Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:19

Андижон 13 май манзарасини унутмоқда


Андижон марказидаги бундай беш йил аввал қонга беланган майдонида бугун атиргуллар гулламоқда.
Андижон марказидаги бундай беш йил аввал қонга беланган майдонида бугун атиргуллар гулламоқда.

Андижондаги қонли воқеалардан беш йил ўтиб бугун Андижонда нима гап? Беш йил муқаддам мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кўп минг кишилик намойишга чиққан Андижон аҳли бугун 13 май воқеаларини хотирлайдими?


Қонли воқеалар “гувоҳи” Бобур майдони


Бугунги Андижон манзарасини чизишни шаҳар марказидаги Бобур майдонидан бошлаймиз. Беш йил аввал халқ қирғин қилинган ўша Бобур майдони! Ҳукумат кучлари ёғдирган ўқлар ёмғирига жонсиз гувоҳ бўлган, ўнлаб, балки юзлаб андижонлик қурбон берилган ўша Бобур майдони....

Орадан беш йил ўтиб бу майдонда нима ўзгариш?


Беш йил аввал намойишчилар ишғол қилган Андижон вилоят ҳокимлиги биноси беш йил ўтиб¸ халқ учун кириб бўлмас қўрғонга айланган.
Саиджаҳон Зайнобиддинов: Биринчи кўзга ташланадиган ўзгаришлардан Бобур майдонининг рўпарасидаги Бакиров номли кинотеатр бузиб ташланган. Ўрнига фонтанча қуриб қўйилган. Драма театри бошқатдан ремонт қилинган. Ундан кейин Бобур майдонидаги Бобурнинг отда турган ҳайкали бошқа жойга кўчирилган. Унинг ўрнида кичкина гулзорча қилиб қўйишган. Ҳокимиятнинг етти этажли маъмурий биноси ҳам замонавий стилда ремонт қилинган. Фақат тепадан икки этажи олиб ташланиб¸ беш этажини ойнаванд қилиб¸ пластмассалар билан обшивка қилиб замонавий кўринишда таъмирланган.

Озодлик: Бобур майдонида беш йил олдинги қонли воқеани эслатадиган бирор бир нарса қолганми?

Саиджаҳон Зайнобиддинов: Кўрган билганлар эслаши мумкин. Лекин ўша даврдаги ҳолатдан деярли нишон берадиган ҳеч нарса йўқ. Кўрганлар¸ билганларнинг ўша ерда ўтаëтганда эсига келар. Кўрмаган одам учун аввалгидай Бобур майдони.

Озодлик: Воқеа гувоҳи бўлганлар ариқларда сув ўрнида қон оқди¸ деб айтишган эди. Бугун ўша ариқлар борми ëки кўмиб ташланганми?

- Бу ариқлар турибди ҳозир ҳам. Улар кўмилмаган, дейди андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Бугунги кунда Андижон вилоят ҳокимлиги биноси олдида Бобур майдони йўқ. Майдондаги Бобур ҳайкали шаҳарнинг бошқа бир чеккасига - Темир йўл вокзали рўпарасига кўчирилиб, ўша жой Бобур хиёбони деб номланган. Андижон вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги майдон эса Навоий шоҳкўчасига айлантирилган. Бу жойда икки суворий - милиция ходимларидан иборат икки отлиқ кечаю-кундуз навбатчилик қилишади.

Андижонда ҳеч нарса бўлмагандай… лекин


Андижон воқеалари рўй берган майдон 2005 йил май ойида.
2005 йилги қонли воқеалар ким учундир мавҳум ва олис воқеа. Қайсидир андижонлик 13 май санаси ўзи учун мутлақо ҳеч нарсани англатмаслигини айтса, бошқа бири турмуш ташвишлари боис Андижондаги қонли воқеалар хотирасидан ўчганини айтади.

- Андижон ҳеч нарса бўлмагандай. Уни биров эсига ҳам олмайди. Агар бир хонадонда биров азият чеккан бўлса¸ ўшалар эсга оладиган бўлса¸ бу бошқа. Бировники Руминияга ўтиб кетган¸ бировники бошқа жойга ўтиб кетган. Лекин бошқа хонадонларда умуман буни билмайди ҳам¸ сезмайди ҳам. Бўлмагандай нарсада. Жабр тортган хонадондагиларнинг уйидагилар сезади. Менинг жияним жабр кўрган¸ ўқ теккан¸ ярадор бўлган. Қўли ишламай қолган¸ бармоқлари ишламай қолган. Яна маҳалламиздан бир ëш йигитни отиб юборган. Эртасига Бобур майдонидан ота-оналари топишган. 24 га кирган. Ҳали уйланмаган эди. Жабр тортмаган хонадон бўлса¸ бу воқеани биров эсга ҳам олмайди, дейди андижонлик суҳбатдош.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларининг жамоатчилик шууридан ўчиши¸ ўчмаган тақдирда¸ бу воқеаларнинг ўта қора рангларда қолиши учун давлат пропагандаси кучидан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Бу ташвиқотнинг аксар ҳолларда натижа бераётгани кузатилади.

Андижонлик суҳбатдош ҳукуматнинг “сайъи-ҳаракати” боис одамлар бу воқеани унитишга мажбур бўлганликларини айтади.

- Биласизми¸ катта раҳбар “шу яхши бўлмадида” дегани учун ҳамма ëғи шилиниб йўқ бўлиб кетди бу воқеани. Шунга муносабат билдиргани ҳам йўқ¸ бошқа қилгани ҳам йўқ. Катта раҳбар “шу яхши бўлмадида” деган. Шунинг учун йўқ бўлиб кетди. Гўëки гапирмаслик керакда. Сиëсатимиз шунақа. Яхши бўлдими шу? Албатта¸ ëмон бўлдида. Ким яхши бўлди дейди буни? Биродарлар дейдими¸ акромийлар дейдими¸ давлат дейдими – одам ўлди. Буни ҳеч ким оқламайди. Ҳеч ким оқламайди, дейди андижонлик суҳбатдошлардан бири.

Шу кунга қадар воқеанинг юзлаб жарбдийдалари, жумладан ўша машъум воқеага гувоҳ бўлганлар бу кун даҳшатини унута олмасликларини айтадилар.

- Худо у кунларни қайтармасин. У ëмон бўлганда энди. Одамларни қийин аҳволда ëтганлигини кўрганмизда энди. Ўлган¸ бошқа қилган¸ одамлар қийналган ҳолат. Масалан¸ ўзимиздан қиëс. Мудҳиш бир воқеани кўрдикда. Ҳамма ëқ қон¸ бошқа нарса¸ қўяверингки энди у ерда жуда кўп ишларни кўрдикда. Отиб ташлаган. Одамларнинг бош тарафлари¸ миялари ерда. Ичаклари чиқиб қолган¸ оëқлари узилиб ётган. Ўша сув ўтадиган ариқларда бутун қон тўлиб кетган. Гапириб бўлмайдиган даражада ëмон иш қилишганликларининг гувоҳ бўлганмизда, деди андижонлик воқеа гувоҳларидан бири.

Ростини айтишга қўрқаман...

Андижонда ҳуқуқ фаоллари, мухолиф фикрдаги шахсларга нисбатан босим ва таъқиблар 2005 йилдан кейин анча кучайди. Бу ҳолатнинг ҳозирга қадар давом этаётгани кузатилади.

Ҳукумат назоратидаги одамлардан бири андижонлик 70 ёшли Соҳибжон отанинг икки ўғли конститутцион тузумга тажовуз қилганликда айбланиб¸ узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Махсус рўйхатда турадиган оила соҳибига кўра¸ Андижон воқеаларидан сўнг шаҳарликлар қўрқув остида яшашга кўникиб қолганликларини айтади.

Соҳибжон ота: Мен жуда кўп нарсани гапиргим келади¸ лекин қўрқаманда. Ахир бир ойда бир марта текшириб туради бизларни. Кириб туради. Кўп нарсани гапиргим келади. Тўғри гап қўрқаманда. Ўзимдан қўрқаманда гапнинг рости. Мана кеча ҳам чақирди. Янги участковой бўлди¸ меникига киради. Мана шунақада. Шунинг учун ҳам юрагимдаги гапни гапиришга қўрқаман.

Озодлик: Тушунарли. Демак, одамларда барибир қўрқув сақланиб қолганда.

- Борда энди бор. Дилидаги гапни тилига чиқара олмайди, дейди 70 ёшли Соҳибжон ота.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов эса кейинги пайтда ҳукуматнинг назорати бироз юмшаганини қайд қилади.

- Тепадан буйруқ бўлган. Ҳеч қандай босимлар йўқ. Тўғри назоратда турганларни чақиртиришиб¸ суҳбат ўтказишаяпти. Мени ҳам чақиртиришди. Мен билан ҳам суҳбат ўтказишди. Лекин жуда ҳам корректно унақа қўполлик билан эмас, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

“Эшакни сомонхонага олиб кирсанг¸ "Эрам боғида кездим" деб айтади”

2005 йилнинг 13 май куни қонли воқеаларга гувоҳ бўлган Бобур ҳайкали ҳам бугун Андижон марказидан бадарға қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, Андижон шаҳридаги 74 та маҳаллада 363 минг аҳоли яшайди. Шаҳар аҳли¸ асосан¸ тадбиркорлик орқасидан кун кечиради. Айни пайтда минглаб андижонлик Россия, Қозоғистон сингари яқин хориж ўлкаларида мардикорлик билан шуғулланиб, оиласини боқмоқда.

Суҳбатдошимиз андижонлик пенсионерга кўра, аҳолининг каттагина қисми ночор аҳволда кун кечираяпти.

- Мен пенсионерман. Пенсия оламан. Нечта одам пенсия олмайди¸ нафақа олмайди¸ иш йўқ. Улар қанақа қилар экан¸ мен ҳайрон қоламан. Баъзисини кўрсангиз¸ хафа бўлиб кетасиз. Одамлар бор уйларини уч-тўрт қават қилиб солаяпти. Энди уларники бошқа. Бир гап борда. “Эшакни сомонхонага олиб кирсанг¸ "Эрам боғида кездим" деб айтади” дейди. Эшак сомондан бошқа нарса емайди. Лекин шу сомонни мақтайдида. Шундан чиқиб¸ сал у ëқ бу ëққа қараб матбуотларни эшитсангиз¸ ўзингизнинг хўрлигингиз келиб кетадида. Иқтисодий танглик энди шу. Иш йўқ бўлса¸ иш ўринлари йўқ бўлса, дейди андижонлик пенсионер.

Андижонлик Абдуқодир Сатторов ўз иқтисодий аҳволидан нолимаслигини айтар экан, андижонликларнинг ижтимоий ҳаёти нормал ҳолатда¸ деган фикрни билдиради.

- Мен доктор бўлганим учун кунига бир-иккита бемор келади. Тушум бор. Кун ўтаяпти. Кимга қанақада энди. Тўртдан кейин боққа чиқамиз. Кечқурун саккиз-тўққизгача боғда концерт бўлади. Менинг уйим Пушкин боғининг рўпарасида. Ҳозир боғда музика бўлаяпти. Боғда кечқурун олтидан кейин одамлар кўпаяди. Дам олгани келишади. Яшаса бўлади, ҳамма топиб яшаяпти, дейди Абдуқодир Сатторов.

Сўнгги беш йил ичида ниҳоллар дарахтга айланди

Андижонлик суҳбатдошларимизга кўра, кейинги беш йил мобайнида шаҳарда кенг миқёсда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

- Ободонлашиш кетаяпти. “Уйларингни икки этаж қиласан. Бир хил рангга бўяйсан” деяпти. Йўлнинг бўйларини обод қилаяпти. Ўзгариш мана шуда. Ерларни пулдор одамларга бераяпти. Ободончилик ишларини олиб бораяпти. Ҳукуматда шу ўзгариш борда, дейди андижонлик суҳбатдошлардан бири.

Абдуқодир Сатторов Андижон воқеаларидан сўнгги ўзгаришларни тилга олар экан, шаҳарда ва аҳоли дунёқарашида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлганини айтади.

- 2005 йилдан буён кичкина дарахтлар катта бўлди. Боғлар катта бўлаяпти. Менинг фикримча¸ аҳолининг савияси ошди. Шаҳар обод. Ҳамма ëқни кўкаламзорлаштириб янги бинолар қураяпти икки этажли. Йўл атрофидаги гулларни кенгайтираяпти. Йўлакларни кенгайтираяпти. Арчазор қилаяпти, дейди Абдуқодир Сатторов.

Андижон вилоят ҳокимлиги расмий сайтида ëзилишича¸ айни кунларда Андижонда жорий йилнинг июн ойида ўтказилиши режалаштирилган "Универсиада-2010" республика спорт мусобақаларини ўтказишга кенг тайёргарлик кўрилмоқда; ушбу тадбирни ўтказиш учун Андижондаги 31 та объектда 3 миллиард 276 минг сўм миқдордаги капитал курилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти.

Андижон Ўзбекистоннинг йирик индустриал шаҳарларидан бири ҳисобланади. Фарғона водийсидаги энг катта шаҳар бўлган Андижон ҳудудининг катталиги бўйича Тошкент ва Самарқанддан кейин Ўзбекистондаги учинчи йирик шаҳардир.
XS
SM
MD
LG