Линклар

logo-print

Кўлобни сел ювиб кетди

  • Гулнора Равшан

Ҳозирча кўплаб кўлобликлар бедарак йўқолган яқинларини қидирмоқдалар.

Ҳозирча кўплаб кўлобликлар бедарак йўқолган яқинларини қидирмоқдалар.

Тожикистон жанубида узлуксиз ёмғир ёғиши натижасида 7 майга ўтар кечаси сел содир бўлди. Оқибатда Кўлоб шаҳридаги 600 га яқин турар-жой биноси батамом вайрон бўлди¸ расмийларга кўра¸ тўрт нафар одам нобуд бўлди ва ўнлаб одам дараксиз йўқолди.



Сув тошқини Кўлоб аҳолисининг аксарияти уйқуда бўлган вақт – тунги соат иккида юз берди.



Табиий офатдан жабр кўрганлардан бири Аҳмади Иброҳимнинг айтишича, куни билан тинимсиз ёққан ёмғир натижасида шаҳар ўртасидан ўтувчи Тебалай дарёсида сув сатҳи кўтарилиб, шаҳарни ювиб кетган.

Унга кўра, дарё сатҳи ўтган кечада тахминан 5 метр баландликка кўтарилиб, Кўлоб шаҳрининг Чармгарон ва Нонвойчилар кўчасидаги аксарият пастқам уйларни ювиб кетган.

-Тунда ёмғир шиддатлашиб¸ тахминан соат бирларда¸ сел уйларимизга кириб келди. Бора-бора тошқин суръати кучаяверганидан кейин хотиним ва болаларим билан ҳовлимиздаги катта тут дарахтига тирмашиб, тонггача жон сақладик. Ўша тўполонда қизларимдан бирини сел олиб кетди. Тонгда уни ахтаришга тушдик. Чармгарон кўчасидаги нимвайрона бир уй томида қизим, икки нафар 80 ёшга кирган кампир ва яна уч-тўртта гўдак жон сақлаб ўтиришган экан. Уларни қутқариб олишимиз билан ўша уй ҳам ағанаб текисланиб кетди. Сел Чармгарон ва Нонвойчилар кўчасидаги тахминан 300 та турар уйни батамом ювиб кетди. Қурбонлар сони ҳам анча, бизнинг ҳисобимизча¸ сув тошқинидан ўлганлар 12 киши. Уларнинг кўпи гўдаклар. Бедарак йўқолганларнинг ҳисоби йўқ, дейди кўлоблик Аҳмади Иброҳим.

Кўлобликларга ëрдам бери учун Россия ҳарбийлари биринчи бўлиб етиб келган.
Аҳмад Иброҳимнинг ҳам каттагина оиласи сув тошқини оқибатида бошпанасиз қолди. Суҳбатдошимизнинг айтишича, табиий офатдан зарар кўрганларга Россиянинг Кўлоб шаҳридаги 201 дивизияси ёрдам берган. Улар 7 май эрталаб БТР лар ёрдамида аҳолини хавфсиз жойларга кўчирган.

-Ёрдам сўраб, Душанбега ҳам телефон қилдик. Лекин аҳолини вертолëтлар билан қутқаришни ваъда қилган МЧСнинг қутқарувчилари ҳам, техникаси ҳам ҳозиргача Кўлобга етиб келгани йўқ. Одамлар оч, ичмлик сув ҳам, электр ҳам йўқ. Аёллар, гўдаклар томларнинг устига чиқиб ёрдам кутиб туришибди. Лекин ҳеч кимнинг улар билан иши йўқ, дея шикоят қилади табиий офатдан зарар кўрган Аҳмад Иброҳим.


Тожикистон фавқулотда ҳолатлар қўмитаси расмийси Дўстмурод Забиров¸ айни пайтда бу ҳудудда ҳукумат комиссияси ва жабр кўрганларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун махсус штаб ташкил этилганини билдирди.

Расмийнинг айтишича, Кўлоб шаҳрида сув тошқини оқибатида 600 та турар-жой биноси батамом вайрон бўлган.


Оддий кўлобликлар ҳозирча ҳукумат ëрдамини кўрмаëтганларини айтмоқда.

- Биздаги маълумотларга кўра, қурбон бўлганлар сони 4 киши, бедарак йўқолганлар эса ўндан ортиқ. Вайрон бўлган турар-жой бинолари сони эса биргина Кўлобнинг ўзида 600 та. Аммо унинг атрофидаги туман ва қишлоқлардаги зарарлар борасида ҳозирча маълумотга эга эмасмиз. Комиссия ишлаяпти,кечгача янги маълумотлар бўлади, деди ҳукумат расмийси Забиров.

Ҳукумат расмийси¸ Кўлоб аҳолиси тошқиндан кўпроқ молиявий зарар кўргани ва қурбонлар сонининг хабарларда айтилаётганича кўп эмаслигини таъкидлади.

Аммо Фавқулотда ҳолатлар қўмитасининг Кўлобдаги бошқармаси ходимлари 7 май куни эрталаб соат 9 да маҳаллий аҳоли ёрдами билан саккиз нафар бола жасадининг лойқа остидан олингани ва яна турли тан жароҳати олган тахминан 50 дан ортиқ одамнинг шаҳар касалхонасига ётқизилганини билдирди.

Аммо Кўлобдаги ишончли манбалар¸ қурбонлар сонининг расмийлар келтираëтган рақамлардан анча кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG