Линклар

"Акрамийлар" - сиëсатчига айлантирилган тадбиркорлар..ми?

  • Сарвар Усмон

Шамсиддин Атаматов "Акрамийлар" деган диний жамоа бўлгани ва борлигини инкор қилади.

Шамсиддин Атаматов "Акрамийлар" деган диний жамоа бўлгани ва борлигини инкор қилади.

Андижондаги қонли воқеалар учун расмий Тошкент "Акрамийлар" деб аталган диний-экстремистик гуруҳни айбли деб келмоқда. Беш йил бурун ҳукумат ўқидан қочиб хорижда паноҳ топган андижонликлар эса¸ буни МХХ устахонасида тўқилган навбатдаги ëлғон деб атайди.


2005 йил 13 май воқеалари оқибатдир. Маълумки, оқибатни тушуниш учун унинг сабабларини билиш керак.

Бу сабабларни англаш жараëнидаги асосий суҳбатдошимиз 13 май арафасида судланган андижонлик 23 тадбиркордан бири Шамсиддин Атаматовдир.

У на ўзини, на ўзи билан бирга судланган бошқа тадбиркорларни “акрамий”, деб билади.

13 майгача оддий андижонликлар ҳам шаҳарда “акрамийлик” деган оқиму унинг аъзолари бўлгани тўғрисида эшитмаган.

Ҳар ҳолда саволларимизга жавоб берган андижонликлар эшитмаган.

Улардан бири ўша даврда шаҳарда пайдо бўлган бир гуруҳ тадбиркорни назарда тутар экан, мана бундай эслайди:

- “Уларнинг деҳқон бозорида қассобхоналари бўлиб бу ерда бошқа қассобларга қараганда¸ ҳаттоки бозор нархига қараганда арзон гўшт сотармиш. Масалан¸ гўшт ўша пайтда 3000 бўлган бўлса¸ улар 2800-2500-2400 арзон сотаркан. Булар ҳақиқий мусулмонлар экан. Бировнинг ҳақини емайди экан” деган гапларни эшитганмиз.

Озодлик: Улар деяпсиз. Улар дейилганда¸ ўшаларни атар экан¸ халқ қайси сўзни ишлатарди?

- 13 майдан олдин-а?

Озодлик: Ҳа.

- 13 майдан олдин унақа “акрамий” деган гап ҳам бўлган эмас¸ бошқа деган гап ҳам бўлган эмас¸ дейди андижонликлардан бири.

Бошқа бир андижонлик айтишича, 13 майгача уларни ҳақиқатан ҳеч ким билмас эди.

Ўзининг ҳам, бир ҳаракат доирасида ҳамкорлик қилган ҳамшаҳарларининг ҳам “акрамий”, деб аталишини истамайдиган Шамсиддин Атаматов, айтаётгани ҳаракатнинг ғоявий раҳнамоси Акрам Йўлдошев бўлганини яширмайди.

- Бу ҳаракат ўзи аслида 1991-1992 йилларда Акрам Йўлдошев томонидан халқнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган битта ҳаракатдан бошланган¸ дейди Шамсиддин Атаматов.

Ўша даврда, деб давом этади Шамсиддин, президент Каримов “аввал иқтисод, кейин сиёсат”, деган мазмундаги баёнотлари билан чиққан, баъзилар эса, аввал сиёсий ислоҳотлар ўтказиш тарафдори бўлган,

- Акрам Йўлдошев ҳам¸ биз у пайтда ëш бўлганмиз¸ у киши бизнинг мактабимизда домламиз бўлган¸ математикадан дарс берган¸ шу киши “Ўзи аслида инсон ҳаëтини бугун яхшилашимиз учун иқтисодни ҳам эмас¸ сиëсатни ҳам эмас¸ аввал ўзимизни ўзгартиришимиз керак” деб уқтирган эди, дейди Шамсиддин.

Секин-аста Акрам Йўлдошевнинг қарашларида жозиба кўрганлар пайдо бўла бошлади, уларнинг сафи кенгая борди.

Акрам Йўлдошевнинг қарашлари тамали, албатта, Ислом эди.

Лекин, деб аниқлик киритади Шамсиддин

- Ўша пайт Андижонда оқимлар ривожланган пайт бўлган ва бизнинг олдимизга вакиллари келиб “Бизга қўшилинглар. Мадрасаларга боринглар сизлар ҳам” деб айтилган гаплар ҳам бўлган. Нима деб жавоб берганмиз десангиз¸ “Йўқ¸ ҳозир мақсад мадрасаларга бориш¸ катта масжид очиш эмас. Биз ишлаймиз¸ ишларни йўлга қўямиз ва инсонларнинг ҳаëтини яхшилашликка ҳаракат қиламиз” дедик¸ дейди Шамсиддин.

Шамсиддиннинг айтишича, у аъзо бўлган ҳаракат ўз мақсадларига ета бошлади.

Унинг фикрича, маваффақият сири ҳаракат аъзоларининг бир-бирига ўзаро ёрдамида бўлган.

- Ўртада махсус жамғарма тузилган эди, мен¸ масалан¸ қандолат ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантирган бўлсам¸ менга масалан битта-яримта каттароқ станок керак бўлса¸ ўзимнинг маблағим 1000 сўм бўлса¸ станок 1200 сўмлик бўлса¸ мен 200 сўмни рағбатлантириш сифатида олардим ва вақти келганда шу нарсани яна қайтариб фондга қўйишга ҳаракат қилардим¸ дейди Шамсиддин.

Ҳаракат аъзоларига қарашли ишхоналар ошиғич суръатлар билан ривожланаверди. Масалан, Андижондаги давлатга қарашли нон заводи муайян муддатда 5 тонна маҳсулот чиқарса, Шамсиддинники 10 тонна чиқарадиган қувватга етди.

- Бизнинг ишхоналарида ишлайдиган ишчи-мутахассислар бошқаларга қараганда икки баравар кўп иш ҳақи олар эди, деди Шамсиддин.

Андижонлик тадбиркорлар ишига расмий Тошкент ҳам қизиқиб қолган эди.

- 2003 йилда биз Тошкентга чақиртирилганмиз. Бизнинг бирлашманинг кўпгина аъзолари¸ уларнинг ичида мен ҳам бўлганман¸ турли хил корхоналар раҳбарларини чақиртириб¸ Тошкентда президент девони деган жой бор экан¸ биринчи марта боришим бўлган¸ у ерда ҳар хил соҳа вакиллари чиққан¸ шу жойда бизнинг бугунгача шакллантирилган система ҳақида гаплашганмиз¸ дейди Шамсиддин.

Президент девонида бўлиб ўтган учрашувда андижонлик тадбиркорлар ўз ҳаракатларининг мафкуравий асосларию ўзаро ёрдам кўрсатиш механизмларигача, шу кунгача эришган ютуқларию келажак режаларигача очиқ-ойдин, мақтаниб айтиб берганлар.

Учрашувдан кейин тадбиркорлар тилга тушди.

- Ўзбекистон телевидениесидан келиб ҳамма корхоналаримизни съëмкалар қилишди. Ахборотларда кўрсатишди. Шунақа нарсалар ҳам бошида бўлди. Ҳаттоки бизнинг ичимизда Баҳром Шокировнинг ўғли Шокир Шокировнинг эркаклар ва аëллар кийимини ишлаб чиқарадиган цехи бор эди. Шунинг рейтинги шаҳарда анча кўтарилди. Кейин бу Шокир Шокировни ўша пайтда қанақадир мукофотга ҳам тақдим қилишди¸ дейди Шамсиддин.

Хуллас, бугунги кунда акрамийлар, деб танилаётган андижонлик тадбиркорлар халқнинг назарида ҳалол, ҳукуматнинг назарида бехатар кишилар эди.

2004 йилнинг июнигача шундай бўлди.

Шамсиддин Атаматов: 8 июн куни темир ишлаб чиқариш корхонамизнинг раҳбарини¸ унинг ëрдамчисини ушлаб СНБга олиб бориб қамалган. 9 июн куни мени ушлашди. Шунақа қилиб 8 июндан қамалишлар бошланди. СНБда терговларнинг бошида бизга “иқтисодий фирибгарлик қилган” деган айбловлар қўйилиб текшириш бошланган. Молиядан¸ налогдан¸ яна қанчадир нималардан комиссия тузилиб¸ бизнинг умумий ишларимизни текширишни бошлашди. Шунда биз “Нима учун бизга бундай оқибат бўлаяпти? Нима учун бизни қамаяпсизлар?” десак¸ шунда “Сизларга мана халқ эргашаяпти. Демак қачондир сизларнинг фикринглар ўзгариб қолса¸ давлат учун катта бир хавф бўлади” деган жавобни олганмиз.

Озодлик: Терговчилар айтганми шуни?

- Терговчилар айтган¸ дейди Шамсиддин.

2005 йил 13 май арафасида судланган андижонлик 23 тадбиркордан бири Шамсиддин Атаматов эди.

Шу кунда у – қочқин, Европа мамлакатларидан бири бирган сиёсий бошпанада яшайди, “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти вице-раиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG