Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:35

Тошкент позицияси яна қўшниларникидан фарқланди


Йиғинда яна Ўзбекистон расмийси позицияси бошқаларникидан фарқ қилди.
Йиғинда яна Ўзбекистон расмийси позицияси бошқаларникидан фарқ қилди.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги юк транзити билан боғлиқ масалалар оғриқли муаммога айланиб қолмоқда!” Бу баёнот 14 май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининнг Душанбеда бўлиб ўтган 5-форумида янгради.


Тожикистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази масъулларининг билдиришча, 13 май куни бошланган форум қатнашчилари Афғонистондаги вазият¸ Марказий Осиёдаги хавфсизлик муаммолари ҳамда Қирғизистондаги сўнгги воқеалар атрофида фикр алмашган.

14 май куни форумда ШХТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва коммуникация соҳасини ривожлантириш ва бу йўналишда мавжуд муаммолар, ҳамда уларга ечим топиш атрофида баҳс борди.

Шанхай халқаро масалалар академияси қошидаги Марказий Осиё маркази директори Ли Синь фикрича, транспорт ва коммуникация доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун умумий йўлларни халқаро меъёрлар талабига мослаштириш лозим.

- Собиқ шўро ҳудудидаги аксарият йўллар шўро замонларида қурилган ва бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Ҳеч иккиланмай бу йўллар аъзо давлатларни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришга яроқсиздир¸ десак хато бўлмас. Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-сотиқ ва тижоратни йўлга қўйиш ҳамда транспорт ва коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун¸ биринчи галда¸ янги йўллар қуришимиз лозим, деди форум иштирокчиларидан бири Ли Синь.

Янги йўллар қуришга доир дастурларни амалга ошириш учун эса, дея сўзида давом этди хитойлик мутахассис, Хитой ва Россия каби йирик давлатлар молиявий корпорацияларини ташкил топтириш лозим.

Қирғизистонлик форум иштирокчиси Иқбол Мирсайитов фикрича, аъзо давлатлардаги оддий халқ турмуш тарзини яхшилаш ва уларнинг чегаралардан эркин ўтиб қайтишларини йўлга қўйиш учун энг аввало умумий чегаралар борасидаги шартномаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимдир.

- ШХТ га аъзо давлатлар ўртасида айнан чегара масалаларида кўплаб муаммолар мавжуд. Масалан¸ Ўзбекистон ва Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларида транспорт ва коммуникация, савдо-сотиқни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган кўплаб муаммолар ва тўсиқлар мавжуд. Бу¸ ўз навбатида¸ халқ турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатаётир. Бу масала ечими учун¸ биринчи галда¸ чегараларга оид ўзаро шартномаларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан оддийларнинг бир давлатдан иккинчи давлатга кириб чиқишини соддалаштирувчи вариантларни қабул қилишимиз лозимдир, дейди Қирғизистондан келган вакил Мирсайитов.

Қозоғистонлик Бўрихон Нурмуҳаммедов эса¸ транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг оқсаётгани ва аъзо давлатлардан баъзиларининг ижтимоий ва иқтисодий изоляцияда қолаётганидаги асосий омил Марказий Осиё айрим давлатларда юргизилаётган нотўғри сиёсатдир¸ дея мулоҳаза юритади.

- Оддий одамлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотини ўзига қадрдон деб билиш ва ҳар қандай вазъиятда унга суяниши мумкинлигини ҳис қилиши лозим. Бунинг учун биз экспертлар халқ муаммоларига беписанд бўлмаслигимиз лозим. Мана бугун Қирғизистонда рўй бераётган воқеалар ортидан у ердаги аҳоли қамалда қолмоқда. Менимча аъзо давлатлар ўртасида савдо-сотиқ, автомобил ва темир йўл қатновининг эркинлигини кафолатловчи ва аъзо давлатларга чегараларни ёпишни тақиқловчи умумий концепция ишлаб чиқилиши ҳамда бу ҳужжат давлат раҳбарлари томонидан имзоланиши лозим , деди қозоғистонлик форум қатнашчиси Нурмуҳаммедов.

Ўзбекистон президенти қошидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси ўринбосари Дониёр Қурбонов ШХТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва коммуникация соҳасини ривожлантириш тарафдори эканини билдира туриб¸ Қозоғистон вакилининг чегараларга оид умумий концепция қабул қилинишига оид таклифини қўлламаслигини таъкидлади.

- ШХТга аъзо давлатларнинг ҳар бирида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида етарлича муаммолар бор. Юкларнинг тўсиқсиз транзити ва одамларнинг эркин ўтиб қайтишини таъминлаш зарурлигини яхши англаймиз. Аммо бу ерда яна хавфсизлик масалалари ва ноқонуний меҳнат муҳожирлари ҳамда ноқонуний товарлар билан боғлиқ муаммолар ҳам борлигини унутмайлик. Бу ҳам ШХТга аъзо ҳар бир конкрет давлат учун катта муаммодир, дер экан ўзбекистонлик вакил, шунга қарамай, Ўзбекистон ШХТ га аъзо давлатлар билан транспорт ва коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилиб келаётганини қўшимча қилди.

Ўзбек расмийси ўз ҳукумати НАТО кучларининг ноҳарбий юкларини Афғонистонга транзит қилиб беришда фаол қатнашаётгани ва ҳозирда Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўл қурилишини жадаллаштираётганини маълум қилди.

- Биз эронлик ҳамкорларимизнинг Мозори шарифдан Ҳиротгача бўлган темир йўл лойиҳасини ҳам қувватлаймиз. Чунки бу лойиҳанинг амалга оширилиши йирик давлатлар билан савдо-сотиқни йўлга қўйиш имконини беради, деди Ўзбекистон ҳукумати расмийси Қурбонов.
XS
SM
MD
LG