Линклар

Консерваторлар ҳукуматга келиши мумкин


Буюк Британия парламентига 6 май куни бўлиб ўтган сайловларнинг дастлабки натижаларига кўра, рақобатчи партиялардан бирортаси парламентдаги мутлақ кўпчиликни ташкил қилиш учун етарли ўринни эгаллай олмаган.

Пайшанба куни берилган овозларни санаш жараёни давом этаётганига қарамай, ўзаро курашаётган партияларнинг парламентда кўпчиликни ташкил қилиш учун етарлича ўринни қўлга кирита олмагани аён бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, мухолифатдаги Консерваторлар партияси 650 ўринли парламентда 300га яқин ўринни қўлга киритмоқда. Ҳукмрон лейбористлар 260 атрофида¸ Либерал-демократлар эса 50дан зиёд ўринни қўлга киритган.

Айни пайтда¸ Консерваторлар партияси етакчиси Дэвид Камерон ҳукмрон Меҳнат партияси мамлакатни бошқариш мандатини бой берганини маълум қилди.

-Сайловнинг якуний натижаларини кутишимиз лозим. Бироқ ишончим комилки, лейбористлар ҳукумати давлатимизни бошқариш мандатидан мосуво бўлди, деди Дэвид Камерон.

Британиянинг марказ-ўнгчи консерваторлари сайловлардан сўнг 13 йилдан бери иқтидорда бўлиб келган лейбористлардан ҳокимиятни олишга умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG