Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:06

Ўзбекистонда хусусий нотариуслар тугатилади


Хусусий нотариусларнинг тугатилишидан сўнг давлат нотариал хизмати идораларида яна узундан узун навбатлар туғилишини кутса бўлади.
Хусусий нотариусларнинг тугатилишидан сўнг давлат нотариал хизмати идораларида яна узундан узун навбатлар туғилишини кутса бўлади.

Президент Каримовнинг бу ҳақдаги фармони ҳозирча расман эълон қилинмаган бўлса-да¸ айни фармон асосида Ўзбекистон шаҳар ва вилоятларидаги Адлия бошқармалари хусусий нотариусларга 15 майгача кўч-кўронини йиғиштириш ҳақида оғзаки буйруқ бермоқда.

Ўзбекистон президентининг 5 майда имзо чеккан “Ўзбекистон Республикаси нотариал тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида”ги фармони расмий нашрларда эълон қилинмади¸ уни на кенг жамоатчилик ва на-да ўзбекистонлик хусусий нотариуслар кўрди. Аммо Ўзбекистон Адлия вазирлигининг жойлардаги бошқармалари аллақачон бу фармон ижросига киришган:

- Биз ҳали олганимиз йўқ. Бизга фақат эълон қилишди. Билмадим нима бўлади.

Озодлик: Қарорни кўрганларингиз йўқми?

- Йўқда¸ кўрганимиз йўқда. Фақат кеча эълон қилди. “14 да приëм передача қиласизлар. Кейин айтамиз нима бўлишлигини” деди¸ дейди сирдарёлик хусусий нотариуслардан бири.

Тошкентнинг Сирғали туманидаги хусусий нотариус идораларидан бирига қўнғироқ қилдик. Бу ердаги нотариуслар бугундан ишни тўхтатишгани, нима қилишларини билмай ҳайрон ўтиришганини айтишди:

Озодлик: Шуни бир айтиб берсангизлар. Ëпилгани яхши бўладими¸ ëмон бўлдими?

- Ëмон бўлди. Нимаси яхши бўлади? Кўчада қолди шунча одам ишсиз.

Озодлик: Тахминингизча¸ қанча одам ишсиз қолиши мумкин?

- 45 та нотариус бўлса¸ ҳар биттасида 10 тадан ишчи бўлса¸ 500 та одам кўчада қолди.

Озодлик: Қайси туманда энди бу?

- Тошкент шаҳрида.

Озодлик: Одамлар нима қилади энди? Яна давлат нотариусими? Яна тиқилинч¸ яна навбатми энди?

- Ҳа. Ҳамма давлат нотариусида навбатда ўтирибди.

Озодлик: Нима учун ëпилганининг¸ нима учун бунақа қарор чиққанининг сабабини айтишмаяптими?

- Йўқ¸ билмадик. Бизларга “шунақа қарор” дейишди бўлди. Айтган ишини қилаяпмиз.

Озодлик: Энди нима қиласизлар?

- Уйда ўтирамиз¸ дейди Сирғали туманидаги хусусий нотариусларидан бири.

Каримовнинг бу фармони ортидаги сабабни изоҳлашга уринган қашқадарёлик нотариус фикрича, ғазнаси бўшаб қолган Ўзбекистон ҳукумати хусусий нотариусларни битириш орқали улар ишлаб топган пулни энди тўлалигича ўз ҳисобига ўтказишга уринаëтган бўлиши мумкин:

- Ëпди. Ëпиш ҳақида ҳурматли президентимизнинг қарорлари бор. Сабабини энди Худо билади¸ бизларнинг Худо ўша президентимиз. У киши нима десалар шуда. Ўзи бўлмаган нарса. Давлатга қанча зарарда бу бизлардан. Чунки тушган пулнинг ярми давлатга¸ ярми бизларга кетади. Давлат нотариуси бўлса¸ ҳаммаси давлатга кетадида ака. Шунинг учун давлатга бўлгани маъқул деганларда. Бир неча миллиардлаб пул кетадида бу нотариусларга. Ўша томонини маъқул кўрган бўлсалар керак. Шунга шунақа фармон чиқарганлар¸ дейди аччиқ киноя қашқадарёлик нотариус.

Ўзи ишсиз¸ оиласи эса даромадсиз қолганидан гаранг бўлиб қолган бу суҳбатдошга кўра, хусусий нотариусларнинг тугатилишидан¸ нафақат бу секторда ишлаб¸ ўртача кун кериб келганлар¸ балки оддий аҳолига ҳам қийин бўлади:

- Бизларга битта томони бор эди. Бизларга яхши томони шунда эдики¸ бизлар дам олиш кунлари ҳам ишлаймиз. Кейин ҳалиги Нотариал қонуннинг 21-моддасига асосан¸ қонунда шундай кўрсатилган¸ клиент билан келишган ҳолда бир минимал ойликкача пулли хизмат олишга ҳаққи бор¸ деган жойи бор эди. Бизлар кам олардик. Хоҳласак олмасдик. Давлат нотариуслари оларди. Чунки ўша пулни давлатга топширарди ва шундан 10 фоизи ўзига қоларди. 10 фоизини ойлигига қўшимча қилиб берарди. Ана шу томондан давлат нотариусларига камроқ бориб¸ хусусийларга кўпроқ борарди. Кейин бизнинг транаспортимиз бор¸ шароитимиз яхши. Дарров¸ беш минутда ишларни битириб берамиз. Тезда битарди бизларнинг ишимиз. Тез ва тоза. Ана шунинг учун одамлар давлатникига кўпроқ бормасдан¸ хусусийга тезроқ борарди. Уйига ҳам бораверардик бизлар машина миниб. Куттириб ўтирмасдик. Чунки одамимиз кўпда. Давлат нотариусида битта секретар бор. Унга ҳам ойлик бермайди. Унга ҳам ойлик йўқ ўзи. Хусусий нотариусда секретар штати йўқ. Уларда секретарга ойликни тушган пулнинг ҳисобидан берарди. Бизларда ўзимизнинг тўртта-бешта секретарларимиз бор. Улар қилиб бераверарди ишларни. Ана шу томондан хусусий нотариусга клиент кўпроқ келарди¸ дейди қашқадарëлик нотариус.

Президент фармонида айтилишича, фақат фойда кўриш мақсадида фаолият юритаётган хусусий нотариал идоралар атрофида жиноий муҳит пайдо бўлган ва сўнгги икки йил мобайнида 110 нафар нотариус маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Бироқ сирдарёлик нотариус фикрича, бундай жиноятлар учун фақат хусусий нотариусларни айблаш нотўғри бўлади ва айни жиноятга қўл ураëтганлар давлат нотариал идораларида ҳам истаганча топилади:

- Энди биз ҳам ҳайрон қолаяпмизда. Хусусийларда жавобгарлик катта эди. Бизлар иложи борича қонун бузилишига йўл қўймасдик. Чунки ўшандай ҳолатда тарафлардан бири жабр кўрса¸ моддий тўлаб берардику. “Келтирилган зарарни хусусий нотариус тўлаб берсин” деганда. Давлатдан унақа нарса йўқ.

Озодлик: Давлат нотариуслари ва хусусий нотариуслар ўртасида фарқ борми?

- Фарқ ўшада. Хусусий нотариус мулки билан жавоб беради. Давлат нотариуси ишдан кетиши мумкин¸ ҳайфсан олиши мумкин¸ жазоланиши мумкин. Хусусий нотариус эса ҳуқуқий томондан келган зарарни тўлаб беради мулк билан. Давлат нотариуси учта ҳаракатни қилмас эди.

Озодлик: Қайсилар?

- Мерос тўғрисида гувоҳнома бермайди¸ меросга доир чора-тадбир кўрмайди¸ тақиқ қўймайди¸ дейди сирдарёлик нотариус.

Ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонован, ҳали фармоннинг тўлиқ матни билан танишмай туриб бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийинлигини таъкидлай туриб¸ хусусий нотариал идораларни йўқ қилиш тадбирининг Адлия вазирлиги амалга оширган адвокатларни қайта лицензиядан ўтказиш тадбирига ўхшаб кетишини қайд этади. 2009 йили амалга оширилган адвокатларни қайта лицензиялаш жараëнида нисбатан мустақил бўлган адвокатлик фаолияти тўлиқ Адлия вазирлиги назоратига ўтган эди.

Энди эса, дейди ҳуқуқшунос¸ кўчмас мулк ёки катта маблағдаги мол-ашёларни сотишга оид шартномалар расмийлаштирилганда давлат нотариусларига ҳам бу ҳақда хабар бериш вазифаси юклатилиши мумкин. Гўёки жиноят йўли билан топилган даромадларни легализация қилиш мақсадида чиқарилган бу қарор энди нотариусларга ҳам қўлланилиши мумкин, дейди Гулнора Эшонхонова:

- “Шу нарсани хабар берасизлар” деб талаб қилишаяптида. Бутун бошли нима чиққан. Бунга Ўзбекистон Адлия вазири¸ҳаттоки Бош прокурор ҳаммалари қўл қўйган. Шунақа нарсалар ҳам борда ҳозир. Менимча¸ сабабини ўша тарафдан қидириш керак¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов хусусий нотариуслар ҳақида ижобий фикрда эмаслигини айтар экан, уларнинг кейинги пайтларда “айниб” кетганлигини таъкидлайди:

- Булар ҳақида мен ижобий фикрга эга эмас эдим. Уларнинг коэффецентлари ҳам жуда баландда. Ўзи 500 сўмлик нарсани кўтариб юборган. 5000 дейдими¸ 10 000 деб юборадимией. Ҳайрон қоласиз. Дардингни ҳеч ким эшитмасдиямда. Улар ҳам маъмурий органга айланиб бўлди. Қаëққа борсанг боравер¸ деб худди шахсий чорбоғига ўхшатиб юборган эди. Ваҳоланки¸ қонун бўйича у ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишга мажбур. “Биз бу ҳаракатни амалга оширмаймиз. Давлатникига боринг” деб булар сарсон қиларди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Кузатувчиларга кўра¸ Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси нотариал тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида”ги фармони оқибатида Ўзбекистонда яна минглаб нотариуслар ишсиз қолади. Уларнинг ўрнига янги давлат нотариал идоралари ташкил қилинадими ёки йўқ, аҳолининг нотариусларга бўлган эҳтиёжи қандай қопланади, бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.
XS
SM
MD
LG