Линклар

logo-print

Ўзбекистонликлар Андижон воқеасини эслайдиларми?

  • Садриддин Ашур

Озодлик билан суҳбатда бўлган андижонликлар 13 май воқеаларининг давлат томонидан атайлаб уюштирилганига ҳали-ҳамон шубҳа қилмайдилар.

Озодлик билан суҳбатда бўлган андижонликлар 13 май воқеаларининг давлат томонидан атайлаб уюштирилганига ҳали-ҳамон шубҳа қилмайдилар.

Озодлик саволларига жавоб берган айрим ўзбекистонликлар 2005 йилнинг 13 майида Андижонда содир бўлган воқеаларни яхши эслашларини айтиб, буни қатлиом сифатида баҳоласалар, айримлари бу воқеаларни эслашгаям қўрқишларини айтадилар.

Муҳаммадризо¸ Андижон вилоятидан:

Озодлик: Бугун 13 май Андижон воқеаларига беш йил бўлди. Сиз шу воқеани эслайсизми? Сиз андижонликмисиз?

- Ҳа¸ андижонликман.

Озодлик: Шу воқеани эслайсизми?

- Ҳа¸ албатта эслаймиз.

Озодлик: Қандай эслайсиз?

- Эслаганда аянчли бир ҳолат. Мўминларга бўлган¸ мусулмонларга бўлган қийин бир вазиятлар¸ Андижонда бўлган қирғин. Ўта бир қийин-да бу. Мусулмонларга қийинчилик. Қириб ташлади¸ неча мингта одам ўлиб кетди¸ бегуноҳ ëш болалар ўлиб кетди¸ ëши катта одамлар ўлиб кетди дайди ўқлар тегиб. Ëғилган ўқларнинг орқасидан неча мингта одамлар ўлиб кетди. Ўзимизнинг кўзимиз билан кўрган ўликлар ҳам бор.

Озодлик: Сиз ўша майдонда бўлгансиз-а?

- Мен ўзим бўлмаганман. У пайтда мен 15 яшар бўлганман. Лекин кўрганмиз шу воқеаларни. Турманинг олдида бўлган воқеаларни кўрганмиз. Москвичнинг ичидаги ўликларни кўрганмиз. Бешта ўликни кўрганмиз. Учта Москвичнинг ичида ўликларни кўрганмиз. Ўзимизнинг маҳалламизнинг ичида тўртта оддий картошка сотадиган кишиларни отиб юборганини кўрганмиз.

Озодлик: Сиз Андижонда нима бўлди, деб ўйлайсиз?

- Андижонда давлат томонидан уюштирилган бир нарса бўлди, деб ўйлаймиз. Уюштирилган нарса-да бу. Оддий халқ норозилик қилиб чиқди. “Булар террорист¸ булар ваҳҳобий” деб қириб ташлашди ҳаммасини. Оддий халқни қирди. Яхши иш бўлмади лекин. Андижондаги мусулмонларга¸ Андижондаги халққа яхши бир нима бўлгани йўқ. Дунëдаги мусулмонлар қарши чиқди бу нарсага. Андижонда бўлган ишлар яхши иш бўлгани йўқ. Оллоҳдан сўраймиз¸ уларни Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Шаҳидлар мақомини берсин уларга ҳам.


Малика опа¸ Жиззах вилояти¸ Бахмал туманидан:

- Халқ ўз ҳаққини талаб қилиб чиққан-да. Талаб қилгани учун шундай қилган.

Озодлик: Нима қилган?

- Отган-ку. Отган¸ халқни ҳақорат қилган¸ йўқ қилган. Ҳаққини талаб қилиб чиқиш керак. Булар нотўғри қилди-да. Отиб нотўғри қилди.

Озодлик: Қишлоқнинг одамларни шу воқеаларни эслашадими?

- Билишиб қўрқишади. Халқни қўрқитиб қўйган. Андижонликларни айтаяпман-да. Ўтганларнинг руҳи шод бўлсин. Шунда хўрлаб буларни ер билан яксон қилиб, нима қилди. Бир кун буларга ҳам Худонинг берадиган жазоси бордир. Биз бу воқеани эслаб турамиз. Эсда қоладиган нарса бу. Хотира бўлиб қолди. Ëддан чиқмайди бу нарсалар.


Бек¸ Кореядан:

Озодлик: Сиз Андижон воқеасини эслайсизми?

- Эслайман. Интернетдан кўрганмиз. Эслайман. Мен у пайтда Ўзбекистонда йўқ эдиму. Анча бўлди бизларнинг бу ерга келганимизга. Лекин хабарим бор.

Озодлик: Сизнингча¸ ўшанда Андижонда нима бўлган эди?

- Менинг эшитишимча¸ мана бу ерда Андижондан яқинда келган одамлар бор¸ ўз кўзи билан кўрган одамлар бор¸ ўша отишманинг ичидан чиқиб келган одамлар бор. Бир ҳафта шокда ëтган одамлар бор. Мен ўша одамларнинг ўзи билан гаплашганман. Бир ҳафта на бола-чақасини¸ на ота-онасини¸ на хотинини кўрмасдан уйига қамалиб олиб, қуруқ сув билан кун кўрган одамлар бор. Шунча даражада ярим таналарни кўриб, шунақа ҳолатларга тушиб қолган. Мен авваламбор Худодан қўрқаман, бандасидан қўрқмайман. Энг катта подшоҳ Худонинг ўзи. Бу, менимча, исломга қарши юриш. Чунки ислом ҳам кўп нарсани таъқиқлайди-ку. Сабабики, ҳалол бўлгин, дейди. Кимларгадир халақит қилаяпти бу нарса. Менинг фикрим шу.

Мен ўзим террор¸ у-бу оқимга киришга қаршиман. Беш вақт намозингни ўқи¸ ҳалол бўл. Авваламбор Қуръонда шунақа деб қўйганки¸ "ота-онангни ҳурматини қилгин¸ инсоннинг қалбини оғритмагин" деганда Оллоҳ. Сўзи бор мана Қуръонда. Менинг фикрим шу лекин. Керак бўлса, менинг ҳам уйимга милиция келиб кетаëтган эмиш. Ойимнинг озгина мазалари бўлмади ўша кунлари. Қайта-қайта келиб кетган. Айб нима? Беш вақт ўқиган намозимиздами? Майли, беш вақт намоз ўқиëтганларнинг ичида адашганлар бордир. Лекин ҳаммаси ҳам эмас-ку. Ҳамманинг номидан бир ўзим қўл кўтариб, ҳамма бир хил деб чиқмайман. Адашганлар ҳам бор. Лекин буни исломга қарши юриш, деб ўйлайман. Билмадим тағинам.


Тошпўлат ака¸ Сирдарë вилоятидан:

Озодлик: Сиз Андижон воқеасини эслайсизми? Мана бугун беш йил бўлди.

- Ҳа¸ эслайман.

Озодлик: Сиз ўшанда Андижонда нима бўлди деб ўйлайсиз?

- Энди биз Сирдарë вилоятида яшаймизда. У ëқда бўлган воқеанинг ичида бўлганимиз йўқку. Радиода¸ телевизорларда эшитамиз. Нима деб тушунтирсам экан. Андижон воқеасини¸ менинг ўзимнинг ўйлашимча¸ бегуноҳ одамлар нобуд бўлганда. Яқиндагина мен Андижонга бордим. Бир иш билан танишимникига борган эдим. Андижоннинг Асака¸ Марҳамат районида бўлдим. Яна иккита-учта районларда бўлдим. Одамларнинг кўнглида қандайдир унутилганга ўхшайди-да бу нарса. Худди ҳеч нарса бўлмагандай ўзини ҳис қилади. Кейин баъзи одамлар¸ Андижонда баъзи одамлардан сўраб қолдим¸ сўраганда “Энди нотўғри иш бўлган. Шуларнинг касрига ҳозир Андижонда шароит¸ аҳвол анча оғирлашиб қолди” деб айтаяпти. Анча унутиб юборган бу нарсаларнинг барини.

Озодлик: Одамлар нимани нотўғри бўлган дейишади?

- Ўша тўполоннинг касрига ҳаëт анча оғирлашиб кетди, дейди. Андижон вилоятига кирсангиз¸ одамларнинг шароити анча оғир. Янги иморатларни кўришингиз жуда қийин. Мустақилликка 20 йил бўлган бўлса¸ мана Фарғона вилоятларига ўтсангиз¸ янги участкаларда уйлар солинаяпти. Лекин Андижонда оғирроқ шароит. Одамлардан сўрасангиз¸ “Андижон воқеалари туфайли анча оғирлашиб кетди” дейди. Жуда қаттиқ режимда турибди Андижон. Ҳозир ҳар кирган одамни текширади. Ҳар бир уйларга қоғозлар ëпиштирилган. Бу уйда ким яшайди¸ нечта одам яшайди шу тўғрисида. Назорат жуда кучли. Қирғизистонда тўполон бўлди¸ бизга чегарадан террористлар ўтмасин, деб кўрсатадию¸ аслида бундай эмас. Андижон воқеасидан кейин ҳозиргача қаттиқ режимда.


Алижон¸ Фарғона вилоятидан:

Озодлик: Сиз Андижон воқеаларини эслайсизми?

- Эслаймизу, лекин биз ўша пайтда ҳам Москвада бўлганимиз учун бўлган ҳолатларни фақат интернет орқали ўқиймиз. Нима бўлганига аниқ бир хулосага кела олмаймиз.

Озодлик: Нима деб ўйлайсиз - 13 май куни Андижонда нима бўлган эди?

- Бизнинг эшитишимизча¸ интернетдан ўқишимиз бўйича тинч намойишга чиққан халқнинг ўққа тутилгани тўғрисида кўп гаплар бор. Бизнинг фикримиз¸ бу албатта нотўғри бўлган дейди¸ юқорида тинч аҳолига қарши ўққа тутилгани тўғрисида гаплар бор. Бунақа намойишлар билан бизнинг Ўзбекистондай бўлиб турган режимларни ўзгартириш жуда қийин бўлса керак, деб ўйлайман. Нимагаки, бизнинг халқимизнинг ўзи ҳам демократияга тайëр эмас. Режимнинг тепасида турганларни ўзгартирган билан Ўзбекистондаги ҳозирги режим ўзгармаса керак. Тем более, Андижон воқеалари халқни яна қўрқоқ қилиб ташлади. Бош кўтариб чиққан халқ ҳеч нарса қила олмади-да. Мана телевизорда гапиришаяпти¸ интернетда ўқишаяпти¸ ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаяпти. Бу билан ўзгариши қийин бўлса керак, дейман.


Абдусамат¸ Қашқадарë вилояти¸ Қарши туманидан:

Озодлик: Сиз Андижон воқеаларини эслайсизми?

- Эслайман.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча, ўшанда Андижонда нима бўлган эди?

- Андижонда беш йил олдин одамларнинг айтишича¸ “Кўп одамлар ўлиб кетган. БТР машинада отиб ташлаган” деб эшитган эдим. Кўчалардан қон оққан¸ дейди. "Терроризм¸ ваҳҳобизм" дейди. Шулар қилган дейди-да. Ўзимнинг фикрим у ерда кўп ноҳақ одамлар ўлиб кетди. Айби йўқ одамлар ўлиб кетди-да. Кейин кўчаларни тозалаб, машиналарга ортиб олиб бориб кўмиб ташлаган, дейди. Шунақа гаплар бўлган эди.


Расул ака¸ Бухоро вилоятидан:

Озодлик: Бугун Андижон воқеаларига беш йил бўлди. Эслайсизми?

- Мен матбуотга кўп қизиқмайман. Матбуотдан хабарим йўқ. эслолмайман. Ўзи 60 ëшга кираяпман. Қандай эслайман...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG