Линклар

Британия сайловида мутлақ ғолиб йўқ


Британия мухолифатидаги консерваторлари 13 йилдан бери иқтидорда бўлиб келган лейбористлардан ҳокимиятни тортиб олишга умид қилмоқда

Британия мухолифатидаги консерваторлари 13 йилдан бери иқтидорда бўлиб келган лейбористлардан ҳокимиятни тортиб олишга умид қилмоқда

Британия умумий сайловлари пайтида ўтказилган экзит-пол натижалари мамлакат парламентида 1974 йилдан бери биринчи марта ҳеч бир партия мутлақ кўпчиликни ташкил қилиш учун етарли ўринларни эгаллай олмаганини кўрсатмоқда. 130 та сайлов участкалари олдида 20 минг сайловчи орасида ўтказилган сўровларга кўра, мухолифатдаги Консерватив партияси парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил қиладиган бўлди.

Британиялик сайловчилар бош вазир Гордон Браун етакчилигидаги ҳукуматдан қутилиш ва Дэвид Кэмерон етакчилигидаги мухолиф консерваторларни қўллаб-қувватлаш ниятини намойиш қилган кўринади.

Британия тарихида энг тиғиз рақобат вазиятида ўтгани айтилаётган сайловдан кейин эълон қилинган экзит-пол натижалари Консерватив партия парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил қилишини кўрсатмоқда, лекин консерваторлар 650 ўриндан иборат парламент қуйи палатасидаги мутлақ кўпчиликни ташкил қилиш учун етарли ўринларни қўлга кирита олмаган.

Бу эса, кейинги 36 йил ичида биринчи марта ҳеч бир сиёсий куч парламентдаги мутлақ кўпчиликни эгаллай олмади, деганидир.

Британиядаги энг йирик телеканаллар, жумладан BBC ва Sky News каналларининг экзит пол натижаларига таяниб бераётган прогнозга кўра, консерватив партия парламент қуйи палатасида 307 ўринни эгаллаган, яъни мутлақ кўпчиликни ташкил қилиш учун унга 19 ўрин етишмаяпти.

Брауннинг иқтидордаги Лейбористлар партияси 255 ўрин, Либерал демократлар 59, қолган кичикроқ партиялар эса жаъми 29 ўринни қўлга киритгани тахмин қилинмоқда.

Бу сафраги овоз беришда сайловчиларнинг рекорд даражда фаол иштирок этгани кузатилди ва мамлакат бўйлаб очилган сайлов участкаларида одамлар овоз бериш навбатини анча кутишига тўғри келди.

BBC тарқатган хабарларга кўра, сайлов участкалари иш вақти тугагани боис баъзи сайловчилар ҳатто овоз беришга улгурмай қолган ва қайтариб юборилган.

Сайловдан олдин ўтказилган сўровларга кўра, мухолифатдаги консерваторлар Брауннинг иқтидордаги Лейбористлар партиясидан етти фоизга кўпроқ овоз олиши айтилаётган эди.

Британиядаги учинчи йирик партия Либерал демократларнинг 13 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлиб келган лейбористлардан бироз камроқ овоз олиши кутилаётган эди.

Сайлов куни арафасида, косерваторлар етакчиси Дэвид Кэмерон, 2008 йилдаги АҚШ президентлик сайлов олди кампанияси давомида номзод Барак Обамага шиорларига ҳамоханг бўлган “ўзгариш” ва “умид” калимлари ишлатилган баёнотларни қилди.

“Ўзгариш учун овоз беринг, консерваторларга овоз беринг, бу мамлакатга умид бериш, некбинлик ва ўзгариш учун овоз беринг. Биргаликда кучлироқ ва яхшироқ мамлакат қура оламиз”, деди консерваторлар етакчиси.

Сайлов олди кампаянияси Ник Клегг етакчилигидаги Либерал демократларни қўллаб-қувватловчилар сони ошгани билан ҳам эсда қоладиган бўлди.

Кўп йиллардан бери Либерал демократлар мамлакат сиёсатида маргинал куч ҳисобланиб келган.

Бу сафарги сайлов олди кампанияси давомида Британияда биринчи марта ўтказилган теледебатларда Клеггнинг Кэмерон ва Браунлар билан тенгма тенг қатнашгани унинг обрўси ошишига ҳисса қўшди.

Клегг бу теле-баҳсларда анча яхши натижа кўрсатганини қайд этишди кузатувчилар. У ўз рақиблари - лейбористлар ва консерваторларни эски усулдаги сиёсатни юргизувчи, чарчаган партиялар қилиб кўрсатишга уринди.

Чоршанба куни сайлов олдидан овоз берувчилар билан сўнгги учрашувларидан бирида Клегг мана бу сўзларни айтди.

”Танлаш фурсати келди. Ўтмишнинг эски сиёсати билан янги, ўзгача ва келажак сиёсати ўртасидаги танловдир бу”, деди либерал демократлар етакчиси.

Мавжуд вазиятда Либерал демократлар ҳокимиятга ким келишида ҳал қилувчи ролни ўйнаши мумкин.

Ҳеч бир партия парламентдаги мутлақ кўпчиликни ташкил эта олмаса, партиялар коалиция тузиш бўйича музокараларни ўтказишга мажбур бўлади. Ҳукумат бошқа кичик партиялар иштирокида ҳам тузилиши мумкин.

Европадаги кўпчилик мамлакат учун одатий бўлган бундай сценарий, Британияда муаммоларга сабаб бўлиши мумкин, чунки бу ҳолда муҳим қарорларни қабул қилиш жараёни қийинлашади.

Сайлов олди кампанияси давомида қилган сўнгги чиқишларидан бирида Гордон Браун мутлақ кўпчиликка таянган ҳукуматгина мамлакатнинг олға юрита олишини таъкидлади.

“Ҳар бирингиз сайловда иштирок этиб, Лейбористлар партиясига овоз беринг ва бу мамлакат учун керак бўлган кўпчиликка таянувчи Лейбористлар ҳукматининг тузилишига ҳисса қўшинг. Рахмат сизга”, дея хитоб қилди Браун.

Пайшанба кунги сайловларда 44 миллион британиялик овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди.
XS
SM
MD
LG