Линклар

Россия кўмир конида фожиа юз берди


Распадская кўмир кони юз берган портлашдан сўнг.

Распадская кўмир кони юз берган портлашдан сўнг.

Россиянинг энг йирик кўмир конида шанба куни метан гази портлагани оқибатида нобуд бўлганлар сони 32 кишига етди. Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгуга кўра, айни пайтда 60га яқин кончи ҳануз ер остида қолмоқда.

Россиялик қутқарувчилар барча имкониятларни ишга солган ҳолда шанба кунги портлашдан сўнг ер тагида қолган 59 нафар кончини қутқаришга ҳаракат қилмоқда.

Кемерово вилоятидаги “Распадская” кўмир конида шанба куни рўй берган иккита портлаш оқибатида 32 нафар кончи нобуд бўлди, 65 киши тан жароҳати олди.

Энг оғир тан жароҳати олган олти шахс эса махсус самолёт билан Новокузнецкдан Москвага олиб келинди.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгу сўзларига кўра, ер тагида қолган ишчилар хаётини сақлаб қолиш учун қутқарувчиларда 48 соат вақт қолмоқда. Маълум бўлишича, қутқарув ишларига 560 киши ва 125 дона махсус техника жалб қилинган.

Кондаги портлашлар юзасидан эса Россия прокуратураси томонидан “Хавфсизлик қоидаларини бузиш” моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Междуреченскда эса Ғалаба кунига бағишлаб ўтказилиши режаланган байрам тадбирлари бекор қилинди.

Кўмир конида қайтадан портлаш рўй бериши таҳдиди юқори бўлганлиги туфайли қутқарув ишлари 9 май куни вақтинчалик тўхтатилди. Кўмир конидаги электр таъминоти ва ҳавони тозаловчи ускуналар қайта таъмирлангандан сўнг, қутқарув ишлари давом эттирилди.

9 май куни Кемероводаги фожиа юзасидан гапирган Россия Бош вазири Владимир Путин тупроқ остида қолган кончиларни қутқариш ишларини жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади.

-Вазият чиндан ҳам оғир ва жудаям фожиалидир. Вазият ўзгаришини кутиб, қўл қовуштириб ўтириш нотўғри эканлигини барча ҳамкасбларимга етказиб қўймоқчиман. Одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак. Имкон қадар тез фурсат ичида шахта ҳавосини тозалашимиз шарт, деди Владимир Путин.

Айни пайтда расмийлар портлаш сабабларини аниқлашга уринмоқдалар. Кўмир конида метан гази портлагани тахмин қилинаётган бўлса-да, кон раҳбарияти фожиа рўй берган маҳал кўмир кон ичкарисида метан гази нормал даражада бўлганини таъкидламоқдалар.
Хабарларга кўра, Россия ҳукумати ва “Распадская” кони раҳбарияти фожиада нобуд бўлган кончилар оила аъзоларига уч миллион рубл атрофида товон пули тўланишини маълум қилдилар.

11 майдан бошлаб эса фожиа қурбонларини дафн қилиш маросими бошланади.
XS
SM
MD
LG