куч. Мобил телефон ширкатлари рекламалари туфайли давлат бюджетга жуда катта фойда тушиб турган эди. Масаланинг бошқа томони шуки, айнан шу реклама туфайли мамлакатда соғлом рақобат мавжуд эди. Менимча, бу қарор нафақат ширкатларимизга, балки давлат бюджетига, аҳоли турмуш тарзига ҳам албатта салбий таъсир кўрсатади, деди Тожикистондаги уяли телефонлар ширкатлари уюшмаси раҳбари.

Тожикистонлик иқтисодчи, таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров ҳам бу фикрларни қувватлайди:

- Бу ширкатларни тарғиб қилишни чеклаш ўта бемаъниликдир. Бунинг ўрнига ҳукумат ўша телефонларнинг инсон саломатлигига зарарлари билан боғлиқ тарғибот ишларини йўлга қўйса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Фуқаролар ўзлари қайси телефон зарарли ва қайсиниси фойдали эканини ўзи белгилаб олаверади, дейди иқтисодчи Умаров.

Унга кўра, уяли телефонлар ширкатларини тарғиб қилишни таъқиқлаш Тожикистон жорий қонунларига ва бозор иқтисодиёти талабларига зиддир.

Тожикистондаги мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов ҳукумат янги қарорида сиёсий мотивни кўради.

- Бу ерда сиёсий мотив борлигини тан олиш лозим. Зеро, мобил телефонлар орқали мамлакат ичкарисида юз бераётган муҳим ҳодисаларни халқаро ҳамжамиятга етказиш мумкинлигини Эрон ва Қирғизистон тажрибалари кўрсатди. Лекин ҳукумат расмийлари шуни ҳам унутмаслиги лозимки, ҳар қандай демократик давлатда яшаётган киши нима зарарли ва нима фойдали эканини ўзи белгилаб олиш ҳуқуқига эгадир, дейди ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимов.

Кузатувчи фикрича, уяли телефонлар бугунги кунда аҳоли орасида энг муҳим алоқа ва ахборот алмашиш воситаси саналади.

- Шуни яхши англаган расмийлар шундай бир ҳужжатни ишга солиш баробарида ахборот олиш эркинлигини бўғиб қўйишга бел боғлагани эҳтимолдан йироқмас, дея мулоҳаза билдиради кузатувчи.

Айни пайтда Тожикистонда олтита уяли телефон ширкати фаолият юритади. Уларнинг аксарияти хорижлик ширкатлар сармояси эвазига ташкил қилинган.
XS
SM
MD
LG