Линклар

Эркин микрофон - Хусусий автобуслар йўлга қўйилмаяпти!

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

деб хабар беради Тошкент-Бухоро йўналишида қатновчи автобуснинг бугунда ишсиз қолган ҳайдовчиларидан бири.


“Ўзбекистонда хусусий автобуслар қозиққа боғланди ”


Бухоро шаҳридан қўнғироқ қилган автобус ҳайдовчисининг айтишича, Тошкентни мамлакат жанубий вилоятлари билан боғлайдиган барча хусусий автобуслар қатнови бутунлай тўхтатилган. Тошкентга боришга мажбур қолганлар 8-10 баравар кўп пул тўлаб таксида кетишга мажбур бўлмоқда¸ дейди бу суҳбатдош:

- Гап шуки¸ бизлар нафақат Бухоро¸ мана Бухоро¸ Хоразм¸ энди биз Бухородан қатнаймизда ўзи.

Озодлик: Тошкентга қатнайсизларми?

- Ҳа. Бизларни Ипподромдан чиқариб ҳайдашди.

Озодлик: Сизларнинг шахсий автобусларингиз бор¸ шундайми?

- Ҳа. Бизларни Ипподромдан чиқариб ҳайдашди. Ипподромнинг ëнидаги Алгоритмга ҳайдади. Кимларнидир Тошкент автовокзалига жўнатди. Тошкент шаҳар автовокзалига автобуслар сиғмайди. Устига-устак бизларнинг йўлларни бекитиб ташлаган. Умуман автобуслар қатновини ëпиб ташлади.

Озодлик: Йўлларни ëпиб ташлади¸ деяпсиз. Буни қандай тушунса бўлади? Умуман қатнагани қўймаяптими?

- Ҳа. Олдин 5 майгача деб айтишди. Кейин тўққизинчигача деб айтишди. Энди бугун 12 майдан кейин чиқасизлар деяпти.

Озодлик: Буни нима сабабдан қилишаяпти экан? Давлат ўзининг автобусларини қўяяптими?

- Энди ҳукумат шунақа гап-сўз чиқараяпти. “Ўзимизнинг автобусни қўямиз дейишаяпти” дейишди. Энди билмадим¸ аниқ гапнинг ўзи ҳам йўқда.

Озодлик: Ҳозир аҳвол қандай? Одамлар қандай келаяпти? Ҳукумат автобуслари ҳамма йўловчиларни ташишга етмайдику.

- Етмаяпти. Ўшанга ўзимиз ҳам ҳайронмиз. Ҳозир одамлар енгил машиналарда бориб келаяпти. Бухородан Тошкентгача йўналиш 60 мингга чиққан. Буни ҳар кимнинг ҳам шароити кўтармайдию.

Озодлик: Автобус қанча эди?

- Автобус Бухородан Тошкентгача 8000. 600 километрга 8000 сўм олади.

Озодлик: Сизларни қандай қўймайди? Чиққанда ГАИ рухсат бермайдими?

- Биринчидан¸ ГАИ рухсат бермаяпти. Иккинчидан¸ ГАИ постларининг ўзи қийнаб ташлаяпти бизларни.

Озодлик: Бухородан Тошкентга нечта хусусий автобус қатнайди?

- Камида 150-200 та бор.

Озодлик: Ҳозир барча шофëрлар бекорда-а?

- Ҳамма автобусчилар бекор. Бизлар автобусни сотиб олганмиз¸ тўғриси. Бу автобусларни 150 минг доллардан сотиб олганмиз. Бу оғизга осон. Пулни топиш осон эмас. Биз давлатга ҳар ой 507 мингдан пул тўлаяпмиз. Бундан ташқари ҳар олти ойда лицензияга 1 миллион 200 минг тўлаяпмиз. Бундан ташқари тендерга 600 минг тўлаяпмиз. Яна ҳар битта рейсимизга 50 мингдан ведомость олаяпмиз. Битта Тошкентга бориб келишга 50 мингдан ведомость олаяпмиз.

Озодлик: 50 мингни кимга берасизлар?

- Бухоро-Тошкент йўналишининг хўжайинига. Отини айтиш шарт эмас.

Озодлик: У қонунийми ëки ноқонунийми?

- Энди ким билади дейсиз. Бизларга номаълум бу. Шу 507 мингнинг ҳаммаси давлатга ўтиб кетади¸ деб ўйлайсизми? Мен ишонмайман. Нимага деганда фақат битта бизларнинг Бухорода 507 минг тўлаяпман. Қолган вилоятларда 100-150 минг экан. Кимга мурожаат қилишни билмаяпмиз¸ дейди бухоролик ҳайдовчи.


“Орифона маслаҳат”

Қозоғистондаги хоразмлик меҳнат муҳожири Фарҳод, Ўзбекистон ҳукуматига ўзининг содда ва орифона маслаҳатини беради. Фарҳодга кўра, агар Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирларининг қонуний ишлашини таъминласа, мамлакат бюджетига миллиардлаб доллар тушган бўларди.

- Тахминим бўйича 10 миллионча одам ташқарида ишласа керак. Яна билмадиму. Буларнинг аксарият қисми ëшлар. Ўзбекистоннинг ўзида шунга ақли етадиган одамлар борку. Қозоғистон¸ Россия билан меҳнат шартномаларини тузиб ҳар бир одамдан кварталдами 100 доллардан йиғиштириб олиб давлат бюджетига каттагина фойда бўладими дейман. Биз ҳам бу ерда ишлаганимизда сичқон мушук ўйнамасдан бемалол ишни танлаб олиб бола-чақамиз ҳам нормал бўлармикан¸ деб ўйлаган эдимда. Шу ишларни йўлга қўйишнинг иложи йўқмикан? Ҳозир ҳамма қочиб ишлайди. Бурчак-бурчакларга тиқилиб ментлар йўқмикан деб. Ҳар йил ишлагани келаман. Алдаб айтишнинг нима кераги бор¸ йўқ¸ бўлмади деганда камида ментларга 500 доллар берамиз. Йўлда у бўлади¸ бу бўлади¸ 200-300 доллар шундай йўқолиб кетади. Мутасаддилар эшитса шу гапларни. Бир миллион одамдан ҳар уч ойда 100 доллардан осла¸ 100 миллион доллар бўлади тўғрими? Бу катта пул. Ҳозир банкнингми ниманингдир йиғилишими бўлаяптику. Ундан¸ бундан кредит олиб юргандан кўра фойдаси тегадими дейман. Биз ҳам тинч¸ уйимиз ҳам тинч¸ элимиз ҳам тинч бўлармиди дейман¸ дейди Фарҳод.


“Биз қачон уйғонамиз?”

Россиядан қўнғироқ қилган Хуршида, муҳожирликда жуда қийналиб кетгани, Ўзбекистонда эса вазиятнинг кундан-кунга оғирлашгани боис юртга қайтолмаётганини айтар экан, яқинда конституцион тузумга тажовузда айбланиб қамалган дугонасининг қамоқдан ўлиги келганини хабар қилди:

Озодлик: Қийналиб кетдиларингизми муҳожирликда?

Хуршида: Нима учун қийналмаслик керак? Кеча Мурод деганми¸ Муҳаммад деганми гапирди. “Қачонгача кутамиз? Муҳаммад Солиҳга ҳам айтиш керак” деди. Қачонгача кутамиз билмайман.

На ботарга кўлим бор¸
На борарга жойим¸
На суйишга фарзандим бор¸
На бир қарорим¸

дейдику. Билмайман¸ бизлар ҳаммамиз Муҳаммад акани кутиб ўтирибмиз. Қачонгача хор-зор бўламиз билмайман. Дилором Абдуқодировани ҳам алдаб чақиртириб 10 йилу икки ой беришди. Яна шарҳловчи бор эдику¸ Хайрулла Ҳамидов унинг ҳам ë ўлиги чиқар¸ ë тириги. Кеча ҳам менга у тарафдан телефон қилишди. “Дугонангиз Кароматнинг турмадан ўлиги келди” деб телефон қилишди.

Озодлик: Каромат ким эди у?

Хуршида: Уни ҳам 159 билан қамашган эди.

Озодлик: Қачон ўлиги келибди уни?

Хуршида: Бир ҳафталар бўлди¸ дейишди.

Озодлик: Нимага ўлибди турмада?

Хуршида: Қийноқлар билан ўлдиришган. Тўртта боласи йиғлаб қолди. Хивадан эди у.

Озодлик: У 159-модда билан қамалганмиди?

Хуршида: Ҳа. Унга мен “Давай кетайлик бу ердан. Фарзандларингни бир амаллаб олдирармиз” деб неча марта айтдим. Йўқ¸ қилмади.

Озодлик: Фамилияси нима эди?

Хуршида: Бобожонова Каромат эди. 1971 йилда туғилган. Тўртта боласи қолди.

Озодлик: Нима айб қўйилган эди унга?

- Намоз ўқийсан¸ ҳақиқатан ҳам бу ҳалоллик¸ намоз ўқиганлик ëмонми? Яна менинг Муҳаммад акага айтадиган гапим бор эди. Илтимос¸ бизнинг нимамиз фақат Муҳаммад акадан. Саломларимни ва шу гапларимни айтиб қўйсангиз¸ дейди Хуршида.


“Ўзбекистон элчихоналарини пикет қилайлик!”

Андижонлик қочқинлардан бири Муҳаммад Ризо ҳам Озодликка фикр билдирган Нодирбекни қўллаб қувватлар экан, хориждаги ўзбекистонликларни элчихоналар олдида норозилик намойишлари ўтказишга чақиради:

- Швециядан қилган Нодир акамизнинг гапларига қўшиламан мен. Шу акамиз тўғри фикр қилаяпти¸ деб ўйлайман. Шарҳлар ëзишнинг ўрнига чиқишлар қилиш керак деб ўйлайман. Ўзбекистонда мусулмонларга бўлаëтган қийинчиликларни чет элдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари¸ БМТ инсон ҳуқуқлари билишлигини биз ҳам хоҳлаймиз. Муҳожирликда юрганларни¸ қанчалик қийинчилик кўраëтганларни¸ Андижонда Дилором опага ҳам 10 йилу икки ой берилибди. Бу ҳам ноҳақлик. Ҳеч қачон тўғри деб ўйламаймиз. Мусулмонларга Ўзбекистонда умуман қийинчилик. Қаттиқ зулм бу зулм. Аëлларни бичаяпти¸ бошқа қилаяпти. Тепамизда турганларнинг ҳаммаси яхши одамлар эмас. Хайрулла акани ҳам мана жиҳодчилар деган нимага чиқариб юборишибди. Бу тўғри эмас. Бу нарса ҳеч қачон тўғри бўлиши мумкин эмас. Таклифим БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича нималарга чиқишлик¸ Ўзбекистонда бўлаëтган ҳолатларни билдиришлик. Мен ўйлайманки¸ Ўзбекистон элчихоналарининг ҳаммасининг олдида пикет ўтказиш керак¸ дейди Муҳаммад Ризо.


“Беларусда ҳам ўзбеклар кўпайди”

Беларуснинг Гомел шаҳридан қўнғироқ қилган Акбаржон ҳам муҳожирликдаги ҳаёт кун сайин оғирлашиб бораётгани ҳақида гапирди.

- Инсонларнинг қадрияти жуда яхши кўрилмаяпти дейман. Ҳамма у ëққа¸ бу ëққа кетиб юбораяпти. Биров билан бировнинг иши йўқ бўлиб кетаяпти. 60-70 фоизи чиқиб кетдида¸ мисол бизнинг ëшлардан ташқарига. Бизнинг Ўзбекистонда ҳам одамлар нормалний эрталаб ишга бориб кечқурун келармикан¸ ўнгланармикан деб сизлардан билай девдик. Сизлар нима дейсизлар¸ шунга деб.

Озодлик: Беларусда ўзбекистонликлар кўпчиликми?

Акбар: Кўпмиз.

Озодлик: Нима иш қиласизлар?

Акбар: Савдо қилаяпмиз¸ қувла-қувла. Уйларингга бор¸ деб бу ердан ҳайдаяпти. У ëққа борсангиз¸ иш йўқ¸ бу ëққа келсангиз ҳайдайди. Қаëққа бориб нима иш қилишни билмаяпмиз. Фақат сарсон-саргардончилик. Йилдан йилга қийинчилик¸ муаммо кўпаяяпти. Йилдан йилга баттар бўлаяптида.

Озодлик: Кеча эшитган бўлангиз¸ Нодир деган бир йигит “Бўлди энди¸ жим ўтирмайлик. Бошимизни кўтарайлик. Элчихоналар олдида пикетлар қилайлик. Бирлашайлик” деяптида. Шунга нима десиз сиз?

Акбар: Энди одамлар қўрқаяптими дейман нимагадир¸ юрагини олдириб қўйдими¸ дейман.

Озодлик: Масалан¸ сиз элчихона олдига пикетга чиқармидингиз?

- Албатта чиқардик. Нимага чиқмаймиз. Ўзбеклар қўрқаяптида митинг қилгани¸ бошқа қилгани. Халқ нимагадир қўрқадида. Андижонда бўлиб ўтган воқеалардан кейин одамлар юрагини олдириб бўлди¸ дейди Акбар.

*************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG