Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида истиқомат қилувчи кишилар вилоятга келаётган гуманитар ёрдам кам таъминлаган оилаларга эмас, балки ўзига тўқ бўлганларга тарқатилаётганлигини айтмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятида қарийб олти минг оиланинг шароити оғир бўлиб, ёрдамга муҳтож.

БМТ Тараққиёт дастурининг Хўжанд шаҳридаги офиси Ашт туманидаги кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди. Халқаро ташкилотининг Сўғд вилоятидаги вакили Хуршед Азимжоновнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари муҳтож оилаларга тарқатилмоқда.

- Оиласида бир ёки икки фарзанди бўлганларга ун, дуккакли маҳсулотлар ва ўсимлик ёғи берилмоқда Бизнинг вазифамиз гуманитар ёрдамни белгиланган туман ёки шаҳарга етказиб беришдан иборат. Ёрдамни аҳолига тарқатиш масаласи бизнинг вазифамизга кирмайди, дейди Хуршед Азимжонов.

Мазкур тумандаги Ошоба қишлоғида истиқомат қилувчи Кимсанали Нурматовнинг айтишича, олиб келинган гуманитар ёрдам камбағалларга берилмай, ўзига тинч оилаларга тарқатилган.

- Мана ҳозир Ашт туманидаги Мархамат қишлоғида гуманитар ёрдам берилаяпти. Лекин камбағаллар бир томонда қолиб, ўзига тўқ кишиларга тарқатилаяпти. Айрим камбағаллар хам оляпти. Лекин улардан уч сомонийдан пул талаб қилинмоқда. Йўлкира учун эмиш. Мана, маҳалла қўмитаси раиси билан гаплашинг, деган Кимсанали телефонни ёнида турган маҳалла қўмитаси раисига узатди.

Аммо маҳалла қўмита раиси бу борада изоҳ беришни истамади.

Навбатдаги сухбатдошимизнинг айтишича, маҳалла қўмитаси аъзолари гуманитар ёрдамни ўз хоҳишларича танишларига тарқатмоқда.

- Еттита фарзандим бор. Болаларнинг ҳаммаси балоғат ёшига етмаган. Тўқсонга кирган онам билан яшаймиз. Бизга ёрдам берувчи бошқа одам йўқ. Далада ишлайман. Бугун гуманитар ёрдам олишга келсам, рўйхатда йўқ эканмиз. Ён қўшним - бадавлат одамга эса беришди, дейди хуноби ошиб бу аёл.

Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят хукуматига мурожаат қилдик. Сўғд вилоят хукумати вакили Даврон Шарипов сўнгги пайтларда гуманитар ёрдамни тарқатиш чоғида бирорта қонунбузарлик аниқланмаганини айтди.

- Тўғри, илгари шундай қонунбузарликлар аниқланган.Лекин ҳозирда вилоят ва жойлардаги маҳаллий хукуматлар ёрдамида бу муаммо ҳал қилинаяпти. Шу боис бугунги кунда бу борада гуманитар ёрдам етказиб берувчи Халқаро ташкилотлар ва аҳоли томонидан норозиликлар йўқ, дейди вилоят хукумати вакили.

Тожикистонга иқтисодий ёрдам бераётган халқаро ташкилотлар бу мамлакатда қарийб 20 йилдан буён ишламоқда. БМТнинг тараққиёт дастури ҳам вилоятда шу пайтгача бир қанча лойиҳаларни амалга оширди. Бу лойиҳалар ҳам асосан қишлоқлардаги қашшоқликни камайтиришга қаратилган.

- Бу лойиҳаларнинг асосий мақсади аҳолининг даромадини оширишга ҳамда уларнинг иқтисодий шароитларини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, биз қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик самарадорлигини оширишга, ишсиз одамларни маҳаллий лойиҳаларга жалб этишга ҳаракат қилаяпмиз, дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Хўжанддаги ташкилоти вакили Баҳром Файзуллоев.

Хўш, бундай ёрдам ва лойиҳалар қанчалик ўз самарасини бермоқда? Бу йўл билан қашшоқликни камайтирса бўладими? Одамларнинг бири икки бўлаяптими? Мастчоҳ туманида яшайдиган бу суҳбатдошимизнинг айтишича, халқаро ташкилотларнинг қашшоқларга ёрдам бераётгани яхши, лекин токи ишлаб чиқариш бўлмас экан, бу лойиҳалар вақтинча ёрдам беради, холос.

- Қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш шароити анча қийинлашган. Бунга 2008 йилдаги қурғоқчилик ҳам сабаб бўлди. Деҳқонлар яхши ҳосил етиштира олмади. Асосийси эса илгари қишлоқларда мавжуд бўлган кичик корхоналар, ширкатлар йўқ бўлган. Агар мана шу кичик корхоналар қайтадан ташкил этилса, янги иш жойлари пайдо бўлади. Мухими, ана шу катта ишсизлар армияси учун иш ўринлари яратилганда эди, қашшоқлик муаммоси ўз-ўзидан ҳал этилган бўларди, дейди суҳбатдошимиз.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, тожик расмийларининг ҳар йили мамлакатда иқтисодий ўсиш бўлаётгани ҳақида бераётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Уларнинг айтишларича, ҳозир қишлоқларда одамлар асосан нон билан тирикчилик қилмоқдалар. Бугунги кунда бир ярим миллиондан ортиқ тожикистонлик Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида мардикорлик қилади.
XS
SM
MD
LG