Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:05

Назарбоевга элбоши мақомини беришмоқчи


Қозоқ мухолифати вакиллари Нурсултон Назарбоевни ҳар томонлама муҳофазалаш бўйича қонунчилик ташаббуслари президентнинг изн-ихтиёри билан амалга оширилаётганини таъкидламоқдалар.
Қозоқ мухолифати вакиллари Нурсултон Назарбоевни ҳар томонлама муҳофазалаш бўйича қонунчилик ташаббуслари президентнинг изн-ихтиёри билан амалга оширилаётганини таъкидламоқдалар.

Қозоғистонлик депутатлар президент Нурсултон Назарбоевнинг 70 йиллик юбилейи арафасида уни ҳар қандай жавобгарликдан озод қилиш бўйича мамлакат конституциясига ўзгартиш киритишни таклиф қилмоқдалар.

5 май куни бўлиб ўтган Қозоғистон парламенти қўйи палатаси ялпи мажлисида депутатлар Нурсултон Назарбоевни бир умрлик миллий лидер сифатидаги мақомини қонунийлаштириш ташаббусини илгари сурдилар.

- Миллий лидер масаласи жамиятимизда анчадан бери муҳокама қилинмоқда. Бизнингча, бугунги воқелик давлат раҳбарининг сиёсий-ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича конституциявий меъёрларни қайта кўриб чиқиш ва биринчи президентнинг конституциявий мақомини барча бирдек тан олган миллий лидер мақомига мувофиқлаштиришни талаб қилмоқда, деди мазкур қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири, депутат Амзибек Жўлшибеков.

Депутат Рўзиқул Холмуротов эса Қозоғистон биринчи президенти тўғрисидаги амалдаги қонун давлат раҳбарининг давлат асосчиси сифатидаги ролини тўла белгилаб беролмаслигини таъкидлади. Шу боис, Холмуротовга кўра, айни пайтда Қозоғистон биринчи президентининг ролини аниқ белгилаб олиш мақсадида депутатлар томонидан иккита қонун лойиҳаси тайёрлаш қарорига келинган.

- Назарбоев биринчи президент сифатида, Қозоғистон республикаси янги давлатчилигининг асосчиси сифатида ўз меҳнати билан бугун биз эгадорлик қилаётган муваффақиятларнинг барчасига эришди, деди депутат Холмуротов.

Айни пайтда иккала қонун лойиҳаси ҳам қозоқ парламенти қўйи палатаси томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинган, улар бўйича якуний хулосалар 25 июнга қадар тайёрланиши режалаштирилган. Ҳар иккала қонун ҳам президент Нурсултон Назарбоевнинг ўзи билан мувофиқлаштирилиши керак. Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 6 июл куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 70 ёшни қаршилайди.

Шуни қизиқки, янги қонун лойиҳаларида Нурсултон Назарбоевга бир умрлик миллий лидер мақомини беришдан ташқари, уни ҳукмронлиги пайтида содир этган ҳаракатлари учун жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш бўйича мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш ҳам таклиф қилинган. Кузатувчилар бу орқали Нурсултон Назарбоев Қозоғистон тарихидаги жавобгарликдан мутлақо озод қилинган биринчи миллий лидер бўлиб қолишини қайд этмоқдалар.

Қозоқ парламенти қуйи палатаси депутатлари кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасига президент ва унинг оила аъзолари мол-мулки дахлсизлигини кафолатлаш бўйича ҳам қўшимча ва ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқдалар. Қозоқ депутатларига кўра, бу ташаббус уларнинг шахсий мулоҳазалари натижаси бўлиб, бу президент Нурсултон Назарбоевнинг таваллуд айёмига совға сифатида кўрилмаслиги керак.

Аммо Қозоғистон коммунистик партиясининг собиқ раиси, мухолифатчи Серикбўлсин Абдилдин фикрича, бу ташаббус шахсан президент Назарбоев топшириғи асосида амалга оширилаётибди.

- Аввал Назарбоев ўз хавфсизлигини ўйлаб, “Биринчи президент тўғрисида”ги қонунни қабул қилдирди. Ўша пайтда биз депутат эдик, бу ташаббусга қанча қарши чиқмайлик, Қозоғистонда “Биринчи президент тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўша қонунга ҳам Назарбоев президентлиги даврида ва у истеъфога кетганидан кейин ҳам унга дахл қилмаслик каби моддалар киритилган. Янги қонун лойиҳаси киритилаётгани эса Назарбоевнинг кўпгина жиноий ишларга алоқаси борлиги ва у келажакда шундан хавфсираётганини англатади, дейди Серикбўлсин Абдилдин.

Мухолифатдаги бошқа бир сиёсатчи Амиржан Қўсанов эса президент Нурсултон Назарбоевга миллий лидер мақомини бериш ҳамда унинг ва оила аъзоларининг мол-мулки дахлсизлигини қонун асосида кафолатлаш қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар билан ҳам алоқадор эканини айтади.

- Президент атрофидаги одамлар Қирғизистон ва қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бораяптилар. Улар Қозоғистонда президент Назарбоевни ҳар тарафлама ҳимоя қиладиган қонунни қабул қилдириш орқали нафақат президентнинг, балки ўзларининг ҳам хавфсизлигини кафолатлаб олмоқчилар. Эртага Нурсултон Назарбоев билан бирор нохуш ҳодиса содир бўлса, бу унинг атрофидаги элита ва уларнинг мол-мулкига ҳам салбий таъсир этиши мумкин. Шу боис, ўйлашимча, бундай қонун лойиҳалари сиёсий элита томонидан илгари сурилаяпти, дейди Амиржан Қўсанов.
XS
SM
MD
LG