Линклар

logo-print

Россияда ишлашни ҳоҳловчи МДҲ фуқароларини оммавий дактилоскопия - бармоқ изларини олиш жараëни кутмоқда. Россия парламенти "Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати ҳақида"ги қонунга шунга дoир ўзгартиришлар киритмоқда. Дума депутатлари фикрича, бу муҳожирларга ҳужжатларни расмийлаштиришда енгиллик яратади.


Давлат Думаси депутатлари фикрига кўра, қонунга киритилаётган ўзгартиришлар хориж фуқароларининг Россияда яшаш ва ишлашлари билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараëнидаги қоғозбозлик ва порахўрликни камайтиришга имконият яратади.

Россия Федерал Миграция xизмати матбуот котиби Константин Полторанин ҳам Озодлик билан суҳбатда бу ўзгартишларнинг хориж фуқаролари оғирини енгил қилишга қаратилганини таъкидлайди:

- "Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати ҳақида"ги қонунига киритилаётган ўзгартиришлар, биринчи навбатда, кириб келаётган муҳожирларга керакли бўлган ҳужжатларни бирор-бир қийинчиликларсиз расмийлаштиришга имкон яратади. Дактилоскопия ёки бармоқ изларини олиш борасида бир нима дея олмайман ҳозирча. Лекин бунинг ажабланарли жойи йўқ: биометрик маълумот олиш дунёнинг деярли барча мамлакатларида жорий этилмоқда. Шуни айтиш жоизки, дактилоскопия бизнинг ташаббусимиз эмас.

Қонунга киритилаётган биринчи ўзгариш¸ йилига 2 миллион рублдан зиёд даромад олаётган юқори малакали муҳожирлар ва улар оила аъзоларига ҳукуматимиз томонидан доимий яшаш ҳуқуқининг берилишидир.

Иккинчи ўзгариш¸ Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган ва хусусий секторда ишлаётган 4 миллионлик оддий меҳнат муҳожирларига тегишли. Расман Россияда йилига 7 миллиондан зиёд меҳнат муҳожирлари қайдга олинади. 2011 йилдан бошлаб уларга патент қоидаси киритилади. Унга биноан¸ меҳнат муҳожирлари бир йил давомида Россия ҳудудидан четга чиқмасдан туриб меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин. 1000 сўмлик ойлик тўловлар бевосита банк бўлимлари орқали амалга оширилади ва шу тариқа улар легал тарзда Россиядаги ўз ҳуқуқий мақомларини чўздириб борадилар. Бу ўша ишга рухсатнома олишга асос бўлади. Хуллас, ўзгартириш киритишдан мақсад коррупцияга қарши курашишдир, деди Россия Федерал Миграция хизмати матбуот котиби Константин Полторанин.

Москва шаҳрида анча йиллардан бери ишлаётган қурилиш бўйича ўзбекистонлик юқори малакали мутахассис Илҳомжон Ваҳобов бундай ўзгаришлардан мамнун эканлигини билдирди:

- Албатта¸ бу барчанинг фойдасини кўзлаган қонун бўлса керак. Россия территориясида ишлаëтган мутахассисларнинг шу ерда қолишини кўзлаб қилинган нарса¸ менинг фикримча. Фуқароларнинг фойдаси бир тарафдан кўзланган бўлиши мумкин. Асосий кўзланган нарса Россиянинг ўзининг фойдаси бўлса керак.

Озодлик: Сизга мутахассис сифатида шундай имконият яратилса хурсанд бўлармидингиз?

- Менинг шу ерда қолиш ниятим бўлса¸ албатта¸ хурсанд бўлардим. Биласиз¸ бир ҳужжат тўғирлаш учун қанча ҳаракат қилиш керак. Бу нарса шу ерга келиб ишлайдиган ҳамюртлар учун жуда ҳам фойда бўларди. Қилинаëтган ҳужжатларнинг ҳам кўп асли сохта.

Озодлик: Сохта ҳужжат қанча туради?

- 15 минг атрофида назаримда. Бу пулни сарфлагандан кейин ишлай ола оладими ëки йўқми бу ҳам муаммо. Ўзи ҳамма жойда қоғозбозликдан азият чекиб келамиз¸ деди ўзини Илҳомжон Ваҳобов деб таништирган меҳнат муҳожири.

Россия Думасининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси расмий сайтининг хабар беришича, янги қонун лойиҳасининг парламентдаги иккинчи ўқиши 2010 йилнинг 7 май кунига белгиланган.
XS
SM
MD
LG