Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

Режаларни бузаётган болалар...


"Онажон, мени топ" хайрия жамғармаси раҳбари Мадина Йўлдошевага кўра, жорий йил бошидан 15 февралгача биргина Москва шаҳрида марказий осиёлик аёллар томонидан 91 гўдак ташлаб кетилган.
"Онажон, мени топ" хайрия жамғармаси раҳбари Мадина Йўлдошевага кўра, жорий йил бошидан 15 февралгача биргина Москва шаҳрида марказий осиёлик аёллар томонидан 91 гўдак ташлаб кетилган.

Москвада Оналик ва болаликка кўмаклашиш хайрия жамғармаси томонидан олинган “Даргил наник” ёки “Мени топ, онажон” хужжатли филми тақдимоти бўлиб ўтди. Унда марказий осиёлик аёллар томонидан ташлаб кетилган болалар тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Бу филм қаҳрамонлари марказий осиёлик аёлларга болаларни ташламаслик даъвати билан мурожаат қиладилар. Лекин аёлларни бундай номақбул ишга нима ундайди?

Ким бахтли бўлишни истамайди? Албатта, жавоб битта.

Ким яхши оила қуриб жуфти ҳалоли, фарзандлари билан тинч-тотув ҳаёт кечиргиси келмайди? Бунинг ҳам жавоби аниқ.

Ўзбек, тожик қирғиз аёллари учун “бахт” тушунчаси энг аввало “оила” тушунчаси билан боғлиқ. Бепоён Россия кенгликларида мусофирчиликда юрган юз минглаб аёллар ҳам бахтли бўлиш орзуси билан яшашмоқда. Лекин унга эришиш учун эса ҳамма ҳар хил йўл танлайди.

Шарқ аёлларини Москва кўчаларида учратиш одатий ҳолатга айланди. Сон-саноқсиз фаррошлар, идиш-товоқ ювувчилар, сотувчилар ва хизматкорлар... Буларнинг аксарияти 17 дан 40 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Кўплари табиат ва инсоният қонунига бўйсунган ҳолда ҳалол жуфтини излашни давом эттирмоқда. Уларнинг бу режаларини эса бехостан туғилган болалар бузмоқда.. .

Хўш, Хайрулла Ҳамидовнинг машҳур шеърини ўзгартириб “Шарқнинг аёлига нима бўляпти?” саволини ўртага ташлаймиз...

Биринчи суҳбатдошимиз “Қирғиз бирлиги” Минтақалараро ижтимоий ташкилот раҳбари Абдуғани Шакиров маҳаллийлар ўртасида марказий осиёликлар борасида жуда салбий ва нотўғри тасаввурлар пайдо бўлиши сабаблири ҳақида сўзлади:

- Москвага улар турли касалликларни олиб келмоқда, жиноятчиликларни аксарияти шулар томонидан содир этилмоқда каби даволар келтирилаяпти. Биласизми, Москвага келаётганларнинг асосий мақсади пул қилиш ва ортга қайтиш. Ўзингиз биласиз, йилдан йилга Москвада ишлашга квоталар қисқартирилиб борилаяпти, иш шароитлари оғирлашиб бораяпти. Мана жаҳон молиявий инқирози натижасида қанчаси ишсиз қолди. Лекин шундай қийинчиликлар билан топган ишни бировга беришни ҳеч ким хоҳламайди, айниқса аёлларга қийин иш топиш. Нима дейсиз, иссиқ жон, келаётганлар аксарияти ёш йигит-қизлар. Кўпи контрацепция нималигини эшитмаган ҳатто... Мана менга қўнғироқ қилиб сўрашаяпти туғруқхонадан: "Бир қиз эгизак туғибди, бири нобуд бўлди, уни қаерга кўмамиз", деб мендан сўрашяпти... Ташланган болалар муаммосини 2 йўл билан ҳал этиш мумкин: бири умуман таъқиқлаш бу иш билан шуғулланишни ёшларга; иккинчиси, иш берувчини ишчиларга шароит яратиб беришга ундаш.

Озодлик: Билишимча, биринчиси осонроқ бўлса керак...

- Айтманг, биз ҳам боши берк кўчага кириб қолдик. Бу масаланинг бошқа бир томони эсимиздан чиқиб қолаяпти: 17-18 ёшида ҳомилани нобуд қилган аёл бошқа туға олмайди-ку! Кейин уларнинг кўпи касал бўлади. Бу кетишда тасаввур қилинг биз, марказий осиёликлар учун бутун бир генофонднинг бузилиши-ку, дейди “Қирғиз бирлиги” минтақалараро ижтимоий ташкилот раҳбари Абдуғани Шакиров.

Ҳеч қайси она ўз фарзандига ёмонлик тиламайди. Уни ташлашни ёки, ундан-да даҳшатлироғи, ўлдириш хаёлига келмайди. Уни бунга муайян вазиятлар ундайди.

Москва шаҳрида жойлашган “Мени топ, онажон”- “Найди меня мама” Оналик ва болаликка кўмаклашиш хайрия жамғармаси бош директори Мадина Йўлдошева ўз фаолияти давомида ақл бовар қилмас тақдир фожеаларига гувоҳ бўлаётганини гапиради:

- Мана 17 ёшли қиз. Онаси ишга Черкизовга олиб келган Тожикистондан. Кимнингдир туғилган кунига таклиф қилишган. Улар кола ичиб ўтиришган, кейин... "Ширин бир нарса беришди, едим ва ухлаб қолдим. Эрталаб турсам, устимда кийимларим йўқ. Қандайдир бир эркак ёнимдан туриб чиқиб кетди", дейди қиз. Билмайдими кимлигини ёки қўрқаяптими - бизга қоронғу. Одатда зўрланган қизлар: “Бу бола ҳаром, уни кўргим йўқ!” дейишади ва ундан тезроқ қутулишга ҳаракат қилишади.

Мана бошқа бир мисол... Москвада ишлаган ўзбекистонлик бошқа бир қиз. Бир йигитни севиб қолган. Ундан ҳомиладор бўлган. Буни эшитган йигит ғойиб бўлган. Эгизак туғилди, лекин унинг уларни боқиш учун ҳеч қанақа шароити йўқ ва у бизга мурожаат қилди. Гап шундаки, у фарзандларини бизга вақтинчалик бермоқчи. Аммо маҳаллий қонунларга биноан, у Россия фуқароси бўлмаганлиги сабабли давлат қарамоғида болалар фақат 6 ойгача бўлиши мумкин. 6 ойдан кейин давлат уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиладилар ва уларни бошқа оилаларга бериб юборишади. Бунақанги болаларни ортидан йиллаб навбатга туришади. Агарда бу қизнинг иккала гўдагини олиб қўйишса, у яна ҳамма қатори сон-саноқсиз ҳужжат йиғмоғи зарур. Кейин тарқатилган болаларнинг манзили ҳеч кимга ошкора қилинмайди. Шунинг учун бизнинг жамғармамиз шундай оғир аҳволга тушган аёлларга вақтинчалик уй қуриб бериш ҳаракатидамиз. Чунки бу аёлларнинг аксарияти оёққа туриб олгандан кейин ўз фарзандларини қайтариб олиш учун бизга мурожаат қилишмоқда. Лекин бунинг иложи деярли йўқ!

Бу аёлларга шароит яратиб берсангиз, бас. Улар болаларни ташламайди. Мана бир аёл айтаяпти: "Мен кундузи ишлайман, кечаси зўрға кириб келаман, овқат қилишга ҳам ҳолим йўқ. Мен билан 10 га яқин одам яшайди. Улар менга 7 ой базўр чидашди. Мени бола билан улар қабул қилишмайди. Боқа олмасам, қарай олмасам", дейди... Бунақалар жуда кўп. “Онажон мени топ” жамғармаси ана шундай аёлларга кўмак бериш мақсадида тузилди. Жамғарма таъсисчиси Меҳмоншо Меҳмоншоев собиқ кинокаскадер, актер, ўзи онасиз катта бўлган. Биз бу аёлларга нафақат тиббий, балки ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатмоқдамиз. Мана менинг уйимда иккита ўз фарзандини ташлашни ҳоҳламаган аёл яшамоқда (бола йиғиси эшитилади). Бу қизларнинг соддалигию қонунларни билмаслигидан. Улардан ўз ота-онаси, фарзаднинг отаси, яқинлари ва ҳатто ҳукумат юз ўгирган, дейди Мадина Юлдошева.

Озодлик: Мадина Эргашевна, сизга мурожаат қилаётган аёллар кўпми?

- Бир ойда бизга ўртача 6 аёл мурожаат қилади, биз ҳақимизда эшитганлар. Кўплари фарзандларини туғруқхонага ёки Гўдаклар уйига ташлаб кетади, дейди Мадина Йўлдошева.

Жамғарма раҳбарининг сўзларига кўра, Россияда ташлаб кетилаётган болалар сони йилдан йилга прогрессия тарзида ошиб бормоқда:

- Расмий маълумотларга кўра, 2008 йил 150-200 нафар бола қирғизистонлик, ўзбекистонлик ва тожикистонлик аёллар томонидан ташлаб кетилган. Кўпчилик бошқа шахснинг паспорти билан туғиб ташлаб кетади, яъни аслида сони бир неча баробар кўпроқ. 2009 йил – расман 220 бола ташлаб қолдирилган. Мана энди 2010 йилнинг январ ва феврал ойлари учун маълумот бераман, аниқроғи, 15 февралга қадар - жами 91 гўдак Москва шаҳрида ўзбек, тожик, қирғиз аёллари томонидан ташлаб кетилган. Изоҳнинг ҳожати йўқ, дейди “Онажон, мени топ”- “Найди меня мама” Оналик ва болаликка кўмаклашиш хайрия жамғармаси бош директори Мадина Йўлдошева.

Ташланган болалар муаммоси сўнгги йилларда Москва ҳукуматининг ҳам эътиборини ўзига қаратмоқда. “Мени топ, онажон” филмининг якунида Москва шаҳар Оила ва ёшлар масалалари бўйича Департамент раиси муовини Татьяна Неверова шундай бир саволни ўртага ташлайди: "Тўғрисини айтсам, ҳайронман, қандай қилиб шундай бир қадимги маданият ва оламшумул тарихга эга миллат вакиллари, ўз дини ва урф-одатларини шундай сақлаб қолган одамлар, фарзандларини туғруқхоналарда, болалар уйларида қолдириб кетадилар?"

Бу савол очиқлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG