Линклар

logo-print

Имомали Раҳмон Ислом Каримовдан миннатдор

  • Гулнора Равшан

Кўлобда содир бўлган табиий офат натижасида бир неча киши нобуд бўлган, 50 дан зиёд тожикистонлик бедарак йўқолган.

Кўлобда содир бўлган табиий офат натижасида бир неча киши нобуд бўлган, 50 дан зиёд тожикистонлик бедарак йўқолган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Кўлобда содир бўлган табиий офатдан зарар кўрганларга биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзган Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Ислом Каримовга ташаккур изҳор қилди.

Имомали Раҳмоннинг бу миннатдорчилик сўзлари 10 май куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ҳукуматнинг фавқулодда мажлиси чоғида янгради.

- Шундай оғир вазиятда Хатлон вилояти билан боғланадиган ўз темир йўлларини таъмирлаб, юк вагонлари билан боғлиқ муаммоларни тезлик билан бартараф қилгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ва бизга дўсту биродар бўлган қўшни мамлакат президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга ўз миннатдорчилигимни билдираман, деди президент Имомали Раҳмон душанба куни бўлиб ўтган мажлис чоғида.

Ҳукумат йиғилишида шу йил 7 майга ўтар кечаси Кўлобда содир бўлган сув тошқини зарарлари ва уни бартараф қилиш атрофида мулоҳазалар тингланди.

Президент Имомали Раҳмон бу табиий офат туфайли ўнлаб кишилар нобуд бўлганини ва 50 дан зиёд киши бедарак йўқолганини ҳамда яна 200 киши эса турли тан жароҳатлари олганини маълум қилди.

Президентнинг айтишича, дастлабки тахминларига кўра, молиявий зарар тахминан 900 миллион сомонийни (200 миллион АҚШ долларидан кўпроқ - таҳр.) ташкил қилади.

Жумладан, Кўлобда 2000 дан кўпроқ турар-жой ва маъмурий бинолар, 30 та кўприк, ўнлаб километр автомобил йўл, электр узатиш линиялари ишга яроқсиз бўлиб қолди.

Президент Имомали Раҳмон шундай бир оғир вазиятда Хатлон вилояти йўналиши бўйича Термиз темир йўлининг Ғалаба-Амузанг йўналиши Ўзбекистон томонидан таъмирланиб, ишга солиниши ва асосий қисми озиқ-овқат, ёнилғи маҳсулотларидан иборат юк вагонларининг транзит қилина бошлашини “қўшни давлат томонидан ўз халқига кўрсатилаётган кенг кўламли инсонпарварлик ёрдами”, дея баҳолади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Тожикистон жанубига Ўзбекистондан Хатлон йўналиши бўйича темир йўл транзити сўнгги уч ой давомида тўхтаб қолган эди.

Бунинг сабабларини Ўзбекистон томони Термиз темир йўлнинг Ғалаба-Амузанг йўналишида содир бўлган техник муаммо билан изоҳлашиб келишаётган эди.

- Шу Ғалаба-Амузанг йўналишида темир йўл полотносини сел ювиб кетган. Ҳозирда ўшани тиклаш ишлари олиб борилаяпти. Худо хоҳласа, яқин кунларда бу икки томонлама бўлаётган можарога нуқта қўйилади, дея билдирган эди апрел ўрталарида Озодликка интервю берган Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси расмийси Зафаржон Раҳимжонов.

Бироқ Тожикистон ҳукумат расмийлари ҳам, айрим сиёсий доиралар вакиллари ҳам, бир гуруҳ зиёлилар ҳам бу масалага сиёсий тус беришганди.

Бугун Хатлон темир йўлидаги муаммолар Ўзбекистон томонидан ҳал қилиниб, Тожикистон ҳукумат расмийлари қўшнилардан миннатдор бўлиб турган бир пайтда ҳам тожикистонлик зиёлилардан айримлари бу борада ўз фикрларини ўзгартирмагани сезилади.

- Кўлобда содир бўлган фожеани ҳис қилган Ўзбекистон томонининг бу хайрли иши мақтовга арзигулик. Лекин шунинг баробарида айтиш лозимки, юк вагонлар Хатлонга айнан Кўлобда юз берган сув тошқини ортидан қўйиб юборила бошлади. Бу, ўз навбатида, темир йўлдаги муаммо, улар айтганларидек, техник муаммо эмас, балки сиёсий муаммо эканини исботлади, чунки таъмирлаш ишлари тугатилгани ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ, дея мулоҳаза билдиради тожикистонлик журналист Саймуддин Дўстов.

Дўстов жаноблари ўз фикрини Ўзбекистон Роғун ГЭС қурилишини истамаётгани ва шу мақсадда Тожикистонга турли йўллар билан босим ўтказаётгани билан изоҳлади.

Мустақил таҳлилчи Абдуфаттоҳ Ҳотамов эса Ўзбекистон энг қийин дамда қўшнисига ёрдам қўлини узатгани ва Имомали Раҳмоннинг у томонга жавобан миннатдорчилигида самимийлик сезганини таъкидлайди.

- Чунки муносабатлар қанчалик яхши бўлса, икки халқ манфаатлари учун шунчалик яхшилигини ҳар икки томон яхши англайди. Тожикистон ҳукумати энг оғир дақиқаларда Ўзбекистон томонининг халқимизга кўрсатаётган ёрдамини назарга олиб, ўз миннатдорчилигини изҳор қилиши албатта муносабатларимизнинг илиқлашишига хизмат қилади? деб ўйлайман, дейди мустақил таҳлилчи Ҳотамов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG