Линклар

Душанбеда ўзбек-тожик алоқалари юзасидан баҳс бўлди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, ўзбек-тожик муносабатларини ўнглашга ҳали вақт ҳам, имконият ҳам бор.

Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, ўзбек-тожик муносабатларини ўнглашга ҳали вақт ҳам, имконият ҳам бор.

Тожикистонлик таҳлилчилар шу йил 27 апрел куни Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиши натижасиз якунланиши ортидан икки мамлакат муносабатлари боши берк кўчага кириб қолганини таъкидламоқдалар.

Бунга, мустақил таҳлилчи Саймуддин Дўстов фикрича, ўша йиғилишида Ўзбекистон томонининг Роғун лойиҳаси халқаро экспертиза қилинмагунича, у ерда реконструкциялаш ишлари тўхтатилиш зарурлигига оид талаби сабаб бўлди.

Хўш, бу ёғи нима бўлади? Муносабатларни яхши томонга ўзгартириш учун ҳали имкон борми? Агар бўлса ва яна икки томонлама музокара бошланса, унда қандай масалалар муҳокама қилинади? Тожикистон қандай йўл тутиши лозим?

Бугун “Нигоҳ” мустақил рўзномаси идорасида тўпланган мустақил кузатувчилар ва таҳлилчилар шу саволлар атрофида баҳслашди.

Мустақил таҳлилчи, сиёсатшунос Рашид Ғани Абдулло фикрича, ўзбек-тожик муносабатлари шўролар давридаёқ дарз кетган эди, аммо бу жараён ҳозирда оддийдан мураккабга кўчган.

- Яъни табиий газ, электр энергияси ва ҳ. каби маиший масалалардан ҳозирда давлат ички сиёсатига аралашишгача бориб етилди. Бу эса ёмон оқибатлар келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқмас, дер экан таҳлилчи икки давлат раҳбари ҳар қандай вазиятда ҳам “сўнгги чора”га қўл урмасликлари зарурлигини таъкидлайди.

Бошқа бир таҳлилчи Искандари Фируз бу айтилганларни қисман қувватлар экан, ўзбек-тожик муносабатларининг тобора совуқлашиб бораётганида учинчи куч таъсирини кўради.

- Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари ўз қарорларида мустақил эмаслар. Улар юргизаётган сиёсатга ташқи омил ёки учинчи давлат таъсири ҳар доим кузатилган. Бугунги кунда муносабатларнинг шу даражада кескинлашаётганига ҳам ташқи омил таъсири бор ва Роғун ҳам, юк вагонлари ҳам ўша хорижий давлатлар учун асосий пишанг ролини ўйнаётир, дейди Искандари Фируз.

Таҳлилчи фикрича, бу ерда Россия Ўзбекистон енгидан қўл чиқариб, Тожикистонга босим ўтказаётир.

Мустақил кузатувчи, тарихчи Нурали Давлат фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари муаммосининг илдизи Тожикистондаги фуқаролик уруши йилларига (1993 ва 1997 йиллар – таҳр.) бориб тақалади.

- Ўша йилларда Тожикистонда конституциявий тузум тарафдорлари бўлган Халқ фронти доирасида, унинг дала қўмондонлари воситасида расмий Тошкент Тожикистоннинг ички ишларига аралаша бошлаган эди. Ҳукумат тепасига келган Имомали Раҳмон кўп ўтмай буни англади ва Каримовга тегишли жавоб ҳам қайтарди. Шундан сўнг Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов муносабатлари бузилди, унинг ўрнини хусумат эгаллади, дер экан Нурали Давлат бу яқин келажакда икки давлат муносабатлари яхшиланишига умид қилмаслигини айтади.

Таҳлилчи Абдуфаттоҳ Ҳотамов эса давра суҳбати иштирокчиларини некбин бўлишга чақириб, Тожикистон қўшниси Ўзбекистон билан муносабатларини яхшилаб олишига ҳали ҳам вақт ва имконияти бор, дея мулоҳаза билдиради.

- Бунинг учун биринчи галда Тожикистон ҳукумати дипломатик сиёсатини бақувват қилиши лозим. Иккинчидан, ҳар қандай лойиҳаларнинг минтақа, жумладан, қўшни Ўзбекистон экологияси ва хавфсизлиги учун зарарсиз эканини у томонга тушунтириб бериши шарт. Аммо Тожикистон кейинги вақтлар кўпроқ халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон устидан шикоят қила бошлади. Бу ҳам муносабатларнинг кескинлашишидаги асоссий омиллардан бири, деб биламан, дейди Абдуфаттоҳ Ҳотамов.

У яқин келажакда Ўзбекистон ва Тожикистон расмийларининг музокара столи атрофига тўпланишига ишонишини айтади. Таҳлилчига кўра, ҳукуматлар галдаги йиғилишининг мавзуси яна Роғун бўлиши эҳтимолдан йироқмас.

Таҳлилчи Искандари Фируз у ҳолда Тожикистон Ўзбекистон талабларига қулоқ тутиши лозим, дея фикр билдирди.

- Ўзбекистон “Роғунни қурманглар” деяётгани йўқ-ку. У томон фақат халқаро экспертиза натижалари эълон қилингунича реконструкция ишларини тўхтатишни сўраяпти, холос. Агар воқеликка назар соладиган бўлсак, халқлар осудалиги йўлида Роғун майдончасида бир-икки ерни сувоқ қилиш ёки цементлашни бир муддат тўхтатиш унчалик қийин иш эмас, дейди Искандари Фируз.

Аммо кузатувчилар Саймуддин Дўстов ва Рашид Ғани Абдулло бундай йўл тутишни орқага чекиниш, деб билади.

- Ўзбекларда ўз-ўзини англаш даражаси жуда юқори. Биз тожикларда эса ўзликни англаш даражаси пастлиги учун кўп марта ютқаздик. Менимча, энди бунга нуқта қўйиш лозим, ортга йўл йўқ, дейди Рашид Ғани Абдулло.

Саймуддин Дўстов эса икки давлат ўртасидаги муаммолар музокара ва муроса йўли билан ҳал бўлмаса, у ҳолда Тожикистон масалага ҳарбий йўл билан ечим топиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, дея мулоҳаза билдиради.

- Роғун бизнинг миллий ғоямиз. Лекин бунга рози бўлолмаётган Ўзбекистон сиёсатчилари Тожикистон иқтисодиётини қамал қилишга ўтди. Озиқ-овқат, ёнилғи ва Роғун учун техникалар юкланган вагонлар ҳалигача Ўзбекистонда тўхтатиб турилибди. Бу ҳали қамалнинг биринчи босқичи бўлиши мумкин. Агар Тожикистон ГЭС тўғонини қуришга киришиб, уни 140 метрга кўтарса, улар иқтисодий қамалнинг иккинчи ва учинчи босқичини бошлаши мумкин. Лекин Тожикистон ҳукумати ҳам расмий Тошкентнинг нозик жойларидан яхши хабардор. Қўшни Афғонистон орқали Ўзбекистон исломий ҳаракати аскарларига йўлак очиб бериш билан Каримов ҳукуматига кескин жавоб қайтариши мумкин, дея таъкидлайди тожикистонлик таҳлилчи Саймуддин Дўстов.

Абдуфаттоҳ Ҳотамов фикрича эса, бу хил иш тутиш геосиёсий манфаатларини устун қўйган учинчи давлатлар учун айни муддао бўлиши табиий.

- Аммо бу ўйинда Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам ютқазиши мумкин. Менимча, муносабатларни ижобий томонга ўзгартириш, ўзбеклар ва тожиклар юрти манфаатлар майдонига айланиб қолишининг олдини олиш учун ҳали ҳам кеч бўлгани йўқ. Менимча, президентлар дўпписини ерга қўйиб, чуқурроқ ўйлаб кўришлари ва музокара столига ўтиришлари шарт. Бу музокарада собиқ шўро давлатлари орасида Ўзбекистон ва Тожикистондан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш мақсади бўлмаган Белоруссияни воситачи қилиб олиш мақсадга мувофиқ бўлур эди, дейди таҳлилчи Ҳотамов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG