Линклар

Ўз юртига сиғмай¸ ўзга юртни обод қилаëтган анжанликлар

  • Ҳурмат Бобожон

Америкадаги "анжанлик"лар Ўзбекистонда бўғилган тадбиркорлик истеъдодларини эркин Америка кенгликларида намоëн қилмоқдалар.

Америкадаги "анжанлик"лар Ўзбекистонда бўғилган тадбиркорлик истеъдодларини эркин Америка кенгликларида намоëн қилмоқдалар.

Андижонда минглаб одамларни иш билан таъминлаган 23 тадбиркор ҳимояси учун бошланган шаҳардаги намойишлар ўз мақсадига эриша олмагач - нафақат Андижон¸ балки бутун Ўзбекистон иқтисодини оëққа турғизишга қодир йигитлар мамлакатни тарк этди.


Бойсиликларни бойитаëтган андижонлик Шаробиддин....

Шаробиддин ака ўз мижозини кутмоқда.
Бойси аэропортидан ташқарига чиқар эканман¸ турнақатор тизилиб, навбатини кутаётган таксиларга кўзим тушди. Шу таксиларнинг биридан бўйи пастроқ, эчки соқол қўйиб олган бир амаки қучоқ очиб мен томон кела бошлади. У андижонлик Шаробиддин ака экан. Такси машинаси пешонасига “Capital City Taxi” деган тамға босилган. Бирон такси ширкатидан машинани кирага олиб таксичилик қилиб юргандир¸ деб ўйласам, унақа эмас экан. “Ҳаммаси ўзимизнинг хусусий таксилар”, деб қолди Шаробиддин ака.

Шаробиддин ака: Мижозларнинг кўнглини олиб мана Америка халқига хизмат кўрсатяпмиз. Бу ерда бир мижозга эришишлик ва уни “regular customer”, яъни доимий мижозга айлантиришлик осон эмас, рақобат жуда кучли. Ўзингиз кўрган бўлсангиз керак, америкача муносабат қилишлик, ҳамма атрофингиздаги инсонлар билан қиладиган муносабатингизда уларга хушмуомалалик, доим жилмайиб қарашлигингиз ва уларни қизиқтирадиган нарсаларни¸ албатта¸ топиб гапиришингиз керак.

Озодлик: Ўзбекистон ҳақида сўрашадими?

- Албатта, доим сўрайди. "Where are you from?" - "Сен қаердансан?" дейди. Нимагаки¸ биз ўзгача кўринишга эгалигимиз учун дарров сўрашади. Иккинчи саволи: “How long been you here?” дейди. "Қанчадан бери Америкада яшаяпсан?"¸ деса мана тўрт йил бўлди, мана шунақа янги ширкат очганмиз, марҳамат деб туриб, дарров визит кардларимизни берамиз. “24 and 7 days” яъни ҳафта давомида ҳар куни 24 соат хизматингиздамиз, деймиз¸ дейди Шаробиддин ака.

Шаробиддин ака Айдаҳо штатида бошпана топган 40 дан зиёд андижонлик қочқиннинг бири. Бошқа андижонлик қочқинлар қатори Шаробиддин ака ҳам беш йил аввалги Андижондаги воқеалар даҳшатини бошдан кечирган.

- Юзлаб одамлар, ҳалиги, олдин кўрмаганманда бунақасини. 40 ёшга кириб, биронта одамнинг оёғи узилиб тушиб, питирлаб ётганини ўз кўзим билан кўрмаганман. Ана шу куни кўрдик. Ёш болани шундай икки кўзининг ўртасидан ўқ кўзимнинг олдида ўтиб кетди. Югуриб бориб орқасини ушласам¸ калласининг орқаси йўқ. Ўз қўлим билан ушладим шу нарсани, кўрдим¸ дея эслайди Шаробиддин ака.

2005 йил 13 май воқеаларидан беш йил ўтиб Шаробиддин ака АҚШда бошпана топди. Оиласи, фарзандлари Андижонда, доимий тазйиқлар остида яшаб келмоқда.

- Бу табиий ҳолат бўлиб қолганки, мана беш йилдан буён, масалан, менинг ўзимнинг аёлим ҳар ҳафтада ва ё икки ҳафтада бир марта Боғишамол даҳасидаги ҳокимиятда жойлашган милиция бўлимига бориб, нималаргадир қўл қўйиб келади. Фарзандларимизга ҳам шундай тазйиқлар ўтказилиб, уларни алоҳида рўйхатга олиб қўйганлилиги, алоҳида назоратлар қилинганлиги ва ҳар сафар сўрайдиган нарсаси “Отанг сенларни олиб чиқиб кетаман деяптими?”, деган савол. Мен телефон қилиб доим уларга айтаманки, мен сизларни олиб чиқиб кетмоқчимасман. Мен бу йўлга қадам босдим, энди охиригача шу йўлда тураман¸ дейди Шаробиддин ака.

Шаробиддин ака 2005 йил 13 май воқеаларидан олдин Андижонда тадбиркор бўлган. Қурилиш соҳасида ишлаган. Беш йил аввал Андижондаги ўқ ёмғиридан қочиб омон қолган тадбиркор бугун АҚШ фаолиятини такси хизмати соҳасида давом эттирмоқда.

- Ёмонлигинг учун юртингни ташлаб чиққан бўлсанг¸ бу ерда ҳам¸ албатта¸ ёмон бўласан. Агар яхши инсон бўлган бўлсанг, яхшиликка интилган бўлсанг¸ бу ерда эришасан яхшиликка. Бугунгача эришган ишларимизда¸ Худо хоҳласа¸ биз фақат яхшиликни кўраяпмиз. Америка миллати, Америка Қўшма Штатлари халқлари бизга нисбатан жуда ҳам кўтаринки кайфиятда, жуда ҳам ҳурмат билан муомала қилишади¸ дейди Шаробиддин ака.

Суҳбат давомида Шаробиддин ака АҚШда ўзи бошдан кечирган бир воқеани айтиб берди.

- Бир куни эр-хотин чиқишдида¸ роса хижолат бўлишаяпти. “Чек оласанми?” деган эди, “Ҳа оламан” дедим. “Кредит кардчи” деса¸ “Ҳа¸ оламан” дедим. “Кэш (нақд пул – таҳр.) оласанми” деган эди¸ “Ҳа¸ оламан” деб кулсам, “Пулимиз йўқ бўлсачи?” деди. “Барибир оламан, ўтиринг” дедим. Йўл давомида сўраб келди, қаердансан, Ўзбекистонданман, ана шунақа бўлди деб тарихимни айтиб бердим. Шунақа қилиб олиб бориб қўйдим уйига. Метрда 39 сўм (АҚШдаги андижонлик қочқинлар долларни сўм деб аташади – таҳр.) ёзди. Энди менга 39 сўм бериши керак улар. Лекин “пулимиз йўқ” деди. Ҳалиги хотин кейин менга қараб жилмайиб “Пулимиз йўқ дедик. Сен нимага ишониб бизни олдинг? Бизга нимага бепул хизмат кўрсатаяпсан” деб сўради. Мен “I am sorry (Мени кечирасиз – таҳр.). Мен тўрт йил аввал Америкага келганимда¸ чўнтагимда бир чақа ҳам йўқ эди. Устимда мана шундай кўйлакда келганман. Машинам, бизнесим йўқ эди. Қуп-қуруқ келганман. Менга уй берди америкаликлар. Жой берди, иш билан таъминлади. Мана уч-тўрт йил ўтиб шу даражага етдим. Сен битта экансан, ҳозир ўнта бўлса ҳам олиб бориб қўйишга тайёрман” десам, ҳалиги аëл мен билан қучоқлашиб¸ уйидан 100 сўм олиб чиқиб берди, дейди Шаробиддин ака.


Қудратли машина соҳиби Қудратжон...

Бойсидаги андижонликлар яшайдиган ҳовли ёнида ҳайбатли truck (трак)¸ яъни катта юк машинасига кўзим тушди. “Бу машина Қудратжонники” дейишди. Қудратжон ҳам машинасига яраша савлатли йигит экан. У ҳам беш йил аввалги Андижондаги қатлиомдан омон қолган қочқинларнинг бири. Қудратжон билан суҳбатни унинг юк машинаси кабинасида давом эттирдик. Кабина орқаси ётадиган жойлар, музлатгич, кийим учун шкафлар билан жиҳозланган. “Бунингиз салкам Тошкентдаги бир хонали квартираку, ҳайдаш қийин эмасми?” деб сўрадим.

Қудратжон: Бойси шаҳар университети қошидаги махсус ҳайдовчилик курсларида ўқидим. Ҳозир мана шу юк машинасини сотиб олиб америкаликларга хизмат қилаяпман. АҚШнинг 48та штати бўлса¸ шундан 45тасига мана шу машинамда борганман. Американи у чеккасидан бу чеккасига қатнайман.

Озодлик: Нималарни ташийсиз?

Қудратжон: Кийим-кечак, озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж моллари.

Озодлик: Йўлда бош бармоғини тепага кўтариб турадиган йўловчиларни ҳам оласизми?

Қудратжон: Албатта, қўлдан келганича ёрдам қиламиз.

Озодлик: Бойсига қандай келиб қолгансиз?

Қудратжон: Ўзбекистонда қурилиш соҳасида ишлаганман. Уйларни ремонт қилиш, бўёқчилик. Андижонда ҳаммага маълум нима бўлганим¸ шу воқеа сабаб ташқарига чиқиб қолганмиз.

Озодлик: Бир ўзингизми ҳозир?

Қудратжон: Ҳа, оиладан бир ўзим. Ака-укаларим, ота-онам Ўзбекистонда қолган.

Озодлик: Тинчми ишқилиб оилангиз у ёқда?

- Яхши, тинч деганда тинч дея олмаймизу, бир ойда икки марта Миллий хавфсизлик хизматига чақириб туришади. Бориб шу ердаман, ҳеч қаерга кетганим йўқ деб, қўл қўйиб келишади¸ дейди Қудратжон.

Қудратжон АҚШда иши анча юришиб қолган тадбиркорлардан эса-да¸ орзуси барибир Ўзбекистонга қайтиш ва тадбиркорлик фаолиятини у ерда давом эттириш.

- Ўзбекистонда вазият яхшиланса¸ Худо хоҳласа қайтамиз, дейди Қудратжон.


"Азиз" Америкада азиз бўлмоқчи

Абдурашид аканинг "Азиз" ширкати деҳқончилик баробарида косиблик билан ҳам шуғулланади.
Андижонликлар АҚШда деҳқончилик, жумладан¸ сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларни сотишни ҳам йўлга қўйганлар. Улар Феникс шаҳрида "Азиз" озиқ-овқат дўконини очишган. Аризона штатидан келган Абдурашид аканинг айтишича, улар етиштираётган маҳсулотлар экологик тоза бўлгани учун бошқаларидан ажралиб туради.

- Фермер хўжалигини бошладик. Бу ерда асосан "vegetable", яъни сабзавот маҳсулотлари, бўлиб ҳам органик маҳсулотлар етиштирамиз. Яъни табиий ўғитлар ёрдамида етиштирилган маҳсулотлар. Булар табиий маҳсулот бўлиб, бунинг нархиям бошқа маҳсулотларга қараганда анча қиммат. Чунки, меҳнати ҳам шунга яраша. Ҳозир уларни сотишни ҳам йўлга қўйганмиз. Сабаби¸ бу ерда органик маҳсулотларга талаб жуда катта. Бу маҳсулотлар кимёвий эмасда. Мана карам, пиёз, бундан ташқари америкаликлар ейдиган сабзавотларни етиштиряпмиз. Бу ерда ресторанлар ҳам уларни биздан сотиб оляпти¸ дейди Абдурашид ака.

Андижонликлар АҚШда пойафзал ҳам ишлаб чиқармоқда. "Inter-Sanoat" номи остида "Made in USA" тамғаси босилган туфли ва сандалларни Аризона штатида бошпана топган андижонликлар Бойси шаҳрида Андижон қатлиомининг беш йиллиги муносабати билан ўтказилган анжуманда америкаликларга тақдим этдилар. Аризонадаги "Андижон овози" ташкилоти раҳбари муовини Абдулбосит Қосимов гапиради.

Андижон овози - Ўзбек жамоаси гуруҳи етакчиларидан бири Абдулбосит Қосимов
Абдулбосит Қосимов: Пойафзалчилик билан ўзи асли Андижонда ўзимизнинг ватандошларимиз шуғулланишган. Бошида кичкина-кичкина цехлар, кейинчалик Андижондаги пойафзал фабрикасини жуда катта қисмини ижарага олишиб, шу ерда жуда катта натижаларга эришишган. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлари дунё андозаларига мос келадиган жуда ҳам чиройли туфлилар етқазиб чиқаришган. Бу болаларнинг баъзилари Андижон воқеасидан кейин косибларимиз мана бу ерда ҳам Америка шароитида косибчилик, яъни пойафзал ишлаб чиқаришликни йўлга қўйишган. Бу ерда мана Мирзоҳиджон, Маъруфжон, Саидбек, Одилжон акалар биргаликда ҳозир иш бошлашди. Уларнинг баъзилари дизайн билан шуғулланиб яхши чиройли туфлиларни тайёрлашяпти.

Озодлик:
Бу туфлиларнинг сотилиши қанақа бўляпти?

Абдулбосит Қосимов: Бу туфлилар "Hand made", яъни қўлда ясалгани учун бунинг ўз харидори бор ва нархи ҳам бошқа туфлиларга қараганда юқори. Буларни махсус "Hand made" дўконларида сотамиз.

Озодлик: Пойафзал қутиларига "InterSanoat" белгиси қўйилган. Бу ширкатларингиз номи бўлса керак.

- "InterSanoat" аввал Андижонда бошланган. Шунақа фирма бўлган Анжонда. Жуда катта фирма бўлган. Номи "InterSanoat" бўлган. Ҳозир ҳам Америкада "Made in USA" тамғаси билан шу ном остида пойафзал ишлаб чиқаряпмиз¸ дейди Абдулбосит Қосимов.


McDonalds шапкасини кийган ўзбек ошпази


Ошпаз Акбаржон ака.
Андижонлик қочқинларни Бойсидаги МакДоналдс тамаддихоналари, Wal Mart улгуржи савдо дўконларида ҳам учратасиз. 2005 йилги Андижон воқеаларидан олдин новвойчилик қилган Акбар ака Бойсидаги МакДоналдс тамаддихоналарнинг бирида ошпаз бўлиб ишлайди.

- Печкалари бор, печкаларида қовуриш учун ёғлари бор. Хамбургери борми¸ картошкасими ҳаммасини шу ёғларига солиб пишириб оламиз. Ҳаммаси менинг қўлимдан ўтади. МакДоналдснинг масаллиқлари тайёр, ярим пишган ҳолда келади. 3-5 минутда пишириб ташлаймиз. Энг узоғи саккиз минутда пишади. Андижонда ўзи новвойчилик қилганман. Нонларимизни Андижон халқи жуда суюб ерди. Биродарларнинг нони деб бошқача меҳр билан келиб ейишарди. Бой-бой одамлар¸ ҳокимиятидан тортиб адвокатигача бизнинг нонларни олишарди¸ дейди Абдунаби ака.

Андижонлик Тоҳиржон эса Америкада Хитойда ишлаб чиқиладиган арзон моллар билан танилган Wal Mart улгуржи савод марказида сотувчи. Бу ой Wal Mart Тоҳиржонни "ойнинг энг яхши сотувчиси" деб топди. Унинг фотосурати дўкон ҳурмат тахтасида осиғлиқ. Тоҳиржон ҳам бошқа андижонликлар қатори автомат ўқлари остида ватанини тарк этган.


Тоҳиржон АҚШ даги баҳайбат дўконлардан бирининг энг яхши сотувчиларидан деб топилди.
Тоҳиржон: Келганимга тўрт йил бўлди. Бу ерда эса уч йилдан бери ишлайман. Мен уларни ҳурмат қиламан¸ улар мени ҳурмат қилишади. Кассирлик қилганимда¸ одам баъзида кўпайиб кетади, ҳаммасига улгуриш керак. Асосийси¸ бу ерда одамларга қилинадиган муносабат. Wal Mart нинг асосий шиори мижозларга яхши муносабатда бўлиш. Харидорларга кулиб, саломлашиб, кетаётганда айтиладиган кибор сўзларни менга ўргатишган. Америкада энг биринчиси харидор билан муносабат. Уларни "Hi, how are you" деб жилмайиб кутиб олишимиз ва ёрдам қилишимиз керак бўлади. Шуни бизга ўргатишган.

Озодлик: Бу сафар сиз "ойнинг энг яхши ходими" деб топилибсиз. Бу сизга қандай имтиёзларни беради?

- Бунинг асосан афзалликлари, мени расмга олади, деворга ёпиштириб, тепасига ёзади. "Тоҳир Умаров ойнинг энг яхши ходими" деб тепасига ёзиб қўяди, тагига шарҳларни ҳам ёзиб қўяди, яхши одам¸ чаққон, эпчил деб. Ташқарида эса ходимлар учун автомобил қўядиган жойлар бор. Одатда бу жой дўкон эшигига узоқроқда. Энди катта магазинда. Агар мен ойнинг энг яхши ходими бўлсам¸ менга бир ой давомида яқинроқ жойдан, махсус жой бор¸ шу ердан паркинг учун жой ажратишади. У ерга бу жой ойнинг энг яхши ходими учун деб ёзиб қўйилган. Бугун ҳам машинамни шу ерга парк қилдим¸ дейди Тоҳиржон.


AVUC - Andijon Voice Uzbek Community сўзларининг қисқартмасидир.

Яқинда АҚШда паноҳ топган тиниб-тинчимаган тадбиркор андижонликлар "Андижон овози" ташкилотига бирлашди. Ташкилот номи улар автомашиналари номерида ҳам акс этган. Ташкилотнинг Аризонадаги раҳбари Мирзобедил Жабборовнинг айтишича, мақсад Америка жамоатчилигига Ўзбекистондаги вазият ҳақида билдириб туриш ва Андижон қатлиомининг унутилишига йўл қўймаслик .

- Энди бу ердаги тадбиркорлик ишларимизни олиб боришдан асосий мақсад¸ авваламбор¸ биз ўзимизнинг кимлигимизни¸ қанақанги туҳматлар билан чиққанлигимизни биз бу ерда исботламоқчимиз, дейди Мирзобедил Жабборов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG