Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:57

Жалолободдаги зўравонликда бир киши нобуд бўлди



Жалолободда Қирғизистон муваққат ҳукумат тарафдорлари ва бакиевчилар ўртасида рўй берган тўқнашувларда бир киши нобуд бўлди, камида 40 киши тан жароҳати олди.

Интерфакс агентлигининг маҳаллий расмийларга таяниб хабар қилишича, ҳокимиятдан четлаштирилган президент Қурмонбек Бакиевнинг 300дан ортиқ тарафдори Жалолобод вилоят ҳокимлиги биносига бостириб кириб, у ерда назорат ўрнатган. Бугун эрта тонгда эса бино ёнида ўқ овозлари эшитилган. Хабарларга кўра, муваққат ҳукумат тарафдорлари ҳам ва бакиевчилар қўлида ҳам ўқ отар қуроллар бор.

Ўш шаҳрида эса муваққат ҳукумат тарафдорлари бундан бир кун олдин бакиевчилар томонидан босиб олинган ҳокимият биноси назоратини ўз қўлларига олганлар.

Пайшанба куни муваққат ҳукумат сиёсатига норозилик тариқасида президент Қурмонбек Бакиев тарафдорлари Ўш, Жалолобод ва Баткенда ҳокимият биноларини қўлга олдилар.

Қирғизистон прокуратураси, ўз навбатида мамлакат жанубида бошланган норозилик намойишлари ташкилотчиларини ҳибсга олишга ордер берди. Бугун “Янги Қирғизистон” партияси раҳбари Усен Сидиқов хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди.

-Жанубдаги вазият яхши. Қўрқувга ҳожат йўқ. Ўшда анча-мунча камчиликлар бўлди, бироқ ҳозирга келиб вазият яхшиланди. Губернатор Сўўрўнбой Жээнбеков ўз ўрнига ўтирди. Намойишга чиққан ўсмирлар ўз камчиликларини тан олдилар ва қайтиб кўчага чиқмасликка ваъда бердилар, деди Қирғизистон Мудофаа вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Исмоил Исоқов Озодлик радиоси билан суҳбатда.

Айни пайтда АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистон жанубидаги воқеалар ривожидан жиддий ташвиш билдирди.
XS
SM
MD
LG