Линклар

Ëдгора Йўлдошева: "Мен ëрини кутиб яшагувчи аëлларданман!"

  • Ҳурмат Бобожон

Ëдгора Йўлдошева Озодлик учун суратга тушишни истамади. Бу сурат 2005 йили Қирғизистондаги қочқинлар лагерида олинган.

Ëдгора Йўлдошева Озодлик учун суратга тушишни истамади. Бу сурат 2005 йили Қирғизистондаги қочқинлар лагерида олинган.

Ўзбекистонда "Акрамийлар" диний оқими етакчиси сифатида 1999 йили қамоққа ташланган Акрам Йўлдошевнинг АҚШда қочқинликда яшаётган рафиқаси Ёдгора Йўлдошева озодлик билан суҳбатда ўзини шундай тасвирлайди.

Ёдгора Йўлдошева ҳукумат томонидан “Акрамийлар” диний оқими раҳбари ва шунингдек Андижон исёнига МХХ қамоғидан туриб фатво берган шахс сифатида кўриладиган Акром Йўлдошевнинг рафиқаси. Ҳозир у фарзандлари ва невараси билан АҚШнинг Айдаҳо штатида қўним топган.

Ёдгора опа 2005 йил 13 май кунги Андижондаги исён пайти ҳукумат ёғдирган ўқ ёмғиридан қочиб қўшни Қирғизистонга ўтган¸ сўнгра эса Руминия орқали АҚШга олиб ўтилган андижонлик қочқинларнинг бири.

Ўзбекистон ҳукумати унинг эри Акром Йўлдошевни 1999 йилги Тошкент портлашларига алоқадорлик айби билан 17 йилга озодликдан маҳрум этган ва уни қамоқхонадан туриб Андижондаги исёнга раҳбарлик қилганликда айблаган. Ёдгора Йўлдошева эрига қўйилган бу айбловларни рад этади.

Ëдгора Йўлдошеванинг қизи Розия ва невараси Исмоил.
Ëдгора опа: Айдаҳо штати Бойси шаҳрида яшаяпман ҳозирда. Олдимда туғишган катта опам¸ ўзимнинг боқиб олган қизим¸ десам ҳам бўлаверади¸ акамизнинг қизлари¸ энг яқин дўстимнинг қизи¸ ўзимнинг фарзандим ва неварам¸ бу ерга беш йил айрилиқдан кейин қўшилган қизим бор. Уни янги турмушга чиқардим. Энг кенжатой ўғлим¸ деб оиламизга қабул қилган янги келин-куëвлар ҳаммамиз бирга яшаяпмиз.

Озодлик: Сиз ҳукумат тарафидан "Акрамийлар" етакчиси деб кўриладиган ва экстремизмда айбланаëтган Акрам Йўлдошевнинг рафиқасисиз.

Ëдгора опа: Мен давлат томонидан айбланган ва қуруқ туҳматлар билан қамоқда ўтирган инсоннинг жуфти ҳалоли бўламан.

Озодлик: "Акрамийлар" деб айтилаëтган гуруҳ ҳақида нима дея оласиз?

Ëдгора опа: "Акрамийлар" деб айтилаëтган ҳаракатга¸ мен бу нарсанинг “акрамий” деб аталишига қаршиман. Чунки биз бу нарсани "акрамий" деб айтишга жуда ҳам¸ Худодан қўрқамиз. Чунки динга¸ Худога ишонган инсон ўзининг исмига чақиришлик кечирилмайдиган катта гуноҳлардан бири¸ яъни ширк ҳисобланади. "Акрамий" деган нарсанинг ўзи йўқ. Лекин мана Қуръонда “ҳар биттангиз бир арқонга боғланган инсонлар¸ биродардурсизлар” деяпти. Биз ҳақиқатан мўмин-мусулмон биродарлармиз¸ деб айтаман.

Ëдгора опа хонадонидаги қизлар.
Озодлик: "Акрамийлар" деб айтилмаса ҳам¸ шундай гуруҳ борми Андижонда?

Ëдгора опа: Йўқ¸ мен бунақа гуруҳ бор демайман. Ҳақиқатан хўжайинимнинг орқасидан жуда кўпчилик эргашган ва хўжайинимнинг ҳурмати¸ ўзи бошлаган ғояга йиғилган инсонлар бор. Буларни биз гуруҳ деб атамаймиз. Тадбиркорлик фаолияти билан иш бошлаган хўжайиним жамики дунëдаги инсонларга яхшилик улашувчи¸ яъни яхшиликни илинувчи сифатида ўз атрофида секин-секин одамлар тўпланишиб¸ бир инсоннинг бошлаган ғоясида шу инсонга қўшилиб туриб¸ ҳар қандай иллатлардан пок бўлиб тўғри яшашни¸ ҳалол ва пок нарсаларни ажрата билишликни¸ шундай фазилатли инсонларга айланиб қолишлиги билан бу нарса кенгая бошлаган. Энг асосий мақсадлари¸ ҳар қандай ҳолатда яхшиликка чақириш ва инсонларга яхшиликни илинишлик бўлган¸ холос.

Озодлик: Ëдгора опа¸ шу кунларда 500 дан зиëд андижонлик қочқинлар Австралия¸ Европа¸ Канада ва АҚШда яшаяпти. Мана шу жамоада сизнинг ўрнингиз қандай? Энди ҳар хил гап-сўзлар борда.

- Тўғри тушунаман. Ҳозир ўринли саволни бердингиз. Мана Қирғизистонда яшадик¸ Руминияда яшадик. Мана ҳозир АҚШда яшаяпмиз. Аëл киши¸ мен шу ерда хўжайинимнинг бир гапи билан нима қилмоқчиман. Чунки мен ўзимни шундай аëл деб қарайманки¸ хўжайиним турмада бўлса-да¸ хўжайиним яшаëтганда¸ оила қурганда аëли қандай бўлишлигини хоҳлаган инсон¸ яъни оилада яшаган пайтимизда хўжайиним нимани яхши кўрадию қандай аëл бўлсам¸ хўжайиним хотиржам бўлади¸ деган нарса мени бугунги кунгача¸ мен шу нарсани юрагимга қаттиқ шиор қилиб олганман¸ десам бўлади. Хўжайиним айтган “Мўмина аëл ҳар қандай саҳналарга чиқмайди”. Яъни ҳадисларда келтирилган. “Аëл кишидан бошлиқ бўлмайди” деган. Шунинг учун мен сиëсатга хўжайиним қамалганда ҳам аралашмаганман. Хўжайинини кутиб ўтиргувчи¸ хўжайинига садоқатда¸ хўжайинига вафода¸ қайсидир аëлга қанчадир неъмат берилган бўлса¸ мана шу неъматлардан баҳраманд бўлган аëл сифатида шу ерда кутувчи¸ кутганда ҳам бутун вужуди билан ëрини кутувчи аëлларнинг жумласига кираман¸ деб ўйлайман¸ дейди Ëдгора опа.

Ёдгора Йўлдошева турмуш ўртоғини охирги марта 2005 йил апрел ойида Сангородда кўрган. Аммо ҳозир унинг тақдири ҳақида ҳеч нарса билмайди. Ўтган йил август ойида Акром Йўлдошевнинг Ўзбекистондаги номаълум қамоқдан чиқарган хатини олганидан сўнг, Қизил хоч қўмитаси ёрдамида унинг қаердалигини аниқлашга киришган.

Ëдгора опа: Менинг хўжайиним охирги марта менга беш йил айрилиқда турган пайтимизда хўжайинимдан битта хат келди.

Озодлик: Қачон келди бу хат?

Ëдгора опа: Ҳозир битта жумласини ўқиб бериб¸ хат ҳақида алоҳида тўхталаман. Шу хатнинг охирида хўжайиним бугун бошидан бошланган ҳаëтимиз ва ҳозирги¸ бугунги турган ўрнимизга шундай бир баҳо бериб ўтиб кетибди.

“Аяси¸ эзгуликни ҳаëт йўли қилиб ўтган барча азиз инсонлар борки¸ мусофирлик машаққатини бошидан кечиргай. Оллоҳга омонат. Акрамжон. 06.06.2009 йил” деб қўлларини қўйиб қўйганлар.

2009 йил июн ойида ëзган экан. Менинг қўлимга август ойида келди. Рўзанинг биринчи куни мана шу хатни қўлимга олдим.

Акрам Йўлдошев номи билан ëзилган мактуб.
Озодлик: Қандай келди бу хат?

Ëдгора опа: Бизнинг келганимизга тўрт йил бўлиб¸ уйдан чиққанимизга беш йил бўлаëтган бўлса¸ биз келганимиздан бери хўжайинимни истаймиз.

Озодлик: Дастхатини танияпсизми?

Ëдгора опа: Ҳа¸ ўзининг қўли билан ëзган. Мана қўлингиз билан сиз ҳам ушлаб кўришингиз мумкин.

Озодлик: Ҳозир қаерда экан хўжайинингиз?

- Бизга мана шу хат келгандан кейин Қизил хоч ташкилоти билан яна алоқа қилишни бошладик. Шунда Қизил хоч ходимлари “Биз бу хатнинг келиб чиқишлигини киришиб кўрамиз. Кутасизлар” деди. Август ойида шу ҳаракатни бошлаган бўлсак¸ 2010 йил январ ойида бизга жавоб хати келди. “Хат орқали алоқага қилишликка ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Иккинчи хатинглар ҳам ҳаракатда. Системада давом этаяпти. Лекин ҳозир бу хатнинг қаерда эканлиги давлат томонидан сир сақланаëтган нарса. Ҳатто бизга ҳам айтилмайдиган нарса экан. Бизга контактга рухсат берди. Шуни биз катта ютуғимиз деб ўйлаб¸ ундан ортиғига киришишга бизнинг ҳаққимиз йўқ экан”¸ деб жавоб беришди¸ дейди Ëдгора опа.

Акром Йўлдошевнинг ўғли Абдулла ҳозир Бойси шаҳри университетида молия соҳаси бўйича ўқимоқда. Бир қарашда америкаликлардан фарқи қолмаган¸ сочларини ўстириб юрадиган Абдулла Ўзбекистон қамоқхонасида жазо ўтаётган отасини дунёдаги энг яхши одамларнинг бири деб ҳисоблашини айтади.

Абдулла Акрам Йўлдошевнинг ëлғиз ўғли.
- Дунëда икки яхши одам бўлса¸ биттаси дадам дейман. Ўқишда жуда кўп гуруҳларда ишлаймиз. Улар қийналиб муаммо қилаëтган нарсага жуда тез ечим топиб берсам¸ “Э сен жуда каллали экансан” деса¸ “Мен буни дадамдан мерос қилиб олганман. Дадам жуда каллали”¸ деб айтаман¸ дейди Абдулла.

Акром Йўлдошев Андижон шаҳрида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиб, кўпчиликни иш билан таъминлаш фаолиятига раҳбарлик қилган. Акром Йўлдошев қамалиши ортидан, унинг раҳбарлик фаолиятини Қобил Парпиев давом эттирган.

Ёдгора опанинг айтишича¸ унинг Акром Йўлдошев билан турмуш қуришига мактабда у билан бирга ўқиган Қобил Парпиев сабабчи бўлган экан. Ҳозир Қобил Парпиевнинг қизи Гулжаҳон Бойсида Ёдгора Йўлдошева хонадонида яшаб келмоқда. Ёдгора опа Гулжаҳонни ўз қизлари қаторида кўришини айтади.

Ëдгора опа: Шу қизни ҳеч қанақа минус томони ëки битта-яримта камчилиги менга кўринмайдики¸ шу қиз менинг дўстимнинг қизи. Вақти келса¸ иссиқ чойини пуфлаб ичирсаммикан деб қарайман. Мана шу қиз менинг дўстимнинг қизилиги учун ҳам¸ шу дўстим менинг шу инсонга турмушга чиқишлигимга сабабчи бўлган¸ яъни мени жаннатга етакловчи¸ икки дунë саодатида бахтли бўладиган инсонга турмушга чиққанлигимнинг сабабчиси деб қарайман.

Гулжаҳон суҳбат давомида нигоҳида ердан олмайди.
Озодлик: Исмингиз нима?

- Гулжаҳон.

Озодлик: Гулжаҳон.

Гулжаҳон: Парпиева Гулжаҳон.

Озодлик: Отангизни охирги марта қачон кўрган эдингиз?

Гулжаҳон: 13 май куни Бобур майдонида ўтирганимизда кўрганман. Узоқдан кўрганман.

Озодлик: Майдонга қачон кетган эди?

Гулжаҳон: Вақтини аниқ билмайман. Эсимда йўқ.

Озодлик: Кимларни кўрган эдингиз майдонда?

Гулжаҳон: Майдонда одамлар кўп бўлиб йиғилганини¸ кўпчилик чиқиб ўзининг муаммоларини айтишган¸ Каримов келади деб ҳамма кутган. Одам кўплигидан узоқ томон кўринмас эди. Солдатлар отаяпти¸ деб бақир-чақирларни эшитганмиз. Ўқ овозларини эшитганман.

Озодлик: Кейин сиз ҳамма қатори Қирғизистонга ўтдингиз. Ўшанда отангиз қаерда эди?

Гулжаҳон: Унда билмас эдик. Қирғизистондалигимда эшитмаганман.

Озодлик: Қобил Парпиев Ўзбекистонда қолиб кетганмиди?

Ëдгора Йўлдошева: Биз у митингга чиққан пайтимизда Қобил Парпиев ҳақида эшитмадик. То Руминияга чиққунимизча Қобил Парпиев ҳақида ҳеч қанақа маълумотимиз йўқ эди. Қирғизистонда пайтимизда биров келиб “Қобил Парпиев ўлибди” деди. Биз жуда ҳам қаттиқ ларзага тушдик. Руминияга ўтганимиздан кейин бир ой яшадикмикан¸ бир ойдан кейин “Қобил Парпиев тирик экан. Қирғизистонда экан” деган гапни эшитганмиз. Буни ҳозир Германияда хўжайинига қўшилган қизим орқали эшитганмиз. Мен жуда қаттиқ “Андижонга қайтиб кетинг қизим. Худо хоҳласа биз ҳам қайтамиз” десам¸ “Ойижоним¸ мен Андижонга қайтолмайман. Менга шунақа катта статя чиқариб қўйибди. Қобил Парпиев билан бирга деб” деган эди¸ “Вой тоғангиз тирикми” деб шу ерда эшитганмизда. “Тоғам тирик¸ тирик. Тоғамни Қирғизистонда деб эшитдим” деган. Шу маълумот билан яшадик. Қанчадир вақт ўтгандан кейин Қозоғистондан 50 тами¸ 60 тами бола билан бирга Қобил Парпиев ушланган деб эшитганмиз.

Икки йил аввал Ёдгора Йўлдошева ва АҚШда бошпана топган бошқа андижонлик қочқинлар журналистларга гапиришдан тийилиб, Ўзбекистонга қайтиш борасида Тошкент расмийлари билан сўзлашувлар олиб бораётгани ҳақда хабарлар пайдо бўлган эди. Ёдгора опа шундай ҳол бўлганини тасдиқлади.

- Биз шу кунгача бир масалани¸ аввал шу саволни тушунишлик учун ойдинлик киритмоқчиман. Руминияда яшаëтган пайтимизда бизга Ўзбекистондаги яқинлари билан алоқа қилишликлар секин-секин бошлана бошлади. То Руминияга чиққунимизча бунақа алоқалар йўқ эди. Секин алоқалар бошланди. Ким қаерда¸ ким нима¸ ким ўлган эшита бошлайсиз экан. Шунда яқинлари турмада бўлган¸ энди ҳаммамиз шунақа инсонлармиз Руминияда яшаëтган 500 та одам¸ шуларнинг ичида “Интервьюлар берманглар. Иложи бўлса¸ қайтсанглар¸ сизларга яхши ëрдамлар берилар экан. Сизларга ҳеч қанақа тазйиқ қилинмас экан. Мана шунга биз кафил бўламиз” деб турмадан чиққан¸ исмларини ҳозир билмайман¸ биттаси турмадан чиққан экан¸ биттасини қўйиб юборамиз деган экан. Шу инсонлар кафил бўлиб¸ бу инсонларнинг аëллари ҳам бор эди¸ шу лагерда аëллари¸ оиласи¸ қариндошлари бор эди¸ шунақа нарса билан бизга мурожаат қилишди. Яъни биз қулоқдан қулоққа эшитилиб¸ интервьюлар бермаймиз экан. Нима учун деса¸ Ўзбекистонга қарши.

Биз ўзи аслида Ўзбекистонга қарши интервьюлар бермас эдик ўша кунгача ҳам. Биз бўлган воқеани айтиб берардик. Бошимиздан ўтганини¸ мана хўжайинимнинг ноҳақдан қамалгани¸ уйда подстава билан олиб чиқиб кетилгани¸ мана шу кунгача туҳматдан ўтирганини айтиб келганмиз. Биз Ўзбекистонга қора чапламоқчи ҳам бўлмаганмиз. Бўлмаган нарсаларни¸ кўрмаган нарсаларимизни айтиш хаëлимизга ҳам келмаган. Лекин агар бизнинг интервьюлар бермаслигимизда ҳақиқатан яхшиликлар бўлса¸ айниқса қийинчиликда ўтирган¸ туҳматдан ўтирган инсонларга яхшилигимиз тегса¸ хўп бермайлик интервьюларни дедик. Ҳамма бирданига интервью бермай қўйди. Биз юртимизда қолган яқинларимиз¸ бола-чақаларимиз¸ ота-оналаримизни мусторлик ҳолатидан чиқсин яъни золимнинг зулмида турган барча-барча мўмин биродарларимизга енгиллик бўлсин деган нуқтаи назардан биз интервьюлар бермадик. Аксига олиб бу нарсалар яхшиликка эмас, мана бора-бора ëмонликка айлана бошланди¸ дейди Ëдгора опа.

Ёдгора Йўлдошева ва у билан бирга Бойсида яшаётган бошқа андижонликларнинг Ўзбекистонга қайтиш истаги бугун ҳам уларни тарк этмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG