Линклар

logo-print

Назарбоев истеъфоси талаб қилинаяпти


Қозоғистонлик ўнга яқин мухолифатчи 8 кундан бери очликни тўхтатгани йўқ.

Қозоғистонлик ўнга яқин мухолифатчи 8 кундан бери очликни тўхтатгани йўқ.

8 кундан бери президент Назарбоев истеъфосини талаб қилиб очлик акциясини ўтказаётган қозоқ мухолифатчиларига кўра, сўнгги 3-4 йил ичида Қозоғистонни 2 миллион одам тарк этган ва мамлакатаҳолисининг 50 фоизи қашшоқликка юз тутган.

1 май куни Қозоғистондаги мухолифатдаги “Алға” партиясининг беш аъзоси очлик акциясини эълон қилганди. Шундан бир неча кун ўтиб, очлик акциясига яна бир қанча мухолифатчи келиб қўшилгани маълум бўлди.

Айни пайтда очлик акцияси иштирокчилари қозоқ ҳукуматига олти талаб қўймоқда. Улар “Назарбоев кет!”, “Одил сайлов”, “Одил суд”, “Эркин ОАВ”, “Эркин митинглар ва пикетлар” ҳамда “Қозоғистондаги ҳар бир сиёсий тутқунни озод қилиш”.

Очилик акцияси иштирокчиларидан бири Жасарал Қуанишалин очлик акцияси иштирокчилари саккиз кун давомида фақат сув ичиб келаётганлари ва ўз норозилик акцияларини илгари сурилган талаблар амалга оширилгачгина тўхтатишларини маълум қилди.

- Очлик акцияси иштирокчилари жуда ҳолсизланганлар, кўпларининг сурункали касаллари авжига чиқмоқда. Аммо биз талабларимиз инобатга олинмагунича, очлик акциямизни давом эттириш қарорига келдик, - дейди мухолифатдаги сиёсатчи.

Унга кўра, очлик акцияси саккиз кун давом этаётган бўлса-да, ҳукумат томонидан улар олдига ҳеч қандай вакил юборилмаган. Шифокорлар эса, очлик акцияси бошланганидан етти кун ўтиб, акция иштирокчиларидан хабар олганлар.

- Бугун туман поликлиникасидан одам келиб, бизни текшириб кетди. Бундан аввал шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ва шаҳар прокуратурасига очлик акциямиз ҳақида маълум қилгандик. Балки шунинг натижасида, бизнинг олдимизга шифокорларни юборишган бўлса керак, - дейди Жасарал Қуанишалин.

Унинг айтишича, очлик акцияси иштирокчиларидан хабар олгани келган шифокорлар очлик акцияси иштирокчиларининг баъзиларида қон босими, юрак ҳасталиклари борлиги ва улар тезкор равишда шифохонага ётқизилишлари кераклигини билдирганлар.

Аммо очлик акцияси иштирокчилари шифохонага ётишдан бош тортганлар. Ўз навбатида, очилик акцияси иштирокчиларидан бири, мухолифатчи Ермек Наримбоев 1 май куни Олмаотада санкциялаштирилмаган митинг ўтказгани айблови билан ўн беш кунга озодликдан маҳрум қилинганди.

Ермек Наримбоевнинг рафиқаси Зоя Наримбоева, айни пайтда эрининг қамоқда ҳам очлик акциясини давом эттираётганини билдирди.

- Эрим билан гаплашишга ёки хат бериб юборишга руҳсат беришмаяпти. Қамоқда ўз шифокорлари борлиги ва улар эримнинг соғлиғини кузатиб боришаётганини айтишмоқда. Қамоқда эрим фақат сув ичаётган экан, ҳар куни қамоққа минерал сув олиб бориб бераяпман, - дейди Зоя Наримбоева.

Эслатиш жоизки, 1 май куни Қозоғистонда “Қозоғистон халқлари бирлиги куни” нишонланганди. Ўша куни Олмаотада “Назарбоев кет!” дея ҳайқириб чиққан намойишчиларнинг кўплари ҳибсга олиниб, бир неча кунга озодликдан маҳрум этилгандилар.

Қирғизистонда содир бўлган апрел воқеаларидан сўнг, қозоқ мухолифатининг президент Нурсултон Назарбоев сиёсатига қарши ҳаракатлари анча фаоллашди. Шу билан бир қаторда, қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларининг мухолифатчилар ҳаракатларини кузатиб боришлари ҳам анча кучайтирилди.

- Бугун Назарбоев шахсан ўзи ҳукуматни ушлаб турибди. Уни ҳеч кимга бермаяпти, ишонмаяпти. Ҳаттоки ислоҳотлар ўтказишга ҳам изн бермаяпти. Чунки Назарбоев оз бўлса-да ҳукуматни бўш қўйса, ундан айрилиб қолишини, Қирғизистондаги вазият бу ерда ҳам такрорланишини жуда яхши тушунади, - дейди мухолифатдаги «Алга” партиясининг раиси Владимир Козлов.

Куни кеча қозоқ ҳукумати, ҳусусан президент Нурсултон Назарбоев юритаётган сиёсатга ўз қаршилигини билдирган яна бир мухолифатдаги сиёсатчи, коммунистик партия собиқ раиси Серикбўлсин Абдилдин қозоқ давлат раҳбари номига очиқ хат йўллади.

Ўз хатида мухолифатдаги сиёсатчи Назарбоевнинг сўнгги йиллар давомида юритаётган сиёсати Қозоғистонни тоталитар давлатлар рўйхатига олиб киргани, шу боис президент йигирма йиллик давлат раҳбарлигини битириб, йўлни ёшларга бериши кераклигини ёзган.

- Агар президент Назарбоев биринчи маротаба сайланганидан кейинги вақтдан бошлаб ҳисоблайдиган бўлсак, у беш маротаба президентликка сайланиб ўтирибди. Биз 90 йилларда президент институтини ташкил этган пайтимиз, президент фақат тўрт йиллик муддатга сайланади деган қонун қабул қилганмиз. Энди Назарбоев ҳукмронлигига йигирма йил тўлган бўлса-да, у тахтдан кетмайман деяпти. Мамлакатда иқтисодий вазият яхши деб жар солсалар-да, Назарбоевнинг ўзи яқинда қозоғистонликларнинг эллик фоизи қашшоқликда яшаётганини айтиб ўтди, ўша қашшоқликни эллик фоизга етказган Назарбоев. Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиб, демократиянинг иси ҳам келмай қолди, - дейди мухолифатдаги сиёсатчи.

Серикбўлсин Абдилдинга кўра, сўнгги 3-4 йил ичида Қозоғистонни икки миллиондан ошиқ одам тарк этган.

- Бу рақамлар Қозоғистондаги ҳаёт президент Назарбоев айтаётгандай фаровон эмаслигидан далолатдир, - дея якунлади ўз сўзини Серикбўлсин Абдилдин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG