Линклар

Анда жоним олиб қолғон¸ Андижоним қолди менинг...

  • Ҳурмат Бобожон

Нажмиддин ота АҚШдаги андижонлик қочқинларнинг энг кексасидир.

Нажмиддин ота АҚШдаги андижонлик қочқинларнинг энг кексасидир.

2005 йилдан кейин дунëнинг турли қитъаларидан қўним топган андижонликларнинг ëш авлоди яшаëтган юртлари тили¸ урфу одатини ўрганиб¸ ўз йўлини топиб кетган бўлса¸ 70 ни қоралаб қолган Нажмиддин ота Умаровнинг кўнгли ҳамон олис Андижонда...


Андижонлик қочқинларнинг Айдаҳо штатидаги йиғини муносабати билан Нажмиддин Умаров билан ҳамдастурхон бўлдик.

Озодлик:
Нажмиддин тоға¸ сиз бу жамоанинг энг кекса вакили экансиз. Ëшингиз нечада?

Нажмиддин Умаров: 69.

Озодлик: Зерикмаяпсизми Америкада?

Нажмиддин Умаров: Энди мана шундай нималар билан зерикиб бўладими. Мана кўраяпсиз фарзандларим¸ ҳаммаси ўзимнинг укаларим¸ деб юрибман.Лекин тақдир экан бу. Насибамиз шу ерда қанча бор экан¸ деб сабр қилиб юрибмиз. Ҳозир хушхабарлар келадигану уйимизга кетадигандай бўлиб турамиз қаранг.

Озодлик: Набиралар Андижондами?

Нажмиддин Умаров: Ҳа¸ улар Андижонда қолган. Холангиз қолган.

Озодлик: Бу ерда битта ўзингиз.

Нажмиддин Умаров: Ҳа¸ битта ўзимман. Битта ўғлим турмада. Келиним учта боласи билан уйда.

Озодлик: Ўғлингизни нима учун қамашган?

Нажмиддин Умаров: Шу митингга чиққанда. Иштирок этган. Оëғига ўқ теккан унинг ҳам.

Озодлик: 13 май куними?

Нажмиддин Умаров: Ҳа. Шу билан яраланиб болницага олиб борилган. Мен боргунимча¸ у ишлар бўлиб бўлган. Бизга кўрсатмади ҳам¸ болницага боролмадим ҳам. Кўргани йўл йўқ. Ҳамма ер тўсиқ. Мен ҳам митингда қолдим. Шу билан кейин Қирғизистонга кетдимда.



Озодлик: 13 май куни майдонга қандай бориб қолган эдингиз?

Нажмиддин Умаров: Эрталаб кўчага чиқсам¸ ҳамма ëқда шов-шув гап. “Ноҳақдан қамалганларни кимлардир турмадан очиб юборибди. Ҳозир ҳокимиятга ўша қамалганларнинг яқинлари¸ юртдаги қийналганлар¸ ноҳақ эзилганлар тўпланиб¸ ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишаяпти экан. Ҳамма бораяпти экан” деган гапни эрталаб чиқиб маҳаллада эшитдим. У ерга мен ҳам боришим керак эди. Чунки мен ҳам 33 йил ишлаб бир қоп унга етмайдиган арзимайдиган пенсия билан чиққанман. Бу етмайди¸ ишга ярамасам. Нима қилишимни билмай юрган вақтларимиз. Пенсиялар ҳам вақтида берилмай икки-уч ой ўтиб кетади. Яна кундан кунга нархларнинг¸ солиқларнинг ошиб бориши. Шулардан инсонларнинг жуда кўпчилиги ҳайрон бўлиб юрган эдик.

“Президент келар экан. Инсонлар тўпланиб арз-додини айтса¸ тинглар экан” деганига яхши экан¸ деб мен ҳам бордим. Шу соат 11 лар эканми иккита ҳарбий машина келди. Биз сал чеккароқда¸ ЗАГС хона деймиз¸ Навоий проспектига яқинроқ жойда ўтириб қолган эканмиз. Ўтаëтиб ўқ овози эшитилди. Ëнимда ўтирган қишлоқдан келган одам экан.

“Ошна ëтинг. Отаяпти” деган эди¸ “Йўғе¸ нимага отади? Бекордан бекорга отадими? Огоҳлантиришга¸ қўрқитишга бўлса керак” дедим. “Кўрмаяпсизми ана” деди. Ëнимизда одам бўйи келадиган кичик бир арча бор эди. Шу арчанинг шохлари узилиб ëнимизга тушишни бошлади. “Мана шохлар узилиб тушаяпти” деган эди¸ мен “Резинка ўқ бўлса керак. Наҳотки халққа қараб отса. Йўғе”¸ деб ҳеч ишонгим келмади. Мен ота-онаси қария¸ деб армияга ҳам бормаганман. Бунақа нарсаларни киноларда кўрардик¸ холос. Ҳеч тасаввуримга сиғдира олмаяпман.

“Жуда бўлмаса резинка ўқ бўлса керак” дедим. “Резинка ўқ арчанинг шохини узадию¸ темир ўқ узмайдими. Қанақа одамсиз?” деб турганида солдатларнинг иккинчи машинаси ўтаëтган эди ëқамдан тортиб “Ҳаëтдан умидингиз борми? Қанақа одамсиз?” деб ерга ëтқизиб қўйди. Бирпас турган эдик¸ машина ўтиб кетди. Кўп аëллар кинохонанинг рўпарароғида турган эди. Машина бурилиб рўпарадан отган экан. Ундан кейин аëлларнинг дод-войи бошланди. Битта аëлнинг аниқ “Ҳомиладор аëлнинг қорнига тегди. Боласи тушиб кетди. Войдод ëрдам беринглар” деган овозини эшитдим. Биров “Боламга тегди” деяпти¸ биров “Ëнимдаги шеригимга тегди. Ëрдам беринглар¸ дод” деяпти. Кейин ишондим. “Аниқ отишаяпти экан. Агар резинка ўқ бўлганда¸ бунақа деб туришмас эди” деб турдим. Ярим соатлар ўтдими яна бояги иккита машина қайтиб ўтиб отиб кетди. Энди у келаëтганда ëтиб оладиган бўлиб қолдик.

Кейин тепадан вертолëт келди. Одамларда “Ҳозир битта бомбани ташлайди ва ҳаммани йўқ қилиб қўя қолади” деган шов-шув¸ ваҳима бўлди. Шунга ҳам мен ишонмаяпман. “Йўғе¸ ундай қилмаса керак. Қилмайди. Ўзининг халқини¸ ўзининг фуқаросини ким қиради” деб турган эдим вертолëт айланиб-айланиб қайтиб кетди. Ëнимдагиларга “Мана ҳеч нарса бўлмадию” десам¸ бирпасдан кейин яна келди. “Энди ташласа керак. Аввал кўриб¸ мўлжалга олиб кетди” деди. Энди “Шунча яшабмиз. Агар пешонамизда бўлса¸ шу ерда ҳалок бўламиз экан. Биз ҳам ëмон ниятда чиққанимиз йўқ. Фуқароларнинг¸ ҳамма юртнинг ҳақ-ҳуқуқини сўраб чиққанмиз. Шуни ëмонликка ҳисоблайдиган бўлса¸ шу ерда ажалимиз етган бўлса¸ ўламиз. Бўлмаса¸ Оллоҳнинг ўзи сақлайди” деб турдик. Вертолëт яна қайтиб кетди.

Кейин БТР эди. Менинг ҳам кўришим ана шу. Парадларда кўрардим. “Энди эҳтиëт бўлмасангизлар¸ бу қириб юборади” деди. Шунда ҳам ишонгим келмади. “Қўйсангларчи¸ бир қўрқитгандир” дедим. У ҳам отишни бошлади. Унда кўпроқ дод-войлар пайдо бўлди. Биз ариқда бурчакроқда эканмиз мўлжалга тушмай қолибмиз. Биз сақланиб қолдик. Яна шунақа ҳолатлар бўлди. Иккинчиси ўтди. Отиб яна орқага ўтиб кетди. Иккита БТР икки марта у ëқдан бу ëққа қайтиб ўтди.

Қайтайлик десак¸ ҳамма ëқ ўралиб қолган экан. Бошқалар ҳам “Бориб ўта олмай қайтиб келдим. Ўтаëтганларни ушлаб олди. Туриб турсак¸ йўллар очилиб кетар” деди. Кейин туриб турдик. Кеч кириб қолди. Имкон бўлмади. Унинг устига орада “Кечки пайт мана шу ердагиларнинг ҳаммасини қириб юборар экан” деган гап юрди. Ундан кейин “Ўртоқлар бу ерда ўлиб кетгандан кўра шу ëққа қараб юрайлик. Бир йўллар нажот очилиб кетар” деган гап бўлди. Йўлда юриб¸ Чўлпон кинотеатрининг олдига бориб¸ у ерда ҳам йўл тўсиқ экан¸ у ерда ҳам рўпарадан отгандан кейин иложимиз бўлмасдан тор кўчага ўзимизни уриб юбордик. Шу кетишда кечаси билан юриб Тешиктошга етиб келдик. Тонг отарга яқин етиб бордик.

Озодлик: Ўзбекистонга қайтинглар¸ дейишдими?

Нажмиддин Умаров: Ҳа. “Имкон бўлса¸ қайтаверасизлар экан. Ҳеч ким тегмас экан” деган гап тарқалди. Ҳаммамиз суюндик. “Худога шукур энди тушунмаганлар тушунибди. Бу иш тинчийди экан” деб ҳаммамиз орқага қараб қайтмоқчи бўлиб суюниб 50 метр юрган эдик¸ рўпарада бир кўча бор эди Қирғизистон адири томонда¸ узоқлардан шийпонга ўхшаган нарсалар кўриниб турган эди¸ шу томондан келди ўқ. У ерда ҳам дод-вой бўлди. Кейин ярадор ва ўлганлар 18 та бўлди дейилди. Бир йигит ва бир аëл жон бераëтганида ўзим тепасида бўлдим. Тепасида калима айтиб турдим.

Озодлик: Ўша пайтда 65 ëшда бўлган экансиз. Қандай қилиб етиб боргансиз чегарагача?

Нажмиддин Умаров: Ўлимнинг ҳадигидан одам нима бўлиб қолар экан. Кўзингизнинг олдида ўлиб турса¸ яраланиб турса. Киноларда кўрганмиз холос. Ҳаëтимизда биринчи марта кўришимиз. Бу ҳам жуда таъсир қилдики¸ ўша ëққа қанақа қилиб бориб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Қариялар жуда ҳам кўп эди. Йўлга чиққанимизда нимадир бўлгандир¸ ўқ теккандир¸ ярамай қолгандир. Ўша ëққа борганда ҳам оқсоқоллар анча бор эди. Тешиктошдан ўтиб олдик. Ўшанда маълум кишилар ўтиб қолибди. Қолганларга нима бўлганини билмаймиз. Йўқда шу оқсоқоллар ҳам.

Нажмиддин ота ўз қисматига шерик бўлганлар билан оға-инидек бўлиб қолганини айтади.
Озодлик: Мана тақдир тақозоси билан Америкада яшаяпсиз. Ажнабий юртда қийналмаяпсизми? Тилни ҳам билмасангиз керак.

Нажмиддин Умаров: Бу томонига енгиллик бор. Укамнинг ўғли ўзим билан бирга. Бошқа фарзандларим ҳам тилни яхши билиб олишди. Қаерга ишим тушса¸ бирга олиб боришади. Докторга борсам¸ пенсия масалаларига борсам¸ ўзлари олиб боришиб¸ бекаму кўст ишимни тўғирлашаяпти. Ўзим гапира олмайман.

Озодлик: Битта-иккита сўзларни ўрганиб олдингизми?

Нажмиддин Умаров: Бир идораларга киришим билан (кулиб) “Hello. How are you?” деб қўяман. Ишим битса¸ кетаëтиб “Thank you” деб қўяман. Бир пайтларда “Bye bye” ҳам деб қўяман (Шу гапни айтиб Нажмиддин ота очилишиб кулди). Булар ҳам жуда яхши онгли халқ эканки¸ тушунмаганларни¸ катталарни¸ янги келганларни роса билар экан. Чиройли муносабат қилишар экан. Ҳолатингиздан нима демоқчи эканлигингизни билиб жавоб қилар экан. Ëрдам қилиб юборар экан. У томонлар яхши.

Озодлик: Америка ҳақида нима дейсиз?

Нажмиддин Умаров: Бу энди менинг шахсий фикрим¸ бу ерда ҳақиқатан ҳам адолат¸ одиллик бор экан. Енгилликлари¸ қулайликлари ҳар жиҳатдан. Мана пенсия масалалари ўзимга олсам. Ҳар ойнинг биринчи кунида пенсия келади. Олиш ҳам осон¸ уни сарфлаш ҳам осон. Ҳамма ëқ кўнгилдагидай. Ëшлар энди шаҳарларни айлантиришаяпти. Ҳақиқатан баланд¸ осмонўпар бинолар. Ерлар ҳаммаси мармар. Ҳамма ëқ чиройли. Улар томоша қилишиб¸ “Тоға¸ мана бу биноларни қаранг. Ҳаëтни қаранг” деса¸ “Ҳа¸ ҳа” деб қараяпману¸ хаëлим ўзимизнинг юртимизга кетаяпти. Булар сал олдинроқда кетаëтган эди. Ўзимга бир фикрлар¸ сўзлар келдики¸ мусофирчиликда¸ юртнинг соғинчида¸ оила¸ жигарлар соғинчида одам ëзувчи ҳам бўлиб кетар экан¸ шоир ҳам бўлиб кетар экан. Оддий инсон қатори ўйлаб туриб уч-тўрт қатор сўзлар келиб кетди. Ëшлар энди ҳамма ëқни таърифлашиб юрган пайтда менга келган нарса бу.

Юртим ҳамон кўзим сенинг йўлингда¸
Юрагим жилови сенинг қўлингда¸
Ўзгалар юртининг кошонасидан¸
Яшамоқ истагим сенинг чўлингда.

Тилагим юртимиз озод бўлса бас¸
Ўзаро низолар барбод бўлса бас¸
Ҳар шаҳар қишлоғу¸ ҳатто чўлларда¸
Адолат биноси бунëд бўлса бас.

Бўлайлик ватанга доим фидокор¸
Бўлайлик тадбиркор ҳамда бунëдкор¸
Халқимиз дардини дилидан топиб¸
Бўлайлик дардига уста шифокор.

Менинг ҳам ул юртда тоза қоним бор¸
Вафодор рафиқам¸ мард ўғлоним бор¸
Хўп ширин ва кўркам набираларим¸
Гулшан қизим¸ Саидам¸ Дурдоним бор.

Энг гўзал¸ энг улуғ¸ юртимсан ўзинг¸
Сен билан ҳамнафас ўтар ҳар оним¸
Алишмам дунëга бир қарич еринг¸
Нажмиддин фахрингдир Ўзбекистоним.

Сўнгги тилагим Парвардигор¸ омин дунëда тинчлик бўлсин. Ҳар бир одам ўзининг юртида яшасин. Қочоқ деган сўз йўқ бўлиб кетсин. Меҳмонлар¸ саëҳатчилар¸ зиëратчилар¸ тижоратчилар деган сўзлар билан бир биримизникига борди-келди қилиб ҳаëт жуда чиройли бўлсин. Биздан кейинги зурриëдларимиз жуда фаровон яшасин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG