Линклар

Ҳуқуқ фаоллари Бўтақўзиев ҳимоясига чиқди

  • Гулнора Равшан

Неъматулло Бўтақўзиевнинг яқинлари унинг тез кунларда озодликка чиқиши ва учинчи мамлакатга чиқариб юборилишига умид қилмоқдалар.

Неъматулло Бўтақўзиевнинг яқинлари унинг тез кунларда озодликка чиқиши ва учинчи мамлакатга чиқариб юборилишига умид қилмоқдалар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Новқат воқеалари иштирокчилари авф этилгани ҳақидаги Муваққат ҳукумат декретини Тожикистон Бош прокуратурасига юборди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу қирғизистонлик Неъматилло Бўтақўзиевнинг ҳибсдан озод қилишига асос бўла олади.

Мазкур ҳужжатни Тожикистон Бош прокуратурасига 12 май эрталаб Қирғизистондаги “Правосудие-Истина” ҳуқуқни ҳимоялаш маркази юборган.

Мазкур ташкилот раҳбари Равшан Ғофуровнинг айтишича, Муваққат ҳукуматнинг Новқат воқеалари иштирокчиларини авф қилиш ҳақидаги декрети ҳуқуқ ҳимоячиси Неъматилло Бўтақўзиевнинг ҳам зудлик билан озод қилинишига кифоя қилиши керак.

- Новқат воқеаларида айбланганлар бугун Қирғизистон муваққат ҳукумати томонидан авф қилинар экан, Тожикистон томони ҳам Неъматилло Бўтақўзиевни шу декрет бўйича тезда озод қилиши шарт. Мен у томоннинг бунга оид жавобини бугун кечгача кутаман, кейин шунга қараб иш юритаман, дейди мазкур ташкилот раҳбари Равшан Ғафуров.

Аснода Тожикистон Бош прокуратураси масъуллари ҳозирча шу мазмундаги бирорта ҳужжат қўлларига тегмаганини билдиришди.

Бош прокуратуранинг ўз номини айтмаган масъул ходимларидан бири Неъматилло Бўтақўзиевнинг Муваққат ҳукумат томонидан авф қилингани борасидаги ҳужжат етиб келган тақдирда ҳам, у озод этилмаслиги мумкинлигини билдирди.

- Бизда Қирғизистон Бош прокуратурасининг Неъматилло Бўтақўзиев содир этган жиноятлар ҳақидаги ҳужжатлари, маълумотлари бор. Биз шу ўтган муддат ичида бу маълумотларни ўргандик ва кўп нарсалар аниқланди. Айни пайтда тегишли қарор ҳам қабул қилинган. У яқин кунларда Қирғизистонга экстрадиция қилиниши мумкин, дея билдирди Тожикистон Бош прокуратурасининг номини ошкор қилмаган ходими.

Расмийнинг билдиришича, Неъматилло Бўтақўзиев устидан тергов ишларини миллий хавфсизлик қўмитаси олиб борган.

Бироқ апрел ойи ўрталарида кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода Неъматилло Бўтақўзиев миллий хавфсизликнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилгани ва сўроқ қилинаётганига оид маълумотларни рад қилган эди.

Ўша пайтда бош прокурор Неъматиллонинг шахси аниқланмагани учун у Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармасининг махсус қабул-тақсимлов масканида тутиб турилганини айтган эди.

Шунинг баробарида Шерхон Салимзода ўз идораси Қирғизистон Бош прокуратурасидан Неъматилло Бўтақўзиевни тутиш ва у томон ихтиёрига топшириш борасида сўровнома олганини ҳам яширмаган эди.

- Биз барча маълумотларни ўрганамиз. Агар Неъматиллонинг сиёсий жиноятларда қўли борлиги аниқланса, у экстрадиция қилинмайди. Аммо бордию, умумий жиноятларда қўли борлиги тасдиқланса, биз Бўтақўзиевни албатта Қирғизистон ихтиёрига топширамиз, дея таъкидлаган эди Шерхон Салимзода.

Айни пайтда Неъматиллонинг яқинлари ҳам, БМТнинг қочқинлар иши бўйича Тожикистондаги ваколатхонаси расмийлари ҳам унинг Қирғизистонга экстрадиция қилинишига рози эмаслар.

- Акамнинг экстрадиция қилинишлигига биз қаршимиз. Чунки хавфи бор. Акам ўша эски милиция, КГБ ходимлари устидан ёзган ва уларнинг кўпи ловозимларидан кетган. Шу сабабли ҳозир ҳам акамга қарши одамлар у томонда кўп. Ҳозирги ҳукуматга ҳам унчалик ишонч йўқ бизда. Шунинг учун биз акамнинг шу Тожикистондан учинчи давлатга чиқиб кетишини истаймиз, дейди Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев шу йил январ ойи бошларида рафиқаси ва фарзандлари билан бошпана излаб Тожикистонга келган эди. Кейинчалик БМТнинг қочқинлар иши бўйича бюросига мурожаат қилган Бўтақўзиев 26 феврал куни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

БМТнинг қочқинлар иши бўйича Душанбе ваколатхонаси расмийлари “Неъматилло Бўтақўзиев 2008 йил октябрида Қирғизистоннинг Новқатида рўй берган тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, Душанбега қочиб ўтган”ини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG