Линклар

Даймлер Ўзбекистонда автобуслар чиқаради


“Ўзавтосаноат” ширкати жума куни Германиянинг Daimler AG автоконцерни билан автобус ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги келишувга имзо қўйди.

Янги тузилаётган қўшма корхонада Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун сайёҳатчилик, шаҳарлараро, шаҳар ичкарисида ҳаракатланувчи автобуслар ҳамда мини автобуслар ишлаб чиқариш режаланган.

Қўшма корхона таъсис фондининг 8 миллион доллар атрофида экани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, янги корхонанинг 51 фоиз акциялари Daimler AG концернига, 49 фоиз акциялари эса “Ўзавтосаноат” ширкатига тегишли бўлади.

Яқинда эса Daimler AG ширкати АҚШнинг порахўрликка қарши қонунини бузганликда айбланган эди.

Маълумотларга кўра, Daimler 1998 – 2008 йилларда камида 22 давлатда ўз бизнесини очиш учун расмийларга ўнлаб миллион доллар миқдорида пора берган.

Бу давлатлар орасида Россия, Хитой, Туркия, Миср, Ироқ, Хорватия, Сербия, Черногория, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳам бор.

АҚШ судидаги ҳужжатларида келтирилган маълумотларга кўра, Daimler Туркманистонда бир амалдорнинг туғилган куни муносабати билан унга 300 минг доллар пул ва ўқ ўтмайдиган Mercedes Benz автомобилини совға қилган.

Айтилишича, Daimler AG АҚШ Адлия вазирлиги ҳамда Хавфсизлик ва алмашинув қўмитаси томонидан қўйилган бу айблов муаммосини ҳал қилиш учун 185 миллион доллар тўлашни режаламоқда.

XS
SM
MD
LG