Линклар

Камерон Британия бош вазири бўлди


43 ёшли Дэвид Камерон 200 йил ичида илк бор Британиянинг энг ёш бош вазири бўлди.

43 ёшли Дэвид Камерон 200 йил ичида илк бор Британиянинг энг ёш бош вазири бўлди.

Британия Қироличаси Элизабет Консерватив партия раҳбари Дэвид Камеронни янги бош вазир этиб тайинлади. Бу билан 13 йиллик танаффусдан сўнг консерваторлар Британияда яна ҳокимиятни эгаллади.

11 май куни эртароқ бош вазир лавозимини тарк этаётган Гордон Браун Лейбористлар партияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилди.

- Лейбористлар партияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқиш ҳақидаги аризам дарҳол кучга киради. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларим, вазирлар ва парламент аъзоларига миннатдорлик билдираман. Айниқса, маъмуриятим ходимларига ва дўстларимга чуқур миннатдорлик изҳор қиламан, деди Британия бош вазири лавозимини тарк этаётган Гордон Браун.

Эслатиш жоизки, Тони Блэйр ва Гордон Браун бошчилигида Лейбористлар партияси 1997 йилдан бери мамлакатни бошқариб келмоқда.

Британиянинг янги бош вазири сифатида биринчи марта сўзлаган Дэвид Камерон Консерватив партия сайловда лейбористлардан кейин учинчи ўринни эгаллаган Либерал-демократик партия билан бирга коалиция ҳукумати тузмоқчи эканини айтди.

- Мен консерваторлар ва либерал-демократлар ўртасида ҳақиқий ва тўлиқ коалиция тузмоқчиман. Мен шу йўл орқали бу мамлакат учун жуда зарур бўлган кучли, барқарор, яхши ва ҳалол ҳукумат тузиш мумкин, деб ўйлайман, дея баёнот берди Дэвид Камерон.

Консерватив партия вакиллари партиянинг собиқ раҳбари Вилям Хейг янги ҳукуматда ташқи ишлар вазири, шунингдек, Камероннинг яқин иттифоқчиси бўлган Жорж Осборн молия вазири бўлишини айтмоқда.

Консерватив партия вакилларига кўра, Либерал-демократик партия раҳбари Ник Клег бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллайди.

Дунё лидерлари Британиянинг янги бош вазирини табрикламоқда. Хусусан, АҚШ президенти Барак Обама Камеронга қўнғироқ қилиб, уни бош вазир этиб тайинлангани билан қутлади ҳамда Қўшма Штатлар ва Британия ўртасидаги “ўзига хос алоқалар” сақланиб қолишини яна бир марта таъкидлади. Обама Камеронни июл ойида Вашингтонга таклиф қилди.

Айни пайтда Германия канцлери Ангела Меркел ва Франция президенти Николя Саркози ҳам Дэвид Камеронни Британия бош вазири этиб тайинлангани билан телефон орқали табриклади.
XS
SM
MD
LG