Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:57

Тожикистонлик талабалар домлаларини доғда қолдирди


Шартнома ҳақи оширилишидан норози бўлган хўжандлик талабалар шу йил феврал ойида ҳатто намойишга ҳам чиққан эдилар.
Шартнома ҳақи оширилишидан норози бўлган хўжандлик талабалар шу йил феврал ойида ҳатто намойишга ҳам чиққан эдилар.

Хўжанд шаҳридаги Тожикистон давлат ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат университети талабалари саккиз ой давом этган маҳкамада олийгоҳ раҳбарияти устидан ғолиб чиқиб, ўқиш учун тўланадиган ҳақни камайтиришга муваффақ бўлдилар.

Хўжанд шаҳар суди қарорига биноан, Тожикистон давлат ҳуқуқ, тижорат ва сиёсат университетининг хуқуқшунослик факултети талабаларига белгиланган шартнома ҳақи 900 АҚШ долларидан 700 долларга ва бошқа факултетлар талабалари учун 800 доллардан 700 долларгача туширилиши керак. Бундан ташқари, олийгоҳ раҳбарларига талабалардан олинган қўшимча маблағни уларга қайтариб бериш юклатилди.

- Олий ўқув юрти раҳбарларининг бундай қарори асоссизлиги аввалдан маълум эди. Чунки олийгохларда ўқиш нархини ошириш ҳақида на хукумат, на Маориф вазирлиги томонидан қарор қабул қилинган эди. Демак, олийгоҳ раҳбарлари қонунга зид бўлган қарор чиқаришган, дейди Хўжанд шаҳар суди ҳаками Иноятулло Ғуломов.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон давлат хуқуқ, тижорат ва сиёсат университетининг раҳбарияти аввалроқ олийгоҳда ўқиш нархини 15 фоизга оширган эди. Мазкур қарор асосида университет талабалари ҳар йили ўқиш учун 1000 АҚШ долларидан ошиқ маблағ тўлаган. Сўғд вилоят прокуратураси вакилларининг айтишларича, студентлар хақли равишда судга арз қилганлар.

- Тожикистон давлат хуқуқ, тижорат ва сиёсат университети раҳбарияти ўқиш ҳақини оширганлиги республикада амал қилаётган қонунларга зид бўлиб, талабалар учун белгиланган маблағ асоссиздир. Зеро, Тожикистон хукуматининг таълим олиш хақидаги низомномасида ҳам ўқиш ҳақи аҳоли турмуш даражаси инобатга олинган тарзда ишлаб чиқилиши кераклиги айтилган, дейди вилоят прокуратураси вакили Завқибек Ғиёев.

Мазкур олийгоҳ талабаларининг айтишларича, уларнинг кўпчилиги кам таъминланган оилалардан бўлиб, шартнома ҳақи ошгунга қадар ҳам қийинчилик билан пул тўлашарди.

- Университет раҳбарияти ўқиш нархини ошириш чоғида талабалар ижтимоий аҳволи қай даражада эканлигини ҳисобга олмаган. Ахир студентларнинг асосий қисми бошқа шаҳар ва туманлардан келиб ўқийди. Ётоқхона учун пул тўлайди. Ейиши, кийиниши бор. Ота-оналар оладиган маош эса тирикчиликка аранг етади. Шунинг учун биз ўқиш Билан бир қаторда меҳнат қилиб, пул топишга мажбурмиз, дейди университет талабаси Усмон Сиддиқов.

Айни пайтда талабалар махкама қароридан мамнун эканликларини яширишмаяпти. Биринчидан, улар сакккиз ой давомида турли тазйиқларга дош бериб, ўз ниятларидан қайтишмади. Энг муҳими, Тожикистон тарихида талабалар биринчи марта домлаларни доғда қолдиришди.

- Олийгоҳ қайтариб берадиган маблағни янги ўқув йили учун сарфлайман, чунки шунча маблағни топиш осон эмас. Студент учун бу жуда катта пул, дейди 2-курс талабаси Дилафруз Каримова.

Бироқ университет раҳбарияти студентларнинг ўқиши учун белгиланган маблағ унчалик ҳам кўп эмаслигини айтмоқда. Чунки Тожикистондаги бошқа олийгоҳларда белгиланган ўқиш хақи икки-уч минг доллардан ортиқ. Улар маҳкама қарори юзасидан норозилик билдириш ниятида.

- Авваламбор шуни айтиш керакки, биз амалдаги қонунлар асосида маҳкама қарори юзасидан норозилик билдириш ҳуқуқига эгамиз. Айни пайтда бу бўйича ҳужжат хозирланмоқда. Студентлар ўқиши учун белгиланган нархнинг оширилиши ўқитувчиларини моддий жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилган. Чунки шу кунга қадар университет ўқитувчиси 80-100 доллар атрофида маош оларди. Бу эса ўқитувчиларнинг бошқа олийгоҳларга кетиб қолишига сабаб бўлмоқда. Янги йилдан ўқитувчилар ойлигини 1800 сомоний (410 АҚШ доллари) этиб белгиладик. Шу ва юқорида айтиб ўтган далилларни ҳисобга олсак, биз амалга ошираётган барча тадбирлар айнан студентлар учун қилинаётгани келиб чиқади. Олийгоҳ раҳбарияти ўқиш ҳақини ошириш билан бирор-бир қонунни бузмаган, дейди университет юристи Гадойбой Аҳмадов.
XS
SM
MD
LG