Линклар

logo-print

Эргаш Қобилов 69 йил олдин ватани Тожикистондан урушга кетган эди. Урушда асирга тушган бу одам қарийб 70 йил ватанидан йироқда, айрилиқда яшади. Бугун эса у она тупроғига қадам қўйди.

Эргаш бобо ўзининг Сўғд вилоятидаги Қорамозор қишлоғида туғилганини айтади.

- 1940 йилда ўриснинг аскарига кетдим. Ундан кейин 41- йилда уруш бошланди, 1-Украина фронтига жўнатишди. Жангларнинг бирида асирга тушдим. Бу лагердан қочиб кетишга муяссар бўлдим. Бир ҳафта давомида яёв юрдим. Қаерга бораётганимни билмасдим. Ҳамма ёқ нотаниш жойлар. Кун қаердан чиқса, ўша томонга юрдим, дейди Эргаш бобо.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у Украинанинг қайси жойида бўлганини билмайди. Унга яхши одамлар ёрдам беришган, егулик, жой бериб сийлаган. “Фронтдан ўтиб бўлмайди, яхшиси шу ерда қол”, дейишган.

- “Фронтдан ўтишни ҳам ўйлама. Яна қўлга тушасан. Лагерга олиб кетишади. Шу ерда ишлайсан, яшайсан”, деди мезбон. Лагер нималигини билардим. У ерда жуда кўп одамлар ўлдириларди. Лекин ўша колхозда ҳам бизни немислар ушлади. Германияга олиб кетишди, дейди Эргаш бобо.

Отахоннинг сўзларига кўра, уни Германиянинг Потсдам шаҳридаги лагерга олиб боришган. Бир лагердан иккинчисига, кейин учинчисига ҳайдашган.

- 1945 йилнинг март ойи охирида бир ўзбек йигит билан лагердан қочдик. Бир неча кундан кейин деҳқон немисга учрадик. У бизга иш берди. Подавон бўлдик. Икки-уч ҳафтадан кейин америкалик солдатлар келиб қолди. Бизни тақсимлаш лагерига олиб боришди. У ерда америкаликлар биз билан суҳбатлашди. “Қайси мамлакатга, Америка ёки Канадага, борасизларми?” деб сўрашди. Мен: “Уйга кетаман”, дедим, дейди Эргаш бобо.

Лекин Эргаш бобо учун ватанга қайтиш вақти чўзилди. Ҳарбий асирлар ГФРдаги лагерга жўнатилдилар. 1952 йилга қадар Эргаш бобо ўша лагерда бўлган. Ундан кейин ҳарбий асирларни немисларга тарқатишди. Ўша ерда Эргаш бобо бир немис қиз билан танишиб қолган.

- Немис қизи касалхонада ҳамшира бўлиб ишлар экан. 1957 йилда у қизга уйландим. 44 йил бирга яшадик. Яқинда у оламдан кўз юмди. Ҳозир бир ўғлим, неваралар бор. Улар алоҳида яшашади, дейди Эргаш бобо.

Отахон Германияда яшаб юрган йиллар давомида қариндошларига неча марталаб хат ёзган. Улар билан алоқа қилишга ҳаракат қилган.

- 1948 йилда амакимга Қорамозорга хат ёзган эдим. Лекин хат амакимга етиб бормаган. Энди ўша пайтлари ҳарбий асирлар хоин ҳисобланарди. Балки шунинг учун хатим етиб бормагандир. Эртага Қорамозорга бораман. Қишлоқда ўн кун тураман. У ерда тоғам, жиянларим, қариндошларим бор. Кейин қайтиб кетаман, дейди Эргаш бобо.

Суҳбатдошимиздан “Ватанга бутунлай қайтиш ниятингиз борми?” деб сўраймиз.

- Мен сизга тўғрисини айтсам, минг тиллани мана шу ерга қўйиб қўйсангиз ҳам келмайман. Аксинча, сизларга бир минг доллар совға бераману, келмайман. Нимага десангиз, бу томони яна бир йил ёки икки йил яшайманми, йўқми - билмайман, дейди кўзларида ёш қалқиб Эргаш бобо.
XS
SM
MD
LG