Линклар

logo-print

Обама Оқ Уйда Карзайни қабул қилди


Оқ уйдаги учрашувда Обама ва Карзай Ал-Қоида террор тармоғини мағлубиятга учратиш мақсадига содиқ эканликларини яна бир карра таъкидладилар.

Оқ уйдаги учрашувда Обама ва Карзай Ал-Қоида террор тармоғини мағлубиятга учратиш мақсадига содиқ эканликларини яна бир карра таъкидладилар.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон президенти Ҳамид Кардай билан музокара олиб борганидан сўнг Қўшма Штатларнинг Афғонистон билан ҳамкорлиги “кенгайиб ва теранлашиб бораётгани”ни олқишлади.

АҚШга 4 кунлик ташриф билан келган Карзай билан Оқ Уйда бўлиб ўтган музокарадан сўнг журналистлар учун уюштирилган қўшма матбуот анжуманида Барак Обама АҚШ етакчилигидаги кучлар Афғонистонда исёнчилик уринишларини бостиришга киришганини ва ҳарбий амалиётлар давомида тинч аҳоли орасида талафотлар кўрилишининг олдини олиш учун бор имконият ишга солинаётганини айтди.

- Аҳоли орасида талафот бўлмаслиги учун биз фавқулодда чоралар кўрдик. Президент Карзай билан учрашув чоғида унга Қўшма Штатлар Афғонистон халқига зарар етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун Афғонистон ва бошқа ҳамкорларимиз билан бирга ишлашни давом эттиришимизни айтдим, деди АҚШ раҳбари.

Афғонистонда коррупцияга қарши олиб борилаётган курашда Карзай муваффақиятга эришганини урғулаган АҚШ раҳбари бу борада ҳали “анча ишлар қилиниши кераклиги”ни таъкидлади.

Ўз навбатида, Карзай АҚШнинг молиявий ресурсларидан “ўта тежамкорлик” билан фойдаланилишини айтди.

Ҳамид Карзай бошчилигидаги ҳукумат икки ҳафтадан кам вақт ичида Кобулда Тинчлик маслаҳат кенгашга мезбонлик қилади. Бундан мақсад Толибон ҳаракатининг оддий жанггариларини Афғонистон жамиятига қайтаришдан иборат.

- Ҳозир ғояга муккасидан кетмаган минглаб толиблар бор. Уларнинг Ал-Қоида ёки бошқа террорчи гуруҳларга алоқаси йўқ. Бизга имкон қадар зарар етказиш мақсадида улар ташқаридан бошқарилмайди. Бизнинг ножўя хатти-ҳаракатларимиз, ўзлари ёки бизнинг ихтиёримизда бўлмаган вазият, шунингдек, қўрқув сабабли минглаб мамлакат болалари беихтиёр шу йўлга кириб қолган, деди Ҳамид Карзай.

Барак Обама зўравонликдан воз кечган ва Ал-Қоида билан алоқани узган толиблар гуруҳларига эшикни очиш йўлидаги Афғонистон ҳукумати уринишини АҚШ қўллаб-қувватлашини айтди.

- Мен президент бу режани яқинлашиб келаётган Тинчлик маслаҳат кенгашида тақдим этишини қутлайман. Бу муҳим уринишни Америка қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Ал-Қоида билан алоқани узган, зўравонликдан воз кечган, Афғонистон конституцияси, жумладан, инсон ҳуқуқларини тан олган толибларга эшикни очиш йўлидаги Афғонистон ҳукумати уринишини қўллаб-қувватлайди, деди АҚШ раҳбари.

Обама сўнгги пайтларда ўзи ва Карзай ўртасида келишмовчилик юзага чиққани ҳақидаги гаплар “бўрттириб кўрсатилган”ини айтди.

Матбуот анжуманида Эрон ҳақида гапирган Ҳамид Карзай Афғонистон Эрон билан яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйишга ҳаракат қилиб келаётганини айтди. Теҳроннинг ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамият билан юзага келган зиддиятни бартараф қилишда Афғонистон фойдаси тегиши мумкин бўлса, расмий Кобул ёрдамга тайёр эканини айтди.
XS
SM
MD
LG