Линклар

logo-print

Ўзбекистонда уруш фахрийлари ëдга олинмоқда


"Сталин ва ватан учун жангга!" деган шиор остида уруш майдонларига ташланган юз минглаб ўзбекистонлик йигитлар шонсиз-шарафсиз қурбонликка келтирилди.

"Сталин ва ватан учун жангга!" деган шиор остида уруш майдонларига ташланган юз минглаб ўзбекистонлик йигитлар шонсиз-шарафсиз қурбонликка келтирилди.

Шу кунларда бутун дунё фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 65 йиллигини¸ ўзбекистонликлар эса Хотира ва қадрлаш кунини нишонланмоқда¸ ўзга юртлар¸ ëт мафкуралар урушига ташланган ўзбек жангчилари хотирланмоқда.


Йилдан йилга камайиб бораётган уруш фахрийлари бугунги кунда фақат хотира билан яшаб келмоқда. Бугунги қаҳрамонларимиз ўзлари гувоҳ бўлган тарих бўлагига оид майда тафсилотларни ҳам ўз хотирларида сақлаб келаётган ўзбекистонлик уруш қатнашчиларидир. Иккинчи жаҳон уруши охирларида фронтга чақирилганида атиги 18 ёшда бўлган ўзбек йигитларининг сафи кун сайин сийраклашиб бормоқда.

Биринчи суҳбатдошимиз, Икромали ота Ҳайдаров ўзини Европани фашизмдан озод қилишга ҳисса қўшганлардан деб билади:

- Мен 1944 йили армияга олиниб¸ Венгриянинг бош шаҳри Будапештда уруш кетаëтган экан¸ ўша ерда вагондан тушиб урушга кирдик. Жуда қаттиқ жанг бўлгандан кейин Будапештни озод қилдикда¸ Венгрияни озод қилдик¸ Венгриядан кейин Австрия территориясига ўтдик. Дунай дарëсидан ўтиб бориб¸ Вена шаҳрини озод қилиб Австрия давлатини ҳам озод қилдик. Шундан кейин биз Чехословакияга ўтдик. Прага шаҳригача 10 кун уруш бўлди. 10 кундан кейин Прага шаҳрига етиб бордик ва ўша ерда “уруш тўхтади” деб эълон қилишди. Прагани қамал қилиб¸ немисларни қувиб чиқардикда¸ дейди Икромали ота Ҳайдаров.

Улуғ ёшга етиб тетик юрган Икромали отанинг хотираларида хизмат қилган қисмнинг рақамлари ҳам муҳрланиб қолган:

- 2-Украина фронти¸ 409-дивизия¸ 964-артиллерия полки.

Озодлик: "Уруш худоси" денг!

- (кулиб) Ҳа. Шундай қилиб кейин Чехословакияда бир ой турдик ва бизни қайтариб яна Венгрияга олиб келди. Венгрияда бизни ëш борганимиз учун олиб қолди. Биздан қариларни япон урушига жўнатиб юборди.

Озодлик: Урушга кетганда неча ëшда эдингиз?

- 19 га кирган эдикда. Урушдан кейин 4 йил Германияда турдик. Ҳаммаси бўлиб етти йил хизмат қилдикда¸ дейди Икромали ота Ҳайдаров.

Икромали ота Ҳайдаровнинг бугунги кундаги яшаш-туриши ҳақида берган саволимизга кулиб, кўрган қийинчиликлари олдида ҳозирги қийинчиликлар кўзга ҳам кўринмаслигини билдирди:

- Ҳа энди етади¸ Худога шукур. Бизнинг мусулмончиликда борига ҳам шукур дейди¸ йўғига ҳам шукур дейди. Худога шукур¸ устимиз бут¸ қорнимиз тўқ. Ҳаëтимиз яхши. Нима керак бизга ҳозир? 85 га кирдик мана. Секин қарилик гаштини сураяпмиз¸ дейди 1944 йилда 18 ёшида Ғарбий фронтга чақирилган сирдарёлик Икромали ота Ҳайдаров.

Берлиннинг 8 май куни таслим бўлиши Европада тинчлик ўрнатилишига асос яратди. Лекин Осиёда урушлар даври энди бошланаётган эди. Аксил-гитлерчилар иттифоқи режасига биноан, шўролар давлати бутун шарқий Осиёни босиб олган Японияга қарши уруш бошлади. Энди Сталин ўзбек йигит-қизларини Шарқдаги уруш майдонларига ташлади.

Гулистон шаҳар фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасини бошқариб келаётган 84 ёшли Бектурсун Пирматов ҳам урушга 18 ёшида сафарбар қилинган ва донғи кетган миллионлик Квантун армиясига қарши курашган:

Бектурсун Пирматов: Бизни 1945 йилнинг июн ойида Монголияга олиб бориб ташлади. Монголиядан кейин Манчжурия чегарасигача юриб бориб¸ 9 августда ўша вақтдаги СССР Ташқи ишлар вазири Молотов Японияга қарши уруш эълон қилди. Шундан кейин биз олға қараб кетдик. 25 августда биз Манчжурияда Мудацзян деган шаҳарни японлардан ишғол қилдик. Ўша ерда унчалик катта бўлмаган тез оқар дарë бор экан. Дарëнинг устидан ўтган кўприк бор. Кўприклар бомбит қилинган. Ғалабанинг 65 йиллигини нишонлаш арафасида ўзимизнинг Гулистонда яшаëтган¸ 1943 йилда армияга кетган¸ Мудацзян шаҳрини озод қилишда биз билан бирга қатнашган одам билан тасодифан учрашиб қолдик. Бир-биримизни кўриб юрамиз¸ ўтирамиз¸ лекин гапдан гап чиқиб танишиб¸ у ўзининг таассуротларини гапириб¸ мен ўзимнинг таассуротларимни гапириб¸ бизни “Сирдарë ҳақиқати” газетасида чиқарди¸ телевизорда берди. Ҳаëтимда иккитаси билан учрашдим. Мана битта тирик. Гаврилов Алексей Васильевич деган одам 1925 йилда туғилган. Мудацзянга борганимизда бизда водийдан кўп эди¸ ҳамма вилоятлардан кўп эдида. Бизларни олиб бориб тайëрлагандан сўнг¸ ëшларни кексаларга қўшиб юбордида.

Озодлик: Неча ëшда эдингиз?

- 18 ëшда эдим. Уруш 3 сентябрда тамом бўлди. Японлар капитуляция бўлди. Қолганининг кетидан место назначениегача бордик. Ўша ерда Квантун ярим оролида бизнинг оккупацион армиямиз қолди. Цзянжу деган шаҳарда. 1951 йил 15 апрелда қайтдим мен¸ дейди Бектурсун Пирматов.

Бектурсун Пирматов ҳам 7 йил хизмат қилиб юртга қайтган. Кекса фахрийнинг сўзларига кўра¸ Гулистон шаҳрида бор-йўғи 20 нафар уруш фахрийси қолган.

- Саломат юрганлардан ҳозир 20 та қолди.

Озодлик: Қайси қўшинларда хизмат қилгансиз?

- Биринчи 110-дивизия¸ 26-гвардейский¸ 76- артиллерский полк. Штабник связист¸ командир отделение связ.

Озодлик: Қайси унвонда тугатдингиз?

- Сержант¸ деди урушни Шарқда Японияга қарши курашган гулистонлик Бектурсун Пирматов .

Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раҳбари Шуҳрат Усмоновнинг сўзларига кўра, 2008 йили Ўзбекистонда 15 500, 2009 йили 12 900 уруш фахрийси бўлган. “Нуроний” Жамғармаси мутассадисининг сўзларига кўра, 2010 йил Ўзбекистонда яшаётган уруш фахрийлари сафи янада сийраклашган:

- Медал билан ва пул мукофоти билан тақдирланадиган уруш қатнашчиларининг сони 10 503 та¸ деди “Нуроний” жамғармаси ходимаси.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг 6 миллионлик аҳолисидан 1,5 миллиони, яъни меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоизи бевосита фронтга сафарбар қилинган. Улардан 300 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, 100 мингдан ортиғи эса бедарак йўқолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG