Линклар

logo-print

"Қирғизистондаги воқеалар демократия ўрнатиш намунасидир"


АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича ёрдамчиси Майкл Макфол Озодлик радиоси Бишкек бюросида саволларга жавоб бермоқда.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича ёрдамчиси Майкл Макфол Озодлик радиоси Бишкек бюросида саволларга жавоб бермоқда.

4-6 май кунлари Бишкекка сафар қилган АҚШ президенти Барак Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Майкл Макфол Озодлик радиосига берган интервюсида Қирғизистондаги ҳозирги жараëнга ана шундай баҳо берди.

Майкл Макфол сафари давомида Озодлик радиоси Бишкек бюросига келди ва Озодлик мухбирлари билан мулоқот қилди.


Мулоқот давомида АҚШ мулозими Қирғизистондаги воқеаларга муносабат билдирди ҳамда АҚШнинг минтақага оид сиёсати ҳақида маълумот берди.

АҚШ расмийси фикрича, Қирғизистондаги апрел воқеалари қирғиз халқи учун ноëб тарихий имкониятдир.

Макфол: АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти, жумладан, мен ҳам Қирғизистондаги апрел воқеаларини катта фожеа¸ деб ҳисоблаймиз. Бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. Бу воқеаларни ҳар тарафлама ўрганиш учун имконият ва вақт бўлади¸ деб ишонаман ҳамда фожеа айбдорлари жавобгарчиликка тортилиши керак.

Бироқ бу воқеа имкониятларни ҳам яратди. Бугунги кунда Қирғизистон халқи ҳаракатлари Қирғизистонда ҳақиқий демократик бошқарув тизимини ўрнатишга реал имконият бермоқда, деган теран ишончдаман. Президент Обама маъмуриятининг позицияси бу жараённи амалга оширилишига қўлимиздан келганича ёрдам беришдан иборатдир.

Қирғизистонда содир бўлган сўнгги воқеалар¸ биринчи навбатда¸ Қирғизистоннинг ўзига таъсир кўрсатади. Айни пайтда¸ бошқа давлатлар учун демократия ўрнатиш намунаси бўла олади.

Озодлик: АҚШ ташқи сиёсатидаги “юмшоқлик” стартегиясининг собиқ шўро давлатлари учун самарали бўлишига ишонасизми?

Макфол: Сиз айтган “юмшоқлик” стратегияси¸ деган тушунчани президент Обама қўлламайди. Обама ўз мамлакатимиз намунаси билан бошқа давлатларга таъсир ўтказа олишимиз ва улар билан яхши муносабатлар ўрната олишимизга ишонади. Президент Обама бошқа давлатлар ва одамлар билан муносабатларида “ўзаро ҳурмат” тушунчасини қўллайди.

Обама маъмурияти икки йўналишда фаолият кўрсатишни мақсад қилади. Бу дунё давлатлари халқлари, жумладан, Қирғизистон халқи билан ҳам ҳукуматларга алоқадор бўлмаган алоқаларни тузиш мақсадидир. Бу АҚШ ва Қирғизистон фуқаролик жамияти, халқлар ўртасидаги икки тарафлама тўғридан-тўғри муносабатлардир. Бу Обаманинг қўллаётган стартегияси ва фалсафасидир. Бу стратегиянинг нақадар ижобий натижа беришини тарихчилар ўрганар, бироқ бу бизнинг ташқи сиёсатимиздаги фундаментал янги услубдир.

Озодлик: 2005 йилги "Лолақизғалдоқ инқилоби"дан сўнг Ақаев ва унинг тарафдорлари АҚШни инқилобчиларни қўллаб-қувватлаганликда айблаган эдилар. Айни пайтдаги ҳукумат эса, аксинча, АҚШни демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватламаганлик ва инсон ҳуқуқлари масаласидан кўз юмиб келганликда айбламоқдалар. Бу борада АҚШнинг позицияси қандай?

Майкфол: АҚШнинг ва Обаманинг позицияси ўта аниқ. Демократик тизимларнинг ривожланишини қўллаш бўйича стратегик устунлигимиз бор. Бундай дастурларни қўллаш учун юзлаб миллион доллар маблағ ажартилган.

Биз махсус бир лидерни, бир партияни ёки бир сиёсий нуқтаи назарни қўлламаймиз ва алоҳида таъкидламоқчиман-ки, фақат Америка услубидаги демократияни қўлламаймиз. Биз бундай сиёсат юритмаймиз. Дунёда демократиянинг кўплаб турлари бор, лекин эътироф этилган ҳақиқат шуки, демократия қуришнинг фақат биттагина йўли бор. Шунинг учун қирғиз халқи ўз келажаги қандай бўлишини, мамлакатда қандай демократия ўрнатилиши кераклигини ўзи ҳал қилиши керак. Биз бу жараённи амалга тадбиқ этиш учунгина ёрдам берамиз¸ холос.

Озодлик: АҚШ ташқи сиёсатида Марказий Осиёдаги хавфсизликка кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу сиёсат инсон ҳуқуқлари масаласидан устун келмаяптими?

Макфол: Йўқ, бу нотўғри қараш. Халқни ё демократияни қўллаймиз ёки хавфсизликни, иккисидан бирини танлаб ол, деб мажбурлаш тўғри эмас. Таъкидламоқчиманки, халқ қўллаган қадриятларини қўллаб-қувватлаш айни пайтда миллий хавфсизлик манфаатларини қўллаб-қувватлаш эканига президент Обама теран ишонади. Агарда минтақа ёки бошқа давлатлар ҳақида сўз юритсак, демократик ҳукуматларгина Американинг ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлари бўла олади, деб ҳисоблаймиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG