Линклар

Андижонлик 23 тадбиркор ҳозир қаерда?

  • Сарвар Усмон

13 май кунги намойишлар 23 тадбиркорни озод қилиш талаби билан бошланган эди.

13 май кунги намойишлар 23 тадбиркорни озод қилиш талаби билан бошланган эди.

2004 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан биттама-битта ҳибсга олинган андижонлик 23 тадбиркорнинг яқинлари¸ ҳамкасблари бошлаган намойишлар пировардида 13 май воқеаларига элтган эди.


2005 йил, 13 май воқеалари андижонлик 23 тадбиркорнинг жиноий жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ.

Фожеадан сўнг расмийлар "акрамийлар" деб атаган, бу атамани ўзлари тан олмайдиган, лекин Акрам Йўлдошевга алоқаси борлигини инкор этмайдиган андижонлик тадбиркорлардан 23 нафари 2004 йилнинг июнидан бошлаб бирин-кетин қўлга олинди ва бир неча ой давомида сўроқ қилинди.

13 май арафасида улар устидан ўтказилган судлов якунига етган, судланганлар ҳукмни кутаётган эди.

12 майдан 13-инчига ўтар кечаси Андижон турмасига қилинган ҳужумдан сўнг бошқа аристонлар қатори 23 тадбиркор ҳам қамоқдан чиқиб олган эди.

Хўш, уларнинг тақдири кейин нима бўлди?


Шуниси қизиқки, 5 йилдан бери шу жўнгина савол жавобига қизиқиб кўрмаган эканмиз.

Кейинги кунларда изланиб шуни билдикки, 13 майга ўтар кечаси қамоқдан чиқиб кетган 23 кишининг 15 нафари кейин яна қўлга олиниб, қамалган.

Баъзилари Андижонни ташлаб чиқишга улгурмаган, баъзиларини Ўзбекистон махсус хизмати қўшни давлатлардан ушлаб олиб кетган.

Шу кунда ҳам улар қамоқда. Ҳар ҳолда бу гапни инкор этадиган бошқа маълумот йўқ.

Шу кунда Швеция берган сиёсий бошпанада яшаётган Шамсиддин Атаматовнинг айтишича, 23 тадбиркордан бири 2008 йил кузида Ўзбекистонда, қамоқхонада ўлган.

- Бу ўлган оғайнимиз Муҳаммадшокир Ортиқов. Бу киши тазйиқларнинг остида ўлди. Охири Сангородда касал бўлди. Сангороддан кейин олиб келишди¸ дейди Шамсиддин Атаматов.

23 тадбиркорнинг яна бири бедарак йўқолган.

- Абдулвосит Эгамов. У кишини 13 май куни майдонда кўрганман. Отишмалардан кейин у одамни билмадим. Кейин яқин оғайнилардан сўрадик. У кишининг тақдирини ҳозирча ҳеч ким билмаяпти. Шахсан мен битта-яримта нарса эшитганим йўқ¸ дейди Шамсиддин Атаматов.

Демак, 23 тадбиркорнинг 15 нафари қамоқда, бири қазо қилган, яна бири бедарак йўқолган, жами - 17 киши.

6 киши қолди.

Хўш, улар қаерда?

Билдикки, ҳаммаси қочқин.

Уч нафари Ҳолландияда, бири Швецияда, бири Финляндияда, яна бири АҚШда яшайди.

Олталови билан гаплашдик.

Олталовига ҳам бир хилда саволлар бердик: 2004 йили - қўлга олинишингиз арафасида нима иш қилардингиз; корхонангизда неча киши ишлар эди; шу кунда, яшаб турганингиз давлатда нима иш билан машғулсиз?

Мусохон Мирзабоев, шу кунда 43 ёшда, Ҳолландияда яшайди.

- "Умид - 96" фирмаси эди. Иш юритувчи бўлганман. Бош уста бўлганман.

Озодлик: "Умид - 96" нима ишлаб чиқарарди?

- Машина ремонт қилинадиган устахона эди. Автосервис.

Озодлик: Нечта киши ишлар эди?

- Шогирдлар ҳам кўп эди. 70 тага бориб қоларди шогирдлар билан.

Озодлик: Сизнинг бошлиғингиз ҳам қамалганми?

- Бошлиғим қамалмаган. 13 май куни оламдан ўтган. Раҳмонов Ботиржон.

Озодлик: 13 май куни у кишига ўқ теккан.

- Ҳа.

Озодлик: Бу аниқ.

- Ҳа.

Озодлик: Шу кунда бизнесингиз борми?

- Бугунги кунда дейсизми?

Озодлик: Ҳа.

- Бугунги кунда мен ўзимнинг соҳам бўйича ишни давом эттираяпман.

Озодлик: Бировнинг қўлида ишлайсизми ëки мустақилмисиз?

- Ҳозирча битта фирмада ишлайман. Ҳали мустақил нима қилганим йўқ. Энди ҳаракатида бўлаяпман.

Озодлик: Автомобилларни ремонт қилиш билан шуғулланасизми?

- Ҳа.


Одилжон Мақсадалиев, шу кунда 50 ёшда, Ҳолландияда яшайди.

- Биз "Саноатлэнд" деб фирма очган эдик.

Озодлик: "Саноатлшнд"-а?

- Ҳа.

Озодлик: Нималар ишлаб чиқарардинглар?

- Темир маҳсулотларидан лопаткалар ишлаб чиқарардик халқ хўжалиги учун. Каравотлар¸ стол-стуллар¸ шотилар¸ арғамчиқлар. Кейинчалик ўзимизда "Дэу" ташкилоти очилганида¸ машиналарнинг эҳтиëт қисмларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяëтган эдик. Халқимиз учун нималар керак бўлса¸ мана эмал пақирларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяëтган эдик.

Озодлик: Сиз корхона раҳбари бўлгансиз-а?

- Мен ëрдамчи бўлганман. Дилшодбек деган укамиз директор бўлган.

Озодлик: Дилшодбек ҳам жавобгарликка тортилганми?

- Дилшодбек ҳозир турмада ўтирибди. У ҳам 23 кишидан бири эди.

Озодлик: "Саноатлэнд"да неча киши ишларди?

- Охирги марта 100 кишига яқин иши бўлган эди.

Озодлик: Шу кунда нима билан бандсиз?

- Заказной мебеллар қиламиз¸ пол қиламиз¸ эшиклар қиламиз.


Ортиқали Акбаров, шу кунда 43 ёшда, Ҳолландияда яшайди.

Озодлик: Хусусий корхонангиз бўлганми?

- Бўлган. Ун маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона эдида. Тегирмонларимиз бор эди.

Озодлик: Ун чиқарардингиз-а?

- Ун¸ гуруч¸ нўхот ун. Обжувоз ҳам бор эди. Гуручни оқлардик. Нўхот ун чиқарадиган тегирмонлар бор эди.

Озодлик: Нўхотни унга айлантирардинглар.

- Ҳа.

Озодлик: Неча киши ишларди?

- 30 тага яқин одам ишларди.

Озодлик: Ҳозир нима иш қилаяпсиз?

- Ўқиб шофëрлик қилдим¸ икки йил катта машиналар миниб. Ҳозир савдогарчилик билан шуғулланаяпман. Бозорда спорт кийимлари сотаяпмиз.

Озодлик: Қизиғу. Қанақа бозор экан у? Андижоннинг бозорига ўхшаган бозор борми?

- Ҳа¸ бу ерда ҳам жуда катта бозор бор жаҳон бозорига ўхшаган. Катта бозорда. Шу ерда дўконимиз бор. Шуни очиб иш қилаяпмиз ҳозир.

Озодлик: Товарни қаердан оласизлар?

- Товарни Франциядан¸ яна битта олиб келиб берадиган одамимиз бор. Хитойдан ҳам бориб олиб келади. Тадбиркор¸ ишни яхши кўрадиган одам бўлганмизу. Шунинг учун бу ерда ҳам изланиб¸ топиб¸ ишлаб¸ давлатга оғиримиз тушмасин¸ ўзимиз ишлаб топиб Ўзбекистонда қийналаëтган оилаларга ëрдам беришлик мақсадида ишлаяпмиз.

Озодлик: Дўконингизда ўзингиздан ташқари яна неча киши ишлайди?

- Оилам бор. Ўғилларим ҳам ишлайди. Менинг оилам яқинда бу ерга келганда. Оилавий ишлаймиз.

Озодлик: Неча киши?

- Ҳозир уч кишимиз. Худо хоҳласа каттароқ қилиб яна мана бу ердаги дўстлатимиз билан очмоқчимиз. Ишни кенгайтирмоқчимиз.


Турсунбой Назаров, шу кунда ёши 52да, Финляндияда яшайди.

- Андижонда менинг новвойхоналарим бор эди. Мен новвойчилик билан шуғулланганман. Шаҳарнинг ўзида 10 тага яқин новвойхонам бўлган.

Озодлик: Нечта одам ишлаган?

- Шогирдлар билан ҳисоблаганда 100 тадан ошиқ десам бўлаверади. Сабаби шогирдлар ҳам кўп эди ишчилардан ташқари.

Озодлик: Ҳозир нима иш қилаяпсиз?

- Ҳозир Финляндиянинг энг йирик фирмаларидан бири “Аре” деган фирмада қурилиш йўналиши бўйича ишлаяпман.

Озодлик: Ўзингизнинг бизнесингизни бошлаш ниятингиз борми йўқми?

- Бор. Лекин Европада биз асосий касбимиз новвойчилик бўлгани учун бизники Ўрта Осиëда хос ишлаб чиқариш бўлганда. Тандирлар¸ бошқа нарсалар. Бу ерда уни нима қилиш қийинроқ экан.


Шамсиддин Атаматов, шу кунда 33 ёшда, Швецияда яшайди.

- Менинг ташкилотимнинг номи “Канмаксан” масъулияти чекланган жамияти бўлган. Ташкилотимизнинг асосий фаолияти кандитер маҳсулотлари¸ қанд маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган эди. 22 хил турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариб сотганмиз Тошкент шаҳри Ўрикзор бозорида. Ўзимизнинг битта дўконимиз бўлган. Умумий олганда¸ савдо соҳасидагилар билан қўшиб ҳисоблаганда 100 га яқин одам ишлаган.

Озодлик: Шу кундаги бизнесингиз нима?

- Шу кундаги бизнесим қанақа бўлди десангиз¸ 2005 йил сентябр ойида биз Швецияга келганимиздан кейин декабрда ўқишни¸ тил ўрганишни бошладик. Тўққиз ой тил ўргандим. Ўзимиз яшаëтган шаҳарча ҳам катта шаҳарча эмас. Шу жойда “ўзбек таомларини қилиб сотамиз” деган мақсадда кичкинагина бир ресторан олдик. Икки йилча шу ерда ишладим. Шаҳарчамиз ўзи кичкина бўлгани учун ўзбек миллий таомларини ëки ўзбек миллий таомларига яқин таомларни Швеция халқи унча танимас экан. Шу сабабли ишимиз жуда бир ривожланиб кетмади ва бу ишимизни тўхтатиб бир фабрикада ишладим. Паркет чиқарадиган фабрикада ҳар хил машиналар билан ишлайдиган оператор бўлиб ишладим. Бугунга келиб “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотида мана шу ишларимни давом эттираяпман.


Равшанбек Азимжонов, шу кунда 30 ёшда, АҚШда яшайди.

- “Саноатленд” деган масъулияти чекланган жамиятда бош бухгалтер бўлиб ишлардим ўша пайтда.

Озодлик: Бош бухгалтер сифатида жавобгарликка тортилгансиз.

- Ҳа шундай.

Озодлик: “Саноатленд” нима ишлаб чиқарарди?

- Саноатленд масъулияти чекланган жамият асосан металл маҳсулотлари ишлаб чиқарарди. Яъни белкураклар¸ арава¸ бир ғилдиракли хўжалик аравалари¸ ошиқ-мошиқлар ишлаб чиқариларди. Асосан темир маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш эди.

Озодлик: Бугун гаплашганларимнинг ичида яна кимнингдир Саноатлендга алоқаси борда.

- Мақсадалиев Одил ака билан бирга ишлардикда. У ҳам бизнинг замдиректоримиз бўлган. Мамадиев Дилшодбек деган акамиз¸ у ҳам ҳозир Андижонда турмада¸ бизнинг директоримиз эди.

Озодлик: Дилшодбек ҳам ўша 23 тадбиркорнинг ичида бўлган-а?

- Ҳа. Бизнинг корхонадан Дилшод ака директоримиз¸ ўринбосар Мақсадалиев Одил ака ва мен учовимиз бўлганмиз.

Озодлик: Саноатлендда неча киши ишларди?

- Охирги пайтда умумий идора ходимлари билан бирга 105 та ишчи ходим бўлган.

Озодлик: Ҳозир нима иш қилаяпсиз?

- Ҳозир биз Американинг Оҳайо штатида яқинда битта шеригимиз билан¸ у бола ҳам Андижон қочқинларидан бири¸ “Олтин водий” деб номланган ресторан очдик. Инглизчасига “Golden valley” дедик. Шу ресторан ишни бошлаганига бир ярим-икки ой бўлди. Ҳозир мана шу ишлар билан шуғулланиб юрибмиз.

Озодлик: Савдо яхшими?

- Савдо Худога шукур яхши. Секин-секин кундан кунга кўтарилаяпти.

Озодлик: Неча киши ишлатаяпсиз ўша ресторанда?

- Ҳозирча бошланишига олтита одам бирга ишлаяпмиз. Энди қараймиз. Агар талаб кучайиб¸ ëрдам керак бўладиган бўлса¸ кейин яна одам олиш ниятидамиз.

Озодлик: Ишчилар ҳам ўзбекларми?

- Ҳозир асосан ўзбеклар. Энди бир-иккита америкалик ҳам қўшмоқчимиз. Кирган одамларни куtиб олиб¸ столга ўтирғизадиган битта ëки иккита америкаликлардан олишни ният қилиб турибмиз. Ўзимиз ҳам бемалол инглиз тилида гаплашиб муомала қилаяпмизу¸ лекин Америкада бўлганингиздан кейин қанчадир американслар аралашиб ишлайдиган бўлса¸ қилаëтган ишингизнинг нимаси ҳам сал олдинроққа юрар экан.


Эслатиб ўтамиз, суҳбатлари билан танишганингиз андижонликлар 2005 йил, 13 май арафасида судланган 23 тадбиркор сафида бўлганлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG