Линклар

Ўзбекистонда "хитойчи савдогар"лар ҳам синдирилди

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондаги "Хитой бозорлари" бошига ҳам яқин кунларда Қорасув бозорининг қисмати тушиши мумкин.

Ўзбекистондаги "Хитой бозорлари" бошига ҳам яқин кунларда Қорасув бозорининг қисмати тушиши мумкин.

Қирғизистон билан чегаралар тўлиқ ëпиқлигича қолаëтган бир кезда¸ Ўзбекистонга қуруқлик орқали Хитой молларининг келиш йўли қирқилди. Боз устига¸ йиллардан бери "хитойчи савдогар"лар йўналиши бўлган Тошкент-Урумчи рейси ҳам изоҳларсиз олиб ташланди.


"Хитойдан товар ташувчи савдогарлар деярли ишсиз қолди - Ўзбекистондан Хитойнинг Урумчи шаҳрига самолёт қатнамай қўйганига бир ой бўлди". Бу хабарни Озодлик радиосига Тошкентдаги "хитойчи савдогар"лардан бири етказди.

Ишни авиақатнов тўғрисидаги маълумотни текширишдан бошладик.

Тошкентдаги авиачипта сотадиган агентликлардан бири ходими бундай деди:

- Урумчига Пекин орқалигина учишингиз мумкин. Урумчи рейси ёпилган¸ дейди агентлик ходими.

Чипта сотувчининг айтишича, Тошкент – Урумчи рейсининг ёпилганига бир ой бўлди. Қачон очилиши маълум эмас.

Бу гапни бошқа бир агентлик вакилидан ҳам эшитдик.

- Урумчига учмаяптию ҳозир. Мумкинмас ҳозир. Рухсат йўқ.

Озодлик: Қачон очилишини биласизми?

- Бу ҳам номаълум¸ дейди бошқа бир агентлик вакили.

Тошкентдан Урумчига Пекин орқали бориш Тўйтепага Термиз орқали боришдек гап.

Бекор қилингунича, Тошкентдан Урумчига – Хитойнинг Шинжон уйғур минтақаси марказига - ҳафтада уч марта: душанба, чоршанба ва шанба кунлари катта “Боинг” самолётлари парвоз қилар, йўловчиларнинг аксари савдогарлар эди.

Авиақатнов нима учун бекор қилингани тўғрисида аҳолида маълумот йўқ. Одамлар, одатдагидай, маълумотга эҳтиёжини миш-мишлар билан қондираяпти.

- Менинг орқаваротдан эшитганим битта фуқаронинг уч ойда бир марта ўтилишга рухсат этилибди. Бу тадбиркор бўладими¸ бошқа бўладими фарқи йўқ.

Озодлик: Бу гапни кимдан¸ қай шаклда эшитдингиз?

- Ўша бозорга қатнаëтган бозорчиларнинг ўзидан эшитдим.

Озодлик: Хитой товарларини сотадиганлардан-а?

- Ҳа¸ дейди қўқонлик бир тадбиркор.

Унинг айтишича, "хитойчи савдогарларнинг бозори шу кунда касод.

Вазиятдан ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Экспертлар гуруҳи аъзоси Суҳроб Исмоиловнинг ҳам хабари бор экан.

- Хитой билан товар ëки қанақадир хизмат турларини олиб кириш бўйича тадбиркорларимиз фаолияти ҳозир кескин камайган. Ўзимиздаги таниш-билишлар билан суҳбат орқали кўрсатаяптики¸ Ўзбекистонда энг асосий Хитой тарафидан Хитой йўналишидан товарлар ëки хизматларни олиб кириш пайтида божхонадаги масалаларни ечишда "Абу Саҳий" деган танилган фирманинг хизматларидан фойдаланишади. Ҳозирги кунда мана шу фирманинг фаолияти Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари¸ хусусан прокуратура тарафидан текширилаëтган экан¸ у ердаги мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни аниқлаш учун. Мана шу сабабли айтилаëтган фикрларга кўра¸ ҳозирги кунда Хитой йўналиши бўйича Ўзбекистонга товар ëки қанақадир хизмат турларини олиб кириш кескин камайган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

“Абу-Саҳий" ширкатини президент Каримовнинг қизларидан бири назорат қилади, деган гаплар юради.

Президент оиласига тегишли ширкатга текширув тушгани ортидаги сабаблар алоҳида мавзу бўлгани учун бу йўналишда ҳозир чуқурлашмоқчи эмасмиз.

Демак, Ўзбекистонга бевосита Хитойнинг ўзидан товар олиб кириш, юмшоқроқ айтганда, чекланди.

Хитой товарининг билвосита йўли ҳам икки ойча муқаддам тўсилган, Қирғизистондаги 7 апрел воқеаларидан сўнг бу йўл батамом тўсиб қўйилган.

Қорасув бозоридаги савдогарлардан биридан сўрадик:

Озодлик: Қорасув бозорининг умумий савдо ҳажмининг қанча фоизи¸ тахминан¸ Ўзбекистонга тўғри келарди?

- 70-80 фоиз.

Озодлик: Энди ҳозир бозорнинг аҳволи нима бўлди?

- Бозорнинг у бошидан бу боши кўриниб турибди. Ўзимизнинг магҳаллий харидорларда энди. Қизилқия¸ Боткен томонлардан келганлар олишаяпти. Ўшалар билан савдо бўлаяпти¸ дейди Қорасув бозоридаги савдогарлардан бири.

Баъзи маълумотларга қараганда, Қорасув бозорининг бир кунлик савдо ҳажми бир неча миллион долларни ташкил қилар эди.

Ўзбекистон бозори ассортиментининг катта қисми чет эл товарлари, уларнинг эса катта қисми Хитойники эканлиги тўғрисида кўп гапирилган.

Қирғизистонлик савдогар январ ойида Тошкентга сафар қилганини айтар экан, бундай деди:

- Ипподромда бўлдим. "Абу Саҳий" билан Ипподром бир ерда жойлашган экан. У ерда¸ бу менинг ўзимнинг шахсий фикрим¸ 80 фоиз товар шу ердан келган товарлар. Хитой¸ Туркия¸ Эрондан келган товарлар¸ дейди қирғизистонлик савдогар.

Демак, Хитой йўли ёпилиши оқибатида тез орада Ўзбекистон бозорлари пештахталари анча бўшаб қолишини кутиш мумкин.

Хўш, бу яхшими-ёмонми?

Ўзбекистонлик иқтисодчи, ҳукумат танқидчиларининг танқидчиси Виктор Ивонин, ҳукуматнинг Хитой товарлари йўлини тўсишга қаратилган чораларини қўллаб-қувватлайди.

Унинг фикрича, ҳукуматнинг бу соҳадаги сиёсатини тушуниш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас,

- Бу оддийгина иқтисодий хавфсизликни таъминлаш масаласидир, дейди Виктор Ивонин.

Унинг фикрича, Хитой товаридан бўшаган пештахтани маҳаллий товарлар эгаллайди.

Лекин қирғизистонлик оддий савдогарнинг фикрича, иқтисодчи олим айтаётган ҳолат ишга тушиши учун маҳаллий товарлар нархи Хитойникидан арзонроқ ёки ҳеч йўқ Хитойникидай бўлиши керак.

- Асосий аҳолиси Хитойнинг арзон товарини харид қиладими. Ўзининг товарлари Россия¸ Европа товарларига нисбатан қиммат товарку¸ дейди қирғизистонлик оддий савдогар.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Экспертлар гуруҳи аъзоси Суҳроб Исмоиловнинг фикрича, Хитой товарларининг Ўзбекистонга йўлини тўсиш сиёсати яқин келажакда мана бундай оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

- Бизнинг фикримизча¸ давлат ҳозир реал товарни кўпайтириш¸ мамлакатда бизнесни кредитлар орқали қўллаб-қувватлашнинг ўрнига кўпроқ маъмурий гуруҳбозлик методикаларини танлаш орқали шуларнинг ўзларининг чўнтагидаги пулларни банкларга¸ бюджетга туширмоқчи. Мана шу кўрилаëтган чора-тадбирлар оқибатида яна бир прогноз қилишимиз мумкинки¸ бозорларда якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш юритаëтган ва шу орқали оиласини боқаëтган инсонларнинг сони камайиши мумкин. Баъзилари қилаëтган ишларидан совиб кетиши мумкин. Энг кузатилаëтган оқибати шу бўлиши мумкин ва биз кутишимиз мумкинки¸ Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат шу йилнинг ëзларига келиб янада танглашиши мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG