Линклар

Ўшда яна ҳокимият биносига ҳужум бўлди


Ўш вилоят давлат маъмурияти биноси апрел воқеаларидан сўнг яна намойишчиларнинг ҳужум объектига айланиб қолди.

Ўш вилоят давлат маъмурияти биноси апрел воқеаларидан сўнг яна намойишчиларнинг ҳужум объектига айланиб қолди.

Бугун эрталаб Ўш вилоят давлат маъмурияти биноси ёнидаги майдонга Муваққат ҳукумат тарафдорлари ва мухолифлари йиғилди. Вилоят губернатори чиқишини талаб қилган бакиевчилар тоқатлари тоқ бўлгач, ҳокимият биноси эшикларини синдириб, ичкарига киришди.

13 май куни эрталаб Ўш вилоят ҳокимияти биноси олдида Муваққат ҳукуматнинг тинчлик митинги ўтказилиши эълон қилинган эди. Шу куни эрталаб Ўш вилояти ҳокимияти олдига муваққат ҳукуматнинг юзлаб тарафдорлари йиғилди.

Айни пайтда бино олдида 8 апрел куни Ўшда бўлиб ўтган муваққат ҳукумати митинги чоғида ўз лавозимидан туширилган Ўш вилоятининг собиқ губернатори Мамасодиқ Бакировнинг юзлаб тарафдорлари ҳам йиғилди. Уларнинг орасида Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевни қўлловчилар ҳам бор. Йиғилганлар собиқ губернатор Мамасодиқ Бакиров ва унинг ўринбосари Айтмамат Қадирбаевни ўз лавозимига тиклашни талаб қилишди:

- Биз ҳозирги ҳукуматдан тинчлик билан губернаторимиз Мамасодиқ Бакиров ва Айтмамат Қадирбаевни ўз ўрнига қайтаришини сўраймиз. Бизга ҳозирги ҳокимиятнинг 4-5 одамни йиғиб келиб, одамларни ҳуқуқини бузиб, лавозимга ўтирган янги ҳукумат одамларининг кераги йўқ, деди майдонга келган Мўнисқан Тўйчиева.

Маҳаллий вақт билан соат 11.30 ларда аввалги ҳукумат тарафдорлари ҳокимият биносига киришга уринди, аммо муваққат ҳукумат тарафдорлари уларни бино ичкарисига қўймади. Шундан сўнг икки гуруҳ ўртасида олатасир бошланди.

Бироз ўтгач, норозилар олдига Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов чиқди ва собиқ губернатор Мамасадиқ Бакиров билан бирга одамларни тинчликни сақлашга чақирди.

Бироқ соат 11.50 да норозилар вилоят давлат маъмурияти биноси эшикларини синдириб киришга муваффақ бўлишди. Шундан кейин норозилар собиқ губернатор Мамасодиқ Бакировни 8 апрел куни топширган курсисига қайта ўтқазиб чиқишди.

Орадан бироз вақт ўтиб, Ўш вилоят давлат маъмурияти биносидан муваққат ҳукумат томонидан тайинланган Ўш вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Сўўрўнбай Жеенбеков чиқди ва тарафларни музокарага чақирди.

Бироқ майдонга ўрнатилган микрофонларни Мамасодиқ Бакиров ҳамда собиқ президент Қурмонбек Бакиев тарафдорлари эгаллаб олишди:

- Президент келади, бир ҳафта вақт қолди. Юз фоиз кафолат бераман - ҳозирги ҳукуматнинг бари қочиб кетади. Яқинда бензин 100 сўм бўлади. Билиб қўйинглар, Назарбоев Бакиев ҳукуматга келмагунича чегарани очмайди. Яқинда Назарбоевнинг армияси келади, Лукашенконики келади, Бакиевни олиб келади, деди намойишга келган ўзганлик Исмоил Турдиев.

Маҳаллий вақт билан соат 12.30 ларда томонлар ўзаро музокара ўтказдилар.

Мамасодиқ Бакировнинг айтишича, унга Муваққат ҳукумат тарафдорлари томонидан бир неча таклифлар бўлган, аммо у мазкур таклифларга кўнмаган. Бакиров Муваққат ҳукумат тарафдорлари таклифлари мазмунини очиқламади.
Қирғизистон жанубий пойтахтининг марказий майдонида ўтказилган митингни Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари назорат қилиб турдилар.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси рағбари Қурсан Асановга кўра, улар ҳеч бир тарафларни қўлламайди ва шаҳарда тинчликни таъминлайди:

- Энг аввало, жамоат тартибини сақлаб, миллатлараро низо чиқишига ва турли провокацияларга йўл бермаймиз, деб очиқ айта оламан. Милиция хизматчилари сиёсатга аралашмайди, деди Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Қурсан Асанов.

Айни пайтда Ўш вилоят ҳокимияти олдидаги майдонда намойишчилар ҳар қайсиси ўз гуруҳи билан тўп-тўп бўлиб турибди.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида таништириб борамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG