Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:26

Муваққат ҳукумат бакиевчиларни жазоламоқчи


Қирғизистон Муваққат ҳукумати раисаси ўринбосари Алмазбек Атамбаев 7 апрел куни Бишкекда халойиққа қарата ўқ отишга буйруқ берганлар суд олдида жавоб беради, деган қатъий ишончда.
Қирғизистон Муваққат ҳукумати раисаси ўринбосари Алмазбек Атамбаев 7 апрел куни Бишкекда халойиққа қарата ўқ отишга буйруқ берганлар суд олдида жавоб беради, деган қатъий ишончда.

Бишкекдаги 7-8 апрел воқеларида халққа қарши ўқ отганлар ва ўқ отишга буйруқ берганлар жазосиз қолмайди. Бу ҳақда Қирғизистон муваққат ҳукумати вакиллари расман билдирдилар.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тарқатган хабарларда айтилишича, шу кунгача апрел воқеларида 85 одамнинг ўлимига ва мингдан ортиқ одамнинг турли жароҳат олишига сабабчи деб гумон қилинмиш бир қатор собиқ амалдорлар қўлга олинган.

Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийларининг билдиришича, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ўтказган дастлабки текширув натижасида 7 апрел куни халққа қарши 50 снайпер ўқ отгани аниқланган.

Муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Алмазбек Атамбаев уларнинг 7 нафари қўлга олинганини, қолганлари ҳам қидирувда эканини айтди. Шунингдек, Алмазбек Атамбаев ўқ отишга буйруқ берганлар ҳам суд олдида жавоб беради, деган қатъий ишончда.

- Бирорта ҳам айбдор одамни четда қолдирмаймиз. Керак бўлса Қурмонбек Бакиевни ҳам олиб келиб, суд қиламиз, деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиев ҳукуматида ишлаган 20 га яқин одам тергов қилинмоқда. Уларнинг орасида президент котибияти бошлиғи Оксана Малеваная ҳам бор. Унинг қамоққа олинишига Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши собиқ котиби Элмурза Сотиболдиевнинг терговда “норозиларга ўқ отиш тўғрисидаги буйруқ Оксана Малеваная иштирокида қабул қилинган” деган кўрсатмаси сабаб бўлди.

Бироқ нодавлат ташкилотлари, апрел воқеалари иштирокчилари ва бу воқеаларда қурбон бўлганларнинг қариндош-уруғлари 7 апрел воқеаларида одамларга ўқ отишга буйруқ берган асосий айбдорлар деб айтилаётган Қурмонбек Бакиев ва унинг укаси Жаниш Бакиевларнинг қамоққа олинишини талаб қилаётирлар. Норозилар мана шу талаб билан Бишкекдаги парламент биноси ва Белорус элчихонаси олдида тез-тез намойишларни ўтказмоқдалар.

12 май куни ўтган митинглардан бирида эса таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайқан Уметалиева Бакиевнинг апрел воқеаларидаги ҳаракатларини ўрганиш учун комиссия ташкил этишни талаб қилди:

- Давлат комиссияси тез орада тузилмаса, вақтни қўлдан бой берамиз. Бунинг оқибатида эса керакли далиллар ҳам йўқ бўлади. Натижада Қурмонбек Бакиевни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам савол остида қолиши мумкин, дейди Тўлайқан Уметалиева.

Шу кунларда Қурмонбек Бакиевни Қирғизистонга қайтариш ва жиноий жавобгарликка тортиш талаби жамоатчилик орасида жуда кучаймоқда. Сиёсатшунос Марс Сариевнинг айтишича, бунга мамлакатдаги вазиятнинг беқарорлиги сабаб бўлаётир:

- Хорижий давлатлар ҳам бу борада ташвиш билдирмоқдалар. Албатта, Бакиевни қўлга олиш осон иш эмас. Бироқ Бакиев озодликда қолар экан, мамлакатдаги вазият беқарор бўлиб қолавериши мумкин. Шунинг учун ҳам Бакиевни қамоққа олиб, уни сиёсий фаолиятдан четлатиш зарур, дейди Марс Сариев.

Айни пайтда Қирғизистон Бош прокуратураси Қурмонбек Бакиевнинг Бишкекка қайтарилишини талаб қилиб, Белорус Бош прокуратурасига мактуб жўнатган. Бу илтимос хозирча жавобсиз қолмоқда.

Собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев эса Латвияда экани айтилмоқда. Сўнгги хабарларга қараганда, Латвия полицияси Интерпол қидирувида бўлган Максим Бакиевни қўлга олиш ҳаракатини бошлаган.
XS
SM
MD
LG