Линклар

ЕИ ўз иқтисодини ҳимоя қилмоқчи


Европа молиячиларини евро қийматининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишда давом этаётгани хавотирлантирмоқда.

Европа молиячиларини евро қийматининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишда давом этаётгани хавотирлантирмоқда.

Евроҳудудга аъзо 16 давлат етакчилари Грециядаги молиявий бўҳроннинг еврога салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш мақсадида фавқулодда ҳимоя режасини ишлаб чиқишга келишиб олганликларини маълум қилдилар.

Евроҳудудга кирувчи давлатлар раҳбарлари Греция бўҳронининг бошқа давлатларга ёйилиб кетишини олдини олишга қаратилган махсус чора тадбирлар устида иш олиб бормоқдалар.

Жума куни евроҳудудга аъзо 16 давлат етакчилари Брюсселда Европа Марказий банки ва Европа комиссияси мутасаддилари билан учрашиб, Греция атрофидаги вазият ва евро пул бирлиги қадрсизланиши олдини олиш каби масалаларни муҳокама қилдилар.

Саммит ниҳоясига етгач, 8 май куни журналистлар билан учрашган Европа комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррузо евро барқарорлиги сақлаб қолиш учун евроҳудуд давлатлари барча чораларни қўллашга тайёр эканликларини маълум қилди.

- Биз нафақат Греция, балки барча евроҳудуддаги молиявий барқарорликни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Бугун евроҳудуд давлатлари ўзларининг пул бирликлари евро атрофида тўпландилар, деди Хосе Мануэл Баррузо.

Аввалроқ евроҳудудга аъзо 16 давлат етакчилари жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келаётган Греция ҳукуматига бир неча миллиард евролик ёрдам дастури ажратилишини маъқулладилар.

Ўтган ҳафта Евроҳудуд давлатлари молия вазирлари ва Халқаро валюта жамғармаси Грецияга жами 110 миллиард евро ажратишга келишиб олган эдилар. Ёрдам дастури учун евроҳудуд давлатлари биргаликда 80 миллиард евро, Халқаро валюта жамғармаси эса 30 миллиард евро ажратишини билдирган.

Грецияга ёрдам дастури ажратилиши маъқулланганига қарамай, евро қиймати АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишда давом этди. Бунинг ортидан эса молиявий бўҳроннинг евроҳудуд давлатлари орасида иқтисоди заиф ҳисобланган Португалия, Испания ва Ирландияга кўчиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар янада кучайди.

Жорий ҳафта давомида Лондон, Париж ва Франкфурт биржалари кўрсаткичлари ҳам кескин тушиб кетди.

Айни пайтда евроҳудуд давлатлари етакчилари ўзига хос ёндашув талаб қилинадиган ўта жиддий муаммога юзланаётганликларини тан олдилар.

Eurogroup президенти Жан Клод Янкер евроҳудуд жаҳон бозорларининг шиддатли ҳужумига учраётгани ва бунга қарши зудлик билан чора тадбирлари кўрилиши лозимлигини таъкидлади.

- Бутун евроҳудуд ҳужумга учрамоқда, деб ҳисоблаймиз. Биз якшанбага қадар евроҳудуд ва бутун ЕИ бўйича бу каби ҳужумларга қарши амалий чораларни ишлаб чиқишимиз лозим, деди Жан Клод Янкер.

Маълум бўлишича, ЕИга аъзо барча 27 давлат Молия вазирлари 9 май куни учрашиб, Грециядаги молиявий бўҳроннинг еврога салбий таъсир кўрсатишини олдини олишга қаратилган фавқулодда ҳимоя режасини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қиладилар.
XS
SM
MD
LG