Линклар

Андижон воқеаларининг 5 йиллиги арафасида Халқаро Амнистия Европа иттифоқини Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари ва журналистларга қарши давом этаётган тазйиқларни кескин қоралаш¸ Андижон бўйича мустақил текширув ўтказиш талабидан қайтмасликка чақирди.

Европа иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштонга йўлланган мактубда Халқаро Амнистия ташкилоти андижонликларнинг оммавий равишда қирғин қилиниши юзасидан мустақил ва халқаро текширув ўтказилишини талаб қилиш ЕИнинг Тошкент билан муносабатларидаги устивор мақсад бўлиб қолажагини кафолатлашни сўрадилар.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда намойишчиларнинг ҳукумат қўшинлари томонидан ëппасига ўққа тутилишидан саноқли кунлар ўтиб Европа иттифоқи мазкур воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини ўртага қўйган эди. Ўзбекистон ҳукумати бу талабни рад қилгач¸ иттифоққа аъзо давлатлар Ўзбекистон ҳукуматига қарши санкциялар жорий қилишга мажбур бўлди.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Евроосиë бўйича таҳлилчиси Мейси Вейшердинг бу ҳаракатларнинг иттифоқ ташқи сиëсатининг табиий маҳсули бўлганини таъкидлайди.

- Нафақат ЕИ ташқи сиëсати¸ балки умимиятла ЕИ сиëсати қоқ юрагида инсон ҳақлари ëтади. Инсон ҳуқуқлари бўйича иттифоқ йўриқномалари ниҳоятда аниқ ва айни нарса Европа жамиятини бирлаштириб турувчи негиз қадриятлардан биридир. Шу боис ЕИ нафақат ўз аъзолари¸ балки ҳамкорлари ҳудудида ҳам инсон ҳақларига ҳурмат кўрсатилиши борасида қатъий ва изчил бўлмоғи лозим. Ўзбекистоннинг ЕИ ҳамкори эканига эса¸ шубҳа йўқ¸ дейди Халқаро Амнистия расмийси Озодлик билан суҳбатда.

2005 йил ноябрида Андижон воқеалари бўйича мустақил халқаро текширув талаби қондирилмагунча санкциялар амал қилишини эълон қилган ЕИ 2009 йил кузига келиб¸ ўз талаби Тошкент томонидан мутлақ писанд қилинганига қарамай¸ бу санкцияларни яна ўзи бутунлай бекор қилди. Брюссел позициясидаги бундай эврилиш биз учун катта жумбоқлигича қолмоқда¸ дейди Мейси Вейшердинг.

- Биз кўпдан бу саволни ЕИ мулозимларидан сўраб келмоқдамиз ва уларни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига кўз юммасликка чақириб келаëтирмиз. Брюсселнинг Тошкент билан ҳар қандай мулоқотда нафақат мамлакатдаги умумий инсон ҳуқуқлари вазияти¸ балки айнан Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини ҳам кун тартибига қўйишни тўхтатмаслиги ўта муҳимдир. Зотан бу масала ЕИ учун қадриятлар¸ принцип ва шараф масаласидир. Уларнинг ўзлари кун тартибига қўйган талабдан яна ўзлари қайтиши халқаро майдонда ташқи сиëсатга нисбатан ишончга жиддий путур еткизмоқда¸ дейди Халқаро Амнистия расмийси.

Геосиëсий манфаатлар¸ биринчи галда эса Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш ва иттифоққа газ олиб келиш йўлларини кенгайтириш зарурати остида қолган ЕИнинг Марказий Осиëдаги мустабид режимлар билан ишлар экан¸ оғир жумбоққа дуч келгани айтилмоқда. Ҳуқуқ фаоллари ана шу оғир вазиятда инсон ҳақларининг геосиëсий манфаатларга қурбон берилганини танқид қилиб келмоқдалар.

Халқаро Амнистия вакили қисқа муддатли иқтисодий ва хавфсизлик манфаатлари йўлида инсон ҳақларини беэътибор қолдириш¸ узоқ муддатда ҳам иқтисодий ҳамкорлик¸ ҳам хавфсизлик учун зиëнли эканини таъкидлайди.

- Мен ЕИ Ўзбекистон билан муносабатларда инсон ҳуқуқлари вазиятини яна олд планга чиқаришига умид қиламан. Зотан¸ брюсселдагилар бизга бу муаммонинг нафақат ЕИ-Ўзбекистон ўртасидаги инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқот¸ балки аъзо давлатларнинг Тошкент билан икки томонлама алоқалари доирасида ҳам муҳокама қилиниши ҳақида ваъда беришмоқда. ЕИ давлатлари бу ишни¸ биринчи галда ўз геосиëсий манфаатлари учун ҳам қилмоғи лозим. Халқаро мажбуриятларни менсимайдиган¸ ўзи чиқарган қонунларни бир пулга олмайдиган¸ ўз фуқароларига заррача ҳам ҳурмат кўрсатмайдиган ҳукумат билан қандай қилиб ëнилғи ëхуд хавфсизлик борасида барқарорликка эришиб бўлади ахир¸ дейди Мейси Вейшердинг.
XS
SM
MD
LG