Линклар

logo-print

Бишкекдаги “Ата Бейит” хотира мажмуаси ва Олатоғ бош майдонига 7 апрел воқеаларига 40 кун тўлиши муносабати билан ҳалок бўлганлар хотирасини ёдлаш учун минглаб одамлар йиғилди.

Парламент биноси жойлашган Эски майдонга йиғилган 2 мингдан ортиқроқ одам эса апрел воқеаларидан сўнг ишдан олинган Наримон Тюлеевни қайтадан Бишкек мэри лавозимига тайинланишини талаб қилмоқда.

Бишкекдаги Олатоғ майдони ва Эски майдон бир-бирига яқин жойлашгани учун ҳар иккала митинг иштирокчилари бир-бирларига аралашиб кетганлар.

Қурбон бўлганлар хотираси учун ўтказилаётган митинг иштирокчилари қуръон ўқиб бўлгач, Наримон Тюлеев тарафдорлари томонга ўтаётганини, собиқ мэр тарафдорлари эса қуръон ўқиш учун Олатоғ майдонига ўтаётганини кузатиш мумкин.

Эски майдонга йиғилганлар “Наримон Тюлеев бизнинг мэримиз”, “Бишкек Тюлеев билан” деган шиорларни кўтариб олганлар ва “Тюлеев мэрликка қайта тайинлансин”, деб ҳайқирмоқдалар.

Айтиб ўтиш керакки, қирғиз матбуоти ҳам апрел воқеаларидан сўнг шаҳар мэри Наримон Тюлеевнинг лавозимидан олинганини муваққат ҳукуматнинг хатоси сифатида баҳолаган эди. Турли босма ва электрон нашрлар ўтказган сўровларда бишкекликларнинг асосий қисми Наримон Тюлеевни қўллашларини билдирганлар.

Бишкекликлар уни сўнгги 20 йил ичида шаҳарга раҳбарлик қилган мэрлар ичида энг ҳалоли ва меҳнаткаши сифатида баҳолайдилар ҳамда Қирғизистон пойтахтини бир неча йил ичида файзли ва обод қилишга эриша олган раҳбар сифатида биладилар.

Бироқ муваққат ҳукумат фикрича, Тюлеев Бакиев ҳокимиятининг вакили бўлган ва шунинг учун ҳам пойтахтга раҳбарлик қилишга маънан ҳақли эмас.

Айни пайтда Бишкекдаги халқ дружиначилари штаблари шаҳардаги эркакларни ўз сафларига қўшилишга чақириб, баёнотлар тарқатмоқдалар. “Патриот” дружина штабининг билдиришича, уларда 14 ва 17 май кунлари Қурмонбек Бакиев тарафдорлари ва номаълум гуруҳлар шаҳарда оммавий тартибсизликлар уюштиришни режалагани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Шу кунларда Бишкекда 14 мингдан ортиқ дружиначи бор. Бироқ бунча одам оммавий тартибсизликлар бошланиб кетса, шаҳарни ҳимоя қилишга ожиз бўлиб қолиши айтилмоқда.

Айни пайтда муваққат ҳукумат расмийлари, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати бундай хавотирлар асоссиз эканини, мамлакат ҳудуди тўла назорат остида эканини айтмоқдалар. Шу билан бирга, расмийлар 17 май куни номаълум гуруҳлар томонидан Олатоғ майдонининг шимолий қисмида митинг ўтказилиши кутилаётганини ҳам тасдиқламоқдалар.

Қурмонбек Бакиевни ҳимоя қилиш жамоатчилик штаби 17 майда ўтадиган митингга алоқадор эмаслиги тўғрисида баёнот тарқатган. Айни пайтда ҳукумат расмийлари ҳам, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳам мазкур митинг ким ёки қайси гуруҳ томонидан ўтказилиши ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслар.
XS
SM
MD
LG