Линклар

logo-print

Тожикистонда Айний аэродроми таъмирланди

  • Гулнора Равшан

Аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Айний ҳарбий аэродромида Россиядан ташқари бирорта давлатнинг ҳарбий базаси бўлмагани ва бундан буён ҳам бўлмаслигини таъкидлаганди.

Аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Айний ҳарбий аэродромида Россиядан ташқари бирорта давлатнинг ҳарбий базаси бўлмагани ва бундан буён ҳам бўлмаслигини таъкидлаганди.

Таҳлилчилар фикрича, Бишкек воқеаларидан ўзига хос хулоса чиқарган тожик расмийлари Айний аэродромида ҳарбий база ташкил этиш борасида яқин орада бирорта давлат билан ҳам шартнома имзоламайди.

Душанбедан 15 километр нарида жойлашган Айний ҳарбий аэродромининг тўла таъмирдан чиққани борасида Тожикистон қуролли кучлари расмийси генерал Рамил Нодиров маълум қилди.

Бу аэродром сўнгги бир неча йил мобайнида Ҳиндистон сармоясига таъмирланаётган эди.

- Ниҳоят Тожикистон ҳукумати мазкур аэродромда реконструкциялаш ишлари тугагани борасидаги ҳужжатни имзолади, дея маълум қилар экан тожик генерали Нодиров Айний аэродроми реконструкцияси учун қанча маблағ сарфлангани ҳақидаги маълумотларни очиқламади.

Расмий Айний аэродроми Тожикистон мулки эканини ва у ерда фақат бу мамлакат ҳаво кучлари фаолият қилажагини таъкидлади.

У “Айний аэродромида бошқа давлатлар ҳарбий учқичлари ҳам бор”лигига оид маълумотларни рад қилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 2008 йил ёзида Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков Душанбега сафари чоғида “Россия давлатлараро имзоланган шартномага мувофиқ, ўз ҳарбий ҳаво кучларини Айний ҳарбий базасига жойлаштириши”ни маълум қилган эди.

Мавзу юзасидан биз билан ўзаро суҳбатлашган Россиянинг Тожикистондаги 201-дивизияси матбуот хизмати раҳбари Павел Конев Россия ҳаво ҳарбий базаси аллақачон Қирғизистондаги Қант ҳарбий базасига кўчирилганини маълум қилиш баробарида Россия ва Тожикистон ўртасида 2008 йил имзоланган ҳарбий ҳамкорлик шартномаси кучда қолганми-йўқлигидан хабарсизлигини билдирди.

Аснода Ҳиндистон ҳам мазкур ҳарбий аэродромда ўз учқичларини жойлаштириш ниятида экани Тожикистон ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларида кўп ёритилган.

Ҳиндистон матбуотида ёйинланган хабарларда ҳиндистонлик мутахассислар Деҳли молиявий кўмагида Айнийдаги учқичлар учиб қўнадиган йўлакни кенгайтиргани ва Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи самолётларини жойлаштириш учун аэродромдаги омборлар кенгайтирилгани айтилади.

Ҳиндистондаги манбалар Айни аэродромидан парвоз қилган ҳарбий учқичлар Покистондаги айирмачиларни ўққа тутиши мумкинлигини тахмин қилишади.

Бироқ бугунги кунда ҳиндистонликларнинг режалари амалга ошмай қолгани кузатилади ва бунинг сабабларини таҳлилчилар Тожикистон Покистон билан муносабатларини бузишни истамаслигида, деб биладилар.

Айни пайтда тожик расмийлари Ҳиндистон томонидан Айнийнинг реконструкция қилингани келгусида уларга бу аэродромда ўз ҳарбий базасини ташкил қилиш имконини бермаслигини таъкидлаб келишади.

Жумладан, Тожикистон ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий бир тадбирда Айнийда авиабаза ташкил қилиш борасида бирорта давлат билан музокара ўтказилмаганини билдирганди.

- Биз Айний аэродромидан фойдаланиш борасида бирор давлат, жумладан, Ҳиндистон билан ҳам музокара қилганимиз йўқ, дер экан Зарифий бунинг сабабларини шарҳлашдан тийилишини айтганди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам “Айнийда Россиядан ташқари ҳеч қачон бирорта давлат ҳарбий базаси бўлмаган ва бўлмайди ҳам” дея бир неча бор таъкидлаганди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар ҳам мамлакат расмийлари Айний аэродромида ҳарбий база ташкил этиш борасида яқин орада бирорта давлат билан ҳам шартнома имзоламайди, деган фикрдалар.

- Чунки мана шу йил 7 апрелида Қирғизистонда рўй берган воқеалардан кейин Манас ва Қант ҳарбий базалари ўртасидаги вазият кескинлашганидан расмий Душанбе яхши хабардор. Шуни назарга олган ҳолда, ўз ҳудудининг бошқа давлатлар геосиёсий манфаатлар майдонига айланиб қолишини истамаётган Тожикистон ҳукумати, тўла бўлмаса ҳам, вақтинчалик бу борада шартномалар имзолашдан тийилади, дейди мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Бошқа бир таҳлилчи Нурали Давлат эса Ўзбекистон ва Тожикистон алоқаларининг совушидаги асосий омиллардан бири ҳам айнан Айний аэродроми бўлган, дея мулоҳаза билдиради.

- 1993 йилнинг 13 июлида Тожикистондаги мухолиф кучлар Россияга тегишли чегара отрядига ҳужум қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон ўз ҳудудидаги Россия ҳарбий учқичларининг Тожикистонга парвоз қилишига ижозат бермаганди. Кўп ўтмай, Тожикистон Россия ҳаво кучларининг Айний аэродромидан вақтинчалик фойдаланиши учун рухсат берди ва бу борада кейинроқ шартнома ҳам имзоланганди. Бу, ўз навбатида, расмий Тошкентга хуш келмади. Энди бугун яна шу мавзуга қайтиш Ўзбекистон билан шусиз ҳам қалтис муносабатларни янада кескинлаштириши табиий, дея фикр билдиради мустақил таҳлилчи Нурали Давлат.

Эслатиб ўтамиз, Душанбе шарқи жанубидаги Айний аэродроми совет ҳарбий ҳаво кучлари томонидан Афғонистондаги амалиётларни олиб боришда фойдаланилган ва 1985 йилдан буён таъмирланмаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG