Линклар

Қирғизистон муваққат ҳукумати Қозоғистон раҳбарияти билан музокаралар олиб боргани ва расмий Остона чегарани 11 май куни очишга розилик бергани эълон қилинган бўлса-да, қирғиз-қозоқ чегараси ҳамон ёпиқлигича қолмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон ҳам Қирғизистон билан чегараларини очгани йўқ.

Қирғизистон Чегара хизмати раиси ўринбосари Чўлпунбек Турусбековнинг маълум қилишича, 11 май куни қирғиз-қозоқ ва ўзбек-қирғиз чегарасининг очилиши кутилмаётир.

Чўлпунбек Турусбеков бу борада қозоғистонлик ҳамкасблари билан телефон орқали суҳбатлашганини, бироқ улар чегарани очиш ҳақида Остонадан ҳеч қандай буйруқ ёки кўрсатма олмаганликларини айтди.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг апрел воқеаларидан сўнг ёпилган Қирғизистон билан чегараларини очишга шошилмаётгани мамлакат иқтисодиётига жуда катта салбий таъсир кўрсатаётгани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, апрел ойида чегаралар ёпилгани туфайли Қирғизистонда солиқ ва бож тўловлари бўйича режа бажарилмаган. Бу эса июн ойидан бошлаб Қирғизистонда давлатнинг фуқаролардан бўлган мажбуриятларини бажарилмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Ўмурбек Текебаевнинг айтишича, айни пайтда қўшни давлатлар ҳаракатини “иқтисодий қамал”, деб аташ мумкин.

- Агар “қасддан қилинмаётган иқтисодий қамал” давом этаверса, бу иқтисодимиз учун жуда ҳалокатли бўлади. Буни бизнинг фуқароларимиз ҳам, қўшни давлат сиёсатчилари ва раҳбарлари ҳам тушунишлари лозим. Қўшни давлат раҳбарлари бизга мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга кўмак беришни ваъда қилганлар. Шунинг учун улар бажаришга шошилмаётган ваъдалари оқибати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишлари керак, деди Ўмурбек Текебаев.

Расмийнинг айтишича, чегараларнинг ёпиқлиги туфайли Қирғизистон биргина транзит юклардан олинадиган даромад бўйича ойига 200 миллион доллар зиён кўриши мумкин.

Қирғизистон юк ташувчилар ассоциацияси раҳбари Темирбек Шабданалиев Қозоғистон ҳукумати тадбиркорлар илтимоси билан чегарадан айрим юкларни ўтказа бошлаганини, аммо бу кўлам ўта оз эканлигини айтади:

- Бизнинг ташкилот Марказий Осиё юк ташувчилари ассоциацияси билан биргаликда Қозоғистон бош вазири ва ундан кейин президентига мурожаат қилди. Шундан сўнггина қозоқ тарафи Қозоғистон ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган юкларни Қирғизистонга кирита бошлади. Бироқ Қозоғистон ҳудудидан келаётган юклар ва Қирғизистондан Европага жунатилаётган юклар ёки бошқа давлатларга хом ашё олиб келиш учун кетаётган машиналаримиз чегарадан ўтказилмаяпти, дейди Темирбек Шабданалиев.

Қирғизистон муваққат ҳукуматида молия масалалари учун масъул бўлган Темир Сариевнинг айтишича, чегаралар ёпилиши оқибатида кўрилаётган зарар катта бўлмоқда. Шунинг учун давлат фуқаролар олдидаги мажбуриятларини бажариш учун муқобил молия манбаларини излашга мажбур. Халқаро молия институтлари ҳам юзага келган вазиятда Қирғизистонга бериладиган кўмаклар миқдорини оширишга рози бўлганлар.

- Осиё тараққиёт банки режалаштирилган 40 миллион доллар ўрнига 70 миллион доллар грант беришга розилик билдирди. Бу маблағнинг 40 миллион бюджетни қўллашга, 30 миллиони эса инвестицион лойиҳаларга сарфланади. Жаҳон банки ҳам Қирғизистонга 30 миллион доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Таъкидламоқчиманки, бу қарз эмас, балки молиявий кўмакдир, деди Темир Сариев.

Бироқ расмийга кўра, бу ёрдамларнинг барчаси чегара ёпилиши туфайли Қирғизистон тадбиркорлари кўраётган зарарни қоплай олмайди.

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, расмий Остона 11 май куни чегаралар нега очилмагани тўғрисида изоҳ бермаётир. \

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчиси Жаниш Рустамбековнинг айтишича, элчихона Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига, чегара хизматига мурожаат қилган. Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева президент Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашган.

Қирғизистон элчиси айни пайтда чегарани очиш бўйича ҳужжатлар тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилаётганини айтди. Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг қачон очилиши эса номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG