Линклар

Қирғизистонлик ўзбек лидерлари аҳоли билан учрашаяпти

  • Шерзод

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарлари билан учрашган ўшлик ўз муаммолари ҳақида гапирдилар.

Қирғизистондаги Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарлари билан учрашган ўшлик ўз муаммолари ҳақида гапирдилар.

Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий маркази раҳбарлари ўз миллатдошларини шу йилнинг 27 июнига белгиланган янги конституция лойиҳаси юзасидан ўтказилажак референдумда фаол иштирок этишга чақирмоқда.

Шу йилнинг 5 май куни Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Муродхон Собиров мактабида Республика ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддинов, Республика ўзбеклар миллий-маданий маркази президентлари Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов ва Каромат Абдуллаевалар ўшлик ўзбеклар билан учрашиб, уларни янги конституция бўйича 27 июнга белгиланган референдумда фаол иштирок этишга ва конституция янги лойиҳаси юзасидан таклифлар киритишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Қирғизистонда Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ёйинланганди. 27 июн куни ўтказилажак референдумда умумхалқ ҳукмига ҳавола қилинадиган мазкур лойиҳага қирғизистонликлар томонидан тушган таклифлардан келиб чиқиб, 19 майгача бир қанча ўзгартишлар киритилиши мумкинлиги айтилганди.

Ўзбек лидерлари билан учрашувга келган ўшлик ўзбеклар сони мингдан ошди.
Ўзбек миллий маркази лидерлари билан бўлган учрашувда мингдан зиёд ўшлик ўзбек иштирок этди. Унда конституция бўйича таклифлар асосан ёзма шаклда топширилди.

Сўзга чиққан ўшлик ўзбекларнинг аксарияти асосан ўзбек лидерларининг бирлаша олмаётгани, Қирғизистон республика ўзбек миллий-маданий маркази биносини қурилиши тўхтаб қолгани, ўзбек мактабларда китобларнинг етишмаслиги, кадр масаласи каби бугунги кунда мавжуд бўлган ўзбекларнинг муаммоларини тилга олишди.

- Конституцияга конкрет масала киритайлик, биз тил масаласини десак, қўллашмаяпти. Ўзбек тили ҳеч бўлмаганда мана бу жанубий вилоятларда регионал тилга айлантирилсин, деган масалани киритайлик, дея таклиф қилди сўзга чиққан ўшлик ўзбеклардан бири.

Сўзга чиқаётган нотиқларнинг ҳар бири ўз дарди ҳақида гапира бошлаши кўп вақт олгани сабабли Республика Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров йиғилганлардан учрашув мавзусидан чалғимасликни илтимос қилди.

- Бу ерни сиёсий аренага айлантириб олмайлик, сайловга боргандан кейин ҳар қанча гап бўлса гаплашаверамиз. Мен атай келганимни сабаби Ўшда ташкилий масалаларни муҳокама қилиш. Ҳозирги бўладиган сайловларга қанақа тайёргарлик бор ва кимлар шу ерда? Штаблар тузилган бўлса, штаб раҳбарлари бўлса, ўша рўйхатларни килиш. Биз бўладиган ишни қилайлик. Мана бу сайловолди ишларни қилиб олсак, ҳар қанча сиёсий баёнотимиз бўлса, кейин қилаверамиз, деди Қодиржон Ботиров.

Учрашувда иштирок этган миллий марказ вакиласи Каромат Абдуллаева Республика Ўзбек миллий-маданий маркази ходимлари Ўшдаги нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзолари билан суҳбатлашиб, Конституция янги лойиҳаси бўйича ўз таклифларини киритганини ва муваққат ҳукумат вакиллари томонидан ушбу таклифлар инобатга олиниши айтилганини билдирди.

- Янги ҳукуматни тўла қўллаймиз демаймизу, ҳозирча ишонч билан қўллаймиз. Мен муваққат ҳукуматдаги эркакларини танимасам ҳам, Рўза Ўтунбаева билан бир мактабда ўқиганман. У мактабда ҳам лидер бўлган. 8-синфда комсомол комитетининг секретари бўлиб, бутун мактабни бошқарган, ўқитувчиларни бошқарган. Москвада МГУда ўқиган. Ўйлайманки, у қизнинг қалбида миллатчилик бўлмаса керак, деди Каромат Абдуллаева.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни тушдан кейин Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакат Конституциясининг сўнгги вариантини тайёрлайдиган Конституциявий кенгаш таркибини эълон қилганди. 75 кишидан иборат мазкур кенгашга қирғизистонлик ўзбекларнинг жамоатчилик ташкилотларидан ҳам бир неча вакил киритилган.

Муваққат ҳукумат конституция бўйича референдум 27 июн куни, парламент сайлови эса 10 октябрда ўтказилиши режаланганини эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG