Линклар

Британияда коалицион ҳукумат тузилди


Буюк Британия янги Бош вазири Дэвид Камерон ҳукумат таркибини тузишга киришди.

Буюк Британия Қироличаси Элизавета II 11 май куни Консерватив партия раҳбари Дэвид Камеронни янги Бош вазир этиб тайинлади. Бу билан 13 йиллик танаффусдан сўнг консерваторлар Британияда яна ҳокимиятни эгаллади.

6 май куни бўлиб ўтган парламент сайловида Дэвид Кэмерон етакчилигидаги Консерватив партияси парламентда энг кўп ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди, бироқ парламентдаги кўпчилик мақомига эриша олмади.

Бугун журналистлар олдида чиқиш қилган янги Бош вазир сайловда лейбористлардан кейин учинчи ўринни эгаллаган Либерал-демократик партия билан бирга коалицион ҳукумат тузишини эълон қилди.

- Иккала партиямиз ягона коалицион ҳукумат, яъни Либерал-демократик-Консерватив ҳукумат тузиш тўғрисидаги қароримизни қўллаб қувватладилар. Бу 65 йил ичида Буюк Британияда тузилаётган биринчи коалицион ҳукуматдир, деди Дэвид Камерон.

Либерал-демократик партия раҳбари Ник Клег бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллади.

Консерватив партия вакиллари партиянинг собиқ раҳбари Вилям Ҳейг янги ҳукуматда Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Камероннинг яқин иттифоқчиси бўлган Жорж Осборннинг Молия вазири бўлишини айтмоқда.

Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама, Германия ва Франция етакчилари Дэвид Камеронни Бош вазир лавозимига тайинлангани билан табрикладилар.
XS
SM
MD
LG