Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:48

Тожикистон энди ЕХҲТдан кўмак сўрамоқда


Тожикистоннинг ЕХҲТдаги доимий вакили Нуриддин Шамсовга кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга қарашли 2 мингта вагон асоссиз равишда ушлаб турилибди.
Тожикистоннинг ЕХҲТдаги доимий вакили Нуриддин Шамсовга кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга қарашли 2 мингта вагон асоссиз равишда ушлаб турилибди.

Тожикистоннинг ЕХҲТдаги доимий вакили Нуриддин Шамсов ташкилот расмийларига мурожаат қилиб, юк вагонлари транзити атрофида ўз давлати билан Ўзбекистон ўртасида вужудга келган муаммони ҳал қилиб беришни сўради.

Жаноб Шамсов ЕХҲТ Кенгашининг Венада бўлиб ўтган йиғилишида ташкилотнинг ҳозирдаги раҳбари бўлган Қозоғистон томонига мурожаат қилиб, ўз мандати доирасида юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзити ва хавфсизлигини тўла таъминлашини сўраган.

Тожик расмийси Шамсов Тожикистон ҳар доим Ўзбекистон билан яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйишга интилиб келганини, аммо расмий Тошкент мутлақо асоссиз Тожикистонга тегишли юк вагонларини ўз ҳудудида тутиб қолаётгани маълум қилган.

Тожик расмийси маълумотларида келтирилишича, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилган юк вагонлари сони 2 мингта экан.

Эслатиб ўтсак, юк вагонлари транзити атрофидаги икки қўшни жанжали шу йил феврал ойи бошларида бошланган эди.

Тожик расмийлари маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакат иқтисодиёти биргина юк вагонлари транзитидан тахминан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.

Шу важдан ташвишга тушиб қолган Тожикистон расмийлари сўнгги бир ярим ой давомида қатор нуфузли ташкилотлар, жумладан, БМТ, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Душанбедаги қатор ғарб давлатлари элчихоналарга ва ниҳоят, ЕХҲТ идорасига бу масала ечимида кўмаклашишни сўраб мурожаат қилди.

Тожикистон темир йўллари ширкати вакиллари шу кунгача бу ташкилотлардан ҳеч қандай жавоб олинмаганини билдиришди.

Тожик расмийлари бу масаланинг сиёсий хусусиятга эгалигини даъво қилади. Улар ўз даъволарини юк транзити муаммоси айнан Роғун акциялари сотувга чиқарилганидан сўнг пайдо бўлгани билан изоҳлашади. Улар Роғун ГЭС қурилишини истамаётган Ўзбекистон шу йўл билан Тожикистонга иқтисодий босим ўтказмоқчи бўлаётганини иддао қилишда давом этмоқдалар.

Аммо Ўзбекистон томони Тожикистон иддаоларини рад қилиб, юк вагонлари транзитидаги асосий муаммо техник муаммо эканини таъкидлаб келади.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси масъуллари фикрича, агар Ўзбекистон томонида Тожикистонга нисбатан сиёсий ғараз ва мамлакат иқтисодиётини қамал қилиш нияти бўлганида эди, Талко алюминий ишлаб чиқариш заводига тегишли юк вагонлар умуман қўйиб юборилмаган бўлур эди.

Шу ўринда эслатсак, жорий йил март ойи охирларида Ўзбекистон темир йўллари Талко заводи учун хом ашё юкланган тахминан 1370 та вагонни ўз ҳудудидан ўтказиб берган эди.

Тожикистон томонининг ЕХҲТга юк вагонлари транзитини ҳал қилиб беришга оид мурожаати Ўзбекистон Хатлон вилояти йўналиши бўйича юк вагонларини қўйиб юбора бошлаган бир вақтга тўғри келди.

Тожикистон темир йўллари ширкат расмийси Муҳаммадюсуф Абдураҳмоновнинг билдиришича, Хатлон вилоятига тегишли 1000 та юк вагони сўнгги уч ой давомида Ўзбекистон ҳудудида ушлаб турилган экан.
- 8 майда Ўзбекистон Хатлон вилоятига тегишли 67 та вагонни қўйиб юборди. Бу вагонларнинг ҳаммасига ун юкланган, дея маълум қилди темир йўл расмийси.

Аснода мустақил таҳлилчилар ҳам, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчилиги масъуллари ҳам муаммо ечимида ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш аксинча муносабатларни янада таранглаштириб юбориши мумкинлигини таъкидлашади.

Уларга кўра, ўртада мавжуд ҳар қандай муаммони ўзаро ҳамжиҳатлик ва муроса йўл билан ҳал қилиш ўринлидир.

- Ягона тарихимиз ва маданиятимизни назарга олган ҳолда, биз бегоналарни муаммоларимизга шерик қилмаслигимиз лозим. Орамизда воситачилик қилишларини сўраб, уларни майдонга чорлашимиз жуда хатодир. Чунки ҳар доим ўз манфаатларини устун билиб келган йирик давлатлар ёки ташкилотларнинг муаммоларимизга аралашуви муносабатларимизни баттар кескинлаштиради, дейди мустақил таҳлилчи Саймуддин Дўстов.
XS
SM
MD
LG