Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

"Зеромакс" давлат назоратидаги Узхолдингга айланиши мумкин


Компаниянинг тугаëтгани ҳақида Зеромакс расмий сайтида ҳануз бир оғиз ҳам хабар йўқ.
Компаниянинг тугаëтгани ҳақида Зеромакс расмий сайтида ҳануз бир оғиз ҳам хабар йўқ.

Айни кунларда парча-парча қилиб¸ янги хўжаларини топаëтган "Зеромакс" ширкати раҳбарларига жиноий иш очилган¸ уларга қўйилаëтган айблар орасида давлатдан олинган миллиардлаб кредитни ўзлаштирганлик жинояти ҳам бор.

“Зеромакс” га алоқадор манба билан пайшанба куни кечқурун боғландик. Унинг айтишича, пайшанба куни Ўзбекистон Бош прокуратураси “Зеромакс” ширкати бош директорининг Халқаро алоқалар бўйича ўринбосари Ғулом Имомназаровни ҳибсга олиш тўғрисида санкция берган.

Бош ижрочи директор Миродил Жалолов эса, очиқда қолаётган бўлса-да, ҳар куни сўроққа чақирилмоқда, деди суҳбатдошимиз.

Mиродил Жалолов
Унинг айтишича, президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган “Зеромакс” мамлакат банкларидан катта миқдорда кредит олган. Ширкатнинг бир неча миллиардларга етувчи бу кредитларни қайтариши масаласи мавҳум бўлиб қолмоқда ва Жалолов билан “Зеромакс” муаммоларининг асосий сабабларидан бири айнан шудир, дея маълум қилди шахси сир қолишини истаган манба.

Маълум бўлишича, Жалолов Ўзбекистон расмийлари билан “Зеромакс” ширкатининг собиқ ходимлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Жалоловнинг Ўзбекистон ҳудудидаги мулкининг катта қисми ҳибсга олинган.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати “Зеромакс” ширкати фаолиятини қайтадан йўлга қўйиш имконларини кўриб чиқмоқда. Ширкат раҳбарлигига асосий номзод сифатида ҳозирда МТС мобил алоқаси ширкатининг бош директори¸ Гулнора Каримованинг курсдоши Беҳзод Аҳмедов кўрилмоқда, дейди яна суҳбатдошимиз.

Бу гапларни “Зеромакс”нинг қурилиш лойиҳаларида ишлаган ва исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган тошкентлик суҳбатдошимиз ҳам тасдиқлади.

Озодлик: Нима гаплар¸ нима янгиликлар?

- Ишсиз қолдик ака.

Озодлик: Ишсиз қолдингларми?

- Ҳа¸ ишсиз қолдик.

Озодлик: Нима бўлди?

- Мана ҳозир энг кейинги маълумот бўйича кеча эшитдик. "Зеромакс"нинг 33 шўъба корхонаси тоғ¸ металлургия¸ пахта ҳаммаси давлатга ўтиб¸ Узхолдинг бўладиган бўлибди.

Озодлик: "Зеромакс" деган ном қолмайдиган бўлибдими?

- Йўқ.

Озодлик: МТС нинг директори Беҳзод Аҳмедов деган бола бошлиқ бўлиб келар экан¸ деган хабар чиқди.

- Икки кун олдин мана шу гапни эшитдим лекин. Кейинги ҳафтанинг бошидан уже янги хўжайин келади деб айтишди. Ўшанда бир нарсалар билмасак¸ умуман мавҳумлигича қолиб кетаяпти. Келганда кўрамизда ака¸ дейди исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган тошкентлик суҳбатдошимиз.

“Зеромакс” ширкати фаолиятининг кўлами қанчалик бўлганини у олиб борган қурилиш лойиҳаларидан бири – Бунёдкор спорт комплекси мисолида ҳам кўриш мумкин, деб давом этади тошкентлик суҳбатдошимиз.

- Кеча кечқурунги маълумотларга биноан стадионни давлатнинг 12-қурилиш трестига юклашмоқчи бўлишган. Лекин 12-трест бу стадионнинг ҳисоб-китобини қараса¸ кеча сметасини кўришибди¸ монтажига ҳам пул етмас экан.

Озодлик: Шунчалик катта қурилиш бўлаëтган эдими?

- Катта қурилиш. Олтита қўшимча поля¸ 45 мингта одамга мўлжалланган стадион¸ ундан ташқари 9 қаватли меҳмонхона¸ комплекснинг ўзида яна спорт школа¸ дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Сўзида давом этаркан бу суҳбатдошимиз, муаммолар бошланганидан бери, Жалолов жуда тушкун аҳволда юрибди, дейди.

- Охирги пайтларда шунақа бўлдики¸ ўша терговга қатнаб юрган пайтларида кун бўйи юрган одам кечаси билан юриб чиқарди. Бир куни келди худди жаҳли чиққан одамга ўхшаб¸ уйқусини йўқотган одамга ўхшаб у ëқдан бу ëққа юриб юрган эди охирги пайт.

Озодлик: Қачон эди бу?

- Мартнинг охирлари¸ апрелнинг бошида шунақа бўлган эди.

Озодлик: Тушкунликка тушган ҳолатда юрган эди-а?

- Ҳа¸ шунақа ҳолатда юрган эдилар, дейди “Зеромакс” қурилиш объектларида ишлаган ўзбекистонликлардан бири.

Айни пайтда, пайшанба куни “Зеромакс”нинг ёпилаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач¸ Миродил Жалолов бошқарув кенгашига кирадиган Британиянинг Oxus Gold ширкати Ўзбекистондаги Амантайтау конларидан олтин рудасини қазиб олиш бўйича лойиҳани бошлаганини эълон қилди. “Беш йилга мўлжалланган лойиҳанинг умумий миқдори 22 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, жорий йилда бу маблағнинг икки ярим миллиони сарфланади”, дейилади Oxus Gold тарқатган хабарномада.

Oxus Gold бошқарув кенгаши аъзосининг Ўзбекистонда муаммоларга дуч келаётгани бу лойиҳаларга таъсир қилмайдими, деган савол билан ширкати матбуот вакили Эд Портерга мурожаат қилдик.

- Таъсир қилиши мумкин, лекин ҳозирча бу ҳақдаги гаплар миш-мишлар даражасидадир. Бу миш-мишлар тасдиқлангани ҳақида эшитганим йўқ ва “Зеромакс” ширкати ҳозирча ўз фаолиятини давом эттираётганига ишончим комил, дея жавоб қайтарди Oxus Gold матбуот вакили.

“Зеромакс” ширкатининг ёпилиши оқибатида минглаб одамлар ишсиз қолди, дейди Озодликнинг Ўзбекистондаги манбаси. Жалолов ўз қўлида ишлаганлар дахлсизлигини таъминлашга ҳаракат қилаётган бўлса-да, ширкат ишлари қайта йўлга қўйилгач уларнинг тақдири нима бўлиши номаълум, дейди суҳбатдошимиз.

Бундан ташқари, “Зеромакс” амалга оширга фирибгарликлар унинг ўринга ташкил қилинадиган ширкат томонидан ҳам қайтарилмаслигини ҳеч ким кафолатлай олмайди, чунки Ўзбекистонда, айниқса, ҳокимият доираларига алоқадор бўлган бизнес қоидалари буни тақазо қилади, дейди “Зеромакс”га яқин бўлган манба.

Ўзбекистон банкларидан бирининг собиқ ходими Умиджон бу фикрларга қўшилади.

- "Зеромакс" компанияси ëпилса¸ унинг номига бошқа компания бошқа ном билан юзага чиқади. Улар қурган ëқилғи шаҳобчалари¸ улар қурган бинолар¸ улар амалга оширган ишлар ҳеч қачон тўхтамайди. Улар давом этаверади. Фақат бошқа одам¸ бошқа фирма номидан давом этади. Худди ўша фаолиятни бошқа фирма амалга оширади. "Зеромакс" ëпилиб¸ унинг ëрнига бошқа "макс" очилиши мумкин. Ўзига тегишли ҳамма нарсани олиб чиқиб кетади. Олиб чиқиб кетишнинг битта йўли айтилгандий "Зеромакс"дай компания очиб¸ катта пул айланмалари бўладиган компаниялар орқали олиб чиқиб кетади. Ўзбекистонда ҳали улар олиб чиқиб кетиши мумкин бўлган кўп нарсалар бор. Улар олиб чиқиб кета олмаган кўп нарсалар ҳали бор деб ўйлайман¸ дейди Ўзбекистон банкларидан бирининг собиқ ходими Умиджон.
XS
SM
MD
LG