Линклар

Қозоғистонда очлик акцияси жўғрофияси кенгаймоқда


Олмаотадаги очлик акцияси иштирокчилари мамлакат расмийлари олдига олти талаб қўйганлар.

Олмаотадаги очлик акцияси иштирокчилари мамлакат расмийлари олдига олти талаб қўйганлар.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида мухолифатчиларнинг президент ва ҳукумат истеъфосини талаб этиб бошлаган очлик акцияси 13 кундан бери давом этаяпти. Айни пайтда бундай акция мамлакат ғарбида ҳам бошлангани ҳақида маълумотлар бор.

Қозоғистонда 1 май куни бошланган очлик акцияси ташкилотчиларидан бири, мухолифатдаги сиёсатчи Жасарал Қуванишалин фикрича, ҳукумат ва президент Нурсултон Назарбоев сиёсатига қарши қаратилган мазкур норозилик акцияси қозоқ мухолифати ўртасида якдиллик йўқлигини яққол кўрсатиб қўйган.

- Энг аввало, бизни мухолифатдаги “Алға” партияси қўллаб-қувватлади. Бошқа партиялар ҳаттоки қорасини ҳам кўрсатгани йўқ. Қозоғистондаги бошқа мухолифатдаги партияларнинг қўғирчоқ партиялар экани айнан мана шу очлик акцияси пайтида яққол намоён бўлди, дейди мухолифатдаги сиёсатчи.

Эслатиб ўтсак, 1 май куни Қозоғистондаги “Алға” партиясининг беш аъзоси очлик акцияси бошлашларини эълон қилганди. Шундан бир неча кун ўтиб, очлик акциясига яна бир қанча киши келиб қўшилгани айтилганди.

Очлик акцияси иштирокчилари қозоқ расмийлари олдига олти талаб қўйганлар. Улар “Назарбоев кет!”, “Одил сайлов”, “Одил суд”, “Эркин ОАВ”, “Эркин митинглар ва пикетлар” ҳамда “Қозоғистондаги барча сиёсий маҳбусларни озод қилиш”.

Ўтган 13 кун ичида очлик акцияси иштирокчиларининг соғлиқлари ёмонлашган бўлса-да, ҳукумат мухолифатчиларнинг мазкур акциясига қарийб эътибор қилмаяпти.

Мухолифатдаги йирик “Азат” социал-демократик партияси раисининг ўринбосари Маржон Аспандиёрова Қозоғистондаги ҳозирги сиёсий-ижтимоий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бундай очлик акциялари ўтказиш орқали Назарбоевни истеъфога кетказиб бўлмаслиги ҳақида гапиради.

- Ростини айтадиган бўлсак, ҳозир Қозоғистонда бундай ҳаракат, бундай норозилик кўрсатиш орқали Назарбоевни истеъфога кетказиб бўлмайди. Очлик акцияси иштирокчилари ўз норозиликлари орқали соғлиқлари ва ҳаётларини хавф остига қўймоқдалар. Ҳозир қозоқ ҳукуматини одамларнинг соғлиғи ва умри қизиқтирмайди, дейди Маржон Аспандиёрова.

Айни пайтда Олмаотада бошланган очлик акцияси Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйила бошлагани ҳақида маълумотлар кела бошлади. Хабарларга кўра, бундай очлик акциялари норозилар қатлами қалинроқ бўлган Қозоғистон ғарбида кенг тус ола бошлаган.

Ҳозир Ғарбий Қозоғистоннинг Оқтўба шаҳрида 11 киши бошлаган очлик акциясининг иштирокчилари сони, маълумотларга кўра, кун сайин ортиб бораётибди.

- Биз бу акциямиз орқали мамлакатда ижтимоий ва сиёсий муаммолар Қозоғистоннинг Олмаота каби йирик шаҳарларидагина эмас, балки барча ҳудудларида бор эканини кўрсатмоқчимиз. Бундай очлик акциялари мамлакатнинг барча ҳудудларига секин-аста ёйилаяпти, дейди Оқтўбадаги очлик акцияси иштирокчиларидан бири.

Кузатувчилар Қирғизистонда содир бўлган апрел воқеаларидан сўнг қозоқ мухолифатининг президент Нурсултон Назарбоев сиёсатига қарши ҳаракатлари анча фаоллашганини таъкидламоқдалар.

Аснода Қозоғистонда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларининг мухолифатчилар устидан назорати кучайганини ҳам кузатиш мумкин.
XS
SM
MD
LG