Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:53

Тошкентда данғиллама ҳовлилар арзонламоқда


Ҳамма ëғи "европача" қурилган Тошкент ҳовлилари¸ даллолларга кўра¸ кейинги икки йил ичида 30 фоизга қадар арзонлаган.
Ҳамма ëғи "европача" қурилган Тошкент ҳовлилари¸ даллолларга кўра¸ кейинги икки йил ичида 30 фоизга қадар арзонлаган.

Тошкентда миллионерлар ҳовли-жойларини сотолмай ҳалак. Баъзи кузатувчилар, қиммат ҳовлиларнинг сотувга қўйилишини эгалари "пайтавасига тушган қурт" билан изоҳласа, эл қатори квартиралар арзонлаганини аҳолидан пул қочгани билан тушунтирмоқда.


Шифтига Франция материали қоқилган, иситишга Италия радиаторлари ўрнатилган, деворларига Германия ва Корея қоғози, ўчоқбошиси ва ҳаммомига Испания кафели ёпиштирилган, ойна ва эшиклари пластик... хуллас супер-мупер-пупер Евроремонт қилинган, “Россия” меҳмонхонаси яқинидаги Қунаев кўчасидаги хонадонни 81 минг долларга сотмоқчилар.

Озодлик: 81 минг деб ëзиб қўйибсизлар. Қанча тушиб берасизлар?

- Кўрамиз. Жойида гаплашамиз ака¸ дейди хонадонни сотмоқчилар.

Ана шунақа – ками бор.

Энди Юнусободдаги нархларни эшитинг.

Маълумотларни кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Тошкентдаги ширкатлардан бири ходимидан олдик.

- Юнусободнинг Ц-6 мавзеида, АТС рўпарасидаги 77-сериядаги 4 қаватли уйнинг 2-қаватидаги 4 хонали, яхши таъмирдан чиққан, поли паркет квартира 90 минг долларга сотилади, ками бор.

Яна бир вариант:

- Ц-6 мавзеида, 9 қаватли уйнинг 4-қаватидаги 4 хонали, ремонтдан шунчаки чиқарилган квартира 65 минг долларга сотилади, ками бор.

Учинчи вариант:

-Юнусободнинг 18-кварталида 77-сериядаги 4 қаватли уйнинг 2-қаватидаги 4 хонали, ремонт қилинмаган квартира 40 минг долларга сотилади. Ками бор¸ дейди риэлтор.

Риэлторнинг айтишича, шу кунда “40 минг, ками бор”, дейилаётган квартира бир - бир ярим йил олдин 50 минг турар эди.

Нархлар тўғрисидаги маълумотларни риэлтордан – воситачидан олганимизни эътиборга олинг: айтилган рақамларда унинг ҳам улуши бор.

Демак, Тошкентдаги квартиралар икки йилда 20-25 фоизга, баъзилар ҳисоб-китобича, 30-35 фоизга арзонлади.

Эксперт даражасидаги тошкентлик яна бир риэлтор билан гаплашдик.

- Икки йилдан бери арзонлаяпти озгина.

Озодлик: Қанчага арзонлаяпти?

- Тахминан бир хонали квартира марказда 45-50 минг бўлган. Ҳозир 25-27-30 минг. Бу тахминан 30 фоизга арзонлаган. Нарх 25-30 фоиз тушди.

Озодлик: Ижарага олишчи?

- Тушди¸ тушиб кетди.

Озодлик: Қанча фоизга тушди?

- Тахминан 50 фоизга тушган бўлса керак.

Озодлик: Ҳовли жойларчи?

- Ҳовлилар ҳозир¸ менинг ҳисобим бўйича¸ бир квадрат метри 1000 дан. Янги участкалар борку. Участка 500 метр квадрат бўлса¸ 500 минг туради. Лекин у ҳам арзонлашди. 2000 дан бўлган¸ дейди тошкентлик риэлтор.

Ҳовлилардаги ҳашаматли биноларнинг бугунги кунда 1000 доллар турадиган 1 квадрат метри икки йил олдин 2000 доллар турар эди, деяпти исмини айтишимизни истамаган тошкентлик риэлтор.

Озодлик: Нима учун арзонлаяпти?

- Билмадим нима учун арзонлаяпти. Одамлар олмаяпти¸ тушаяпти. Одамлар эшитдию дунë бўйича кризис бўлди деб. Одамлар олиб қўйганда пулларини. Яна тушади¸ деб ишонишаяпти. Шунинг учун ушлаб туришибди¸ деди тошкентлик риэлтор.

Мавзу юзасидан фикр билдирар экан, тошкентлик таҳлилчилардан бири мана бундай деди:

- Ўзбекистонда коррупцияга қарши олиб борилаётган умумий кураш доирасида катта коттежлар қурганларнинг даромад манбалари суриштирила бошлагач, улар ўз кўчмас мулкларини сотиш тараддудига тушиб қолган ва нархнинг пасайишини шу ҳолат билан изоҳлаш мумкин¸ дейди тошкентлик таҳлилчилардан бири.

Таҳлилчининг бу изоҳини қабул қилиш мумкиндир, лекин бу гапга риэлтор қўшилмайди.

- Йўқ¸ йўқ¸ миш-миш гап бу. Тошкентнинг ўзида мен биламан 2 миллионга квартира бор. Тошкент марказида 2 миллион долларлик квартира бор.

Озодлик: Неча хонали квартира у 2 миллионга?

- 500 метр квадрат квартира. Ҳаммаси от и до қилинган. Фақат калитни беради¸ одам кириб яшайверади. Икки квартирани бирлаштириб савдога қўйишаяпти. Қиммат-қиммат участкалар ҳам бор.

Озодлик: Демак¸ бойларни текшираяпти¸ деган гап бекор гап эканда.

- Ака¸ энди бир-иккитасини чақиришган бўлса керак. Тергов қилишаяпти¸ миш-миш гап кетаяпти¸ деди тошкентлик риэлтор.

Қиссадан ҳисса будир: Тошкентда сўнгги ойларда квартиралар нархи 20 фоиздан 35 фоизгача арзонлади.

Тошкентда пайдо бўлган анча-мунча миш-мишни демаса, бир тутам бойлар ўз қасрларида, сатҳи 500 квадрат метрли квартираларида ҳеч ким ва ҳеч нарсадан ҳадик қилмай умргузаронлик қилмоқда.

Яна бир гап. Тошкентликлар уйларининг шифтига францияникини, деворига немис ё корейсникини, ўчоқбошисию ҳаммомига испанникини ёпиштираяпти.

Уйни сотар бўлса, нархни Американинг пулида айтаяпти.

Қани ўзбекники?

Тошкент куни кеча бутун дунёга бўҳронни жиловлаш илмидан дарс бераётувдию?!
XS
SM
MD
LG