Линклар

"Зеромакс" ëпилмоқда: Қирол ўлди. Яшасин Қирол!

  • Фаррух Юсуфий

www.zeromaxgmbh.com сайти ҳозирча ҳеч нарса бўлмаган каби очиқ турибди.

www.zeromaxgmbh.com сайти ҳозирча ҳеч нарса бўлмаган каби очиқ турибди.

Ўзбекистоннинг катта бойлари ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлардан икки ойча ўтиб¸ "Ўзбекистондаги суперширкат¸ Гулнора Каримова қурган бизнес империясининг юраги"¸ деб келинган "Зеромакс" ширкати ва унга қарашли тизимларнинг ëпилаëтгани дараги келди.

Тошкентдан дарак келди...

13 май куни Озодликка “Зеромакс” ёпилмоқда", деган қисқа СМС хабари келди.

Бу даракни Озодликка йўллаган шахс , бу ширкатга яқин бўлган ишончли манба ва бу жараëнга оид тафсилотларни Озодликка билдириш учун¸ хавфсизлик нуқтаи назаридан¸ ўз исми ошкор қилинмаслигини шарт қилиб қўйди.

Унинг айтишича, “Зеромакс”нинг ёпилиш арафасида экани ўтган ҳафта ширкат ва унинг шўъба корхоналарига тегишли ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилганида маълум бўлган. Душанба кундан бошлаб ширкат ходимларига амалдаги лойиҳалар бўйича ишларни тўхтатиб, ҳисоботларни топшириш ва шахсий нарсаларини офисларидан олиб чиқиб кетишлари буюрилган.

Суҳбатдошимиз шу йилнинг феврал ойидаëқ “Зеромакс”нинг 700га яқин ходими аллақачон ишдан бўшатилган эди, дейди.


Туяни шамол учирса¸ эчкини осмонда кўр...

“Зеромакс” ширкатининг Ўзбекистонда турли соҳалар, жумладан, текстил, қишлоқ хўжалиги, кончилик, логистика каби соҳаларда ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган шўъба корхоналари бор.

Бундай шўъба корхоналардан бирининг ходими, у кишининг исмини айтмасликни маъқул кўрдик, ўтган жума куни “Зеромакс”га тегишли барча корхоналарнинг ҳисоб рақамлари ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Ҳозир ҳисоб рақамларимизни ëпишди. Бу жума куни бўлаëтган нима. Ҳисоб рақамлари ëпилса¸ очмаса¸ бекилади. Қанақа бўлади бошқа.

Озодлик: Ҳозирча счëтларингни ëпиб қўйдими?

- Ëпилган ҳозирча счëтларимиз. Яқинда бўлди бу. Ўтган жума куни бўлди¸ дейди шўъба корхоналардан бирининг ходими.

“Зеромакс”нинг қурилиш лойиҳаларида ишлаб келган яна бир суҳбатдошимиз, қурилиш бўйича барча ишлар тўхтатиб қўйилди, дейди.

- Ҳозир қурилишдаги ҳамма объектлар ëпилаëтганида билдик. Охири Алайский атрофидаги бир нечта домимиз бор эди иморатлар. Улар ҳам¸ ëпилди.

Озодлик: Қурилаëтган иморатларми булар?

Ҳа. Иморатлардаги ҳамма техникалар олиб чиқиб кетилди. Ортиқча арматура¸ ҳамма нарса олиб чиқиб кетилди. Катта қулф осиб қўйишди бўлди. Кейин Гулнора Каримовага махсус аталган офис ҳам икки ой олдин ëпилган эди.

Озодлик: Қаерда қурилаëтган эди у?

- Эски Россия меҳмонхонасининг олдида Гулнора Каримовага алоҳида спецобъект бўлиб туриб катта иморат қурилаëтган эди.

Озодлик: Миродил Жалолов қаерда ҳозир?

- Одил акамиз ўтган ой Испанияга бориб келганини эшитдик. Нимага борилганини билмадигу¸ лекин гап бўлишича Ислом Каримовнинг қайсидир қизлари посол бўлиб кетганлар ўша ëққа.

Озодлик: Гулнора Каримова.

- Ўшаларнинг олдига бориб келди¸ деган гап бор. Лекин яна бошқа гап бор. Барселона командасига жуда қаттиқ болет қиладилар. Бориб ўша команданинг ўйинини томоша қилиб келдилар¸ деган гап бор. Икки хил вариант¸ дейди “Зеромакс”нинг қурилиш лойиҳаларида ишлаб келган яна бир суҳбатдошимиз.


Немисларни лол қолдирган "қайнар хумча" бўшаб қолди...

Тошкентлик бу суҳбатдошимизнинг айтишича, “Зеромакс” ҳомийлик қиладиган “Бунёдкор” футбол командаси ҳам ҳозирда қийин аҳволда қолган.

- Яна стадион комплекси ëпилиш арафасида. Ҳозир чинни заводдаги охирги юклар олиб чиқиб кетилаяпти стадионга. Ëпилади¸ деган гап бор, дейди исмини ошкор қилишни истамаган тошкентлик бу суҳбатдошимиз.

“Зеромакс”нинг ёпилаётгани ҳақидаги хабарни Озодлик радиосига юборган манбанинг айтишича, Тошкентда ўтган йили топширилган улкан Форумлар саройини ҳам “Зеромакс” қуриб берган ва бунинг учун Германиядан юзлаб мутахассис ва қурувчиларни олиб келган. Ҳукуматдан қилинган ишлар учун пулни ололмаган “Зеромакс” ижрочи директори Миродил Жалоловнинг бундан ҳафсаласи пир бўлиб юрган.

Форумлар саройи қурилишида қатнашган немис инженерларидан биринини танийдиган ва ҳозирда Германияда истиқомат қиладиган собиқ ўзбекистонликлардан бири Озодлик радиоси билан суҳбатда немислар учун жуда катта пул сарфланганини гапириб берди.

- Улар Тошкентдаги “Раддисон” меҳмонхонасида яшашган. Уларга қанча ҳақ тўлашганини аниқ билмайману, лекин унинг сўзларидан “Зеромакс”дан рози бўлиб қайтганини айтишим мумкин. Чунки уларга ойликдан ташқари шахсий машина, бензин пули, ҳар ойда бир Германияга келиб кетиши харажатлари ҳам фирма томонидан қопланган.

Форумлар уйи ҳақида эса, у жуда таажжуб билан гапириб берган эди. Бундай бинони қуриш анча-мунча фирмаларнинг қўлидан келмайди. Унинг сўзларига кўра, бинони безашда “Своровский” фирмаси ишлаб чиқарган антиқа ва қимматбаҳо тошлар ишлатилган. У йилда бир-иккита тадбир ўтказиладиган бино учун шунча пул сарфлашнинг нима кераги бор, деб жуда ҳайрон бўлиб қайтган эди, дейди собиқ ўзбекистонлик.


"Одилбой" "ўзбек маликаси"га керак бўлмай қолдими ëхуд "малика" тахтдан узоқлаштирилдими?

“Зеромакс”га яқин манба, ширкатнинг жиддий муаммоларга дуч келгани Миродил Жалолов билан Гулнора Каримованинг орасига совуқчилик тушганида, дейди. “Ўтган ойда Жалолов Мадридда Гулнора Каримова билан учрашиб келди, лекин ширкатининг ёпилаётганидан, кимдир Гулнорага, сен бу ишларга аралашмай тур, деганини хулоса қилиш мумкин”, деб тахмин қилади суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон банкларидан бирининг собиқ ходими Умиджон, президент оиласига қарашли ширкатнинг муаммоларга дуч келаётгани, ҳокимиятдаги бошқа доираларнинг нуфузи ошаётганидан дарак бўлиши мумкин, деган фикрда.

- "Зеромакс" компаниясининг Гулнора Каримовага тегишли эканлиги расман ҳеч қаерда ëзилмаган бўлса ҳам¸ аслида у компанияни Гулнора Каримова тайинлаган одамлар бошқаради. Охирида Ўзбекистонда шунақа миш-мишлар пайдо бўлдики¸ Ўзбекистонда Ислом Каримовдан кейин ворис сифатида Гулнора Каримова кўзга олинаяпти¸ деган миш-мишлар кўпайишни бошлади. Кейин Мирзиëевнинг номзодини тахмин қилишаяпти. Ҳозир бизлар бу нарсадан шуни билишимиз мумкинки¸ Ислом Каримовнинг шахсан ўзи Ўзбекистондаги жараëнларга бўлган таъсири борган сари сусаяяпти¸ деб ҳисоблайман мен. Яъни унга тегишли бўлган кўп нарсалар¸ қизига тегишли бўлган кўп нарсалар тортиб олинаяпти. Бу нимани англатиши мумкин? Фақат тахминий айтиш мумкинки¸ бу ерда Гулнора Каримовадан кўра устунроқ бошқа бир ҳукумат амалдори устунроқ даражага кўтарилган. Булардан фақат Шавкат Мирзиëевни олиш мумкин. Шавкат Мирзиëевнинг Ўзбекистондаги таъсири кундан кунга ошаяпти¸ деган тахминни қилишимиз мумкин, дейди собиқ банк ходими Умиджон.

Айни пайтда, Гулнора Каримованинг кейинги йиллардаги бизнес проектлари билан яқиндан таниш бўлган ва овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган таҳлилчи¸ “Зеромакс” ширкати президент оиласи учун Ўзбекистонда жуда катта миқдордаги пулларни ишлаб, ташқарига олиб чиқиш воситаси бўлган, деган фикрни илгари сурди.

“Гулнора “Зеромакс” воситасида Ўзбекистонда газ, нефт, олтин, пахта ва бошқа соҳалардан миллиардлаб доллар миқдорида фойда кўрди. “Зеромакс”нинг кейинги йиллардаги фаолияти эса бу пулларни ташқарига олиб чиқишга қаратилди ва афтидан бунинг уддасидан чиққан кўринади. Яъни “Зеромакс” ва Гулноранинг бизнес ҳамкори Миродил Жалолов ўз миссияларини бажариб бўлдилар ва шу боис энди уни орадан кўтариш мумкин”, дейди исми сир қолишини истаган таҳлилчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG